Видеоселектор йиғилишида кўрсатилган тезкор амалий ёрдам сабабли бозорларда гўшт, сут, картошка, тухум, гуруч нархлари барқарорлиги сақланиб турганлиги алоҳида қайд этилди.
–Демак, ҳаракат қилсак, албатта, натижа бўлади,– деди Президент.
Давлат раҳбари Республика штабига қуйидагиларни топширди:
- зарур озиқ-овқат маҳсулотлари импорти учун аввал берилган 500 миллиард сўм имтиёзли ресурсларнинг қайтариш муддати йил якунига қадар узайтирилсин;
- бир ҳафта муддатда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи барча тадбиркорлар билан учрашиб, уларнинг юзага келган муаммоларини кундалик ҳал этиш тизими жорий этилсин;
- биржа савдоларида озиқ-овқат ва хомашёнинг тўлиқ қўйилиши устидан кунлик назорат ўрнатсин ва сунъий равишда нарх ошишининг олдини олиш бўйича тезкор чораларни кўриб борсин;
- уч кун муддатда шакар, ун, ёғ, гўшт, чой, болалар овқатлари, сут маҳсулотлари каби озиқ-овқат маҳсулотлари импортига акциз солиғи ва божхона божларини қайта кўриб чиқиш бўйича асосланган таклиф киритсин.
–Биронта ҳоким ва тармоқ раҳбарининг иш ўринларини камайтиришга, бандлик режаларини бажармасликка ҳаққи йўқ. Агар қайси ҳоким бу ишларни қилмаса, унга нисбатан қатъий чоралар кўрилади, – дея огоҳлантирди Президент.
Ташқи хавф-хатарларни юмшатиш мақсадида тадбиркорларни қўшимча қўллаб-қувватлаш чоралари белгилаб олинди.
Жумладан:
- банклар томонидан тадбиркорларга хомашё сотиб олиш ва айланма маблағлар учун қўшимча 10 триллион сўм “револьвер” кредитлар ажратилади. Ушбу маблағлар биринчи галда экспортчилар, озиқ-овқат ва истеъмол товарлари ишлаб чиқарувчиларга ажратилади;
- давлат дастурлари доирасида мева-сабзавот етиштиришга, оилавий тадбиркорлик, ипотека ва таълимга ажратиладиган кредитлар ҳажми ва имтиёзли ставкалари сақлаб қолинади.
–Қанчалик оғир бўлмасин, ажратиладиган маблағларни камайтирмаймиз ва юкини оширмаймиз, – деди Президент.
Шунингдек:
- солиқ маъмурчилиги доирасида омбордаги товарларнинг ҳисобини ва кодларини мажбурий юритиш, мулклар ҳамда ижара шартномаларини электрон рўйхатдан ўтказиш каби янги механизмлар бўйича жарима ва бошқа таъсир чоралари йил якунига қадар қўлланилмайди;
- ўз эҳтиёжлари учун олиб келинган хомашё, асбоб-ускуна, эҳтиёт қисмларга божхона имтиёзларини қўллаш даври ҳозирги 6 ойдан 1 йилгача узайтирилади;
- йил якунига қадар Россия, Украина ва Беларусь билан ишлаётган корхоналарга дебитор қарздорлиги учун жарима қўлланилмайди;
- ушбу мамлакатлар билан ишлаётган экспортчиларнинг банк кредитлари бўйича қарздорлиги узайтирилади, пеня ва жарималар ундирилмайди.