Биз кимнинг авлодимиз? “Инсониятнинг қисқача тарихи” асарига тақриз

Биз кимнинг авлодимиз? “Инсониятнинг қисқача тарихи” асарига тақриз

Тарих бу ўтмиш воқеаларининг кетма-кетлиги ҳамда уларнинг ўзаро боғлиқлигини, ривожланиш қонуниятларини ўрганувчи фандир. Ривожланган давлатлар дарсликларида бу боғлиқликлар ўқувчиларга ўтилади. Аммо бизнинг тарих китобимиз қуйидагича (кўпчиликка тушунарли бўлиши учун, асосан “Ўзбекистон тарихи”ни назарда тутяпман) эрамиздан аввал: Тўмарис, Широқ, юнонлар истилоси, Спитамен; эрамиздан кейин: турк ҳоқонлиги, араблар келиши, Беруний, Ибн Сино каби олимлар, сўнг мўғуллар босқини, Амир Темур давлати, кейин Темурийлар ва Шайбонийлар зиддияти, хонликлар, шу билан руслар истилосига ўтиб кетамиз. Бу воқеалар ва шахслар фаолиятининг бугунги кунимизга таъсири ҳақида нечтамиз биламиз? Масалан, мен деярли билмайман, аммо билгим келади. Аниқроғи, биз тарихни воқеалар ва саналар шаклида биламиз, уларнинг ривожланиш қонунияти, ўзаро боғлиқлиги ва бугунимизга таъсирини билмаймиз ва билишга уринмаймиз. Келинг, саволлар қўяйлик: бармоқларимиз сони саккизта бўлганда бугун саккизлик саноқ тизимини қўллаётган бўлармидик? Туркистон Мухторияти сақланиб қолганда бугун қандай давлатда яшаётган бўлардик? Шайбонийзодалар шиалар билан урушмаганда бугун эътиқодда шиа бўлармидик? Чор Россияси ва советлар ўлкамизни пахтага эмас заъфарон етиштиришга йўналтирганда саноат ва инфраструктурамиз қандай ҳолатда бўларди? Шунга ўхшаш саволлар. Фактларни тўплаш, уларни тизимлаштириш ва сабаб-оқибат тарозисида ўлчаш ҳамда қонуниятларини аниқлаш бу фаннинг хусусиятидир.

Юқорида келтирганларим “Инсониятнинг қисқача тарихи” китобининг аҳамиятини таништириш учун киришсўз эди. Аввалдан айтиб қўяй: бу китобни ҳали тўлиқ ўқиб чиқмаганман. Русча таништирув версиясини юклаб олиб, ўқиганимга 1 йилча бўлди.

Китоб инсон авлодининг пайдо бўлиши, жамоаларга тўпланиб яшай бошлаши, ўзаро муносабатлар, когнитив инқилоб (яъни инсон билимининг ошиб маълум босқичга етиши ва бунинг воситасида жамиятни ўзгартириши), аграр инқилоб (одамзот экин етиштиришни ўрганиб ўзини таъминлай олгани), ўзаро хабарлашув имконияти туфайли бирлашиб яшашга интилиши, илмий инқилоб, капитализм ва бошқа масалаларга тўхталади. Ва бу жараёндаги бирламчи сабабларни шарҳлашга уринади. Ҳарарининг уқтиришича, инсон жамики мавжудотлар ҳукмдорига айланишига унинг ўзаро ахборот алмаша олиш ва бирлаша олиш қобилияти сабаб бўлди (шу қобилият бошқа мавжудотда бўлганда ҳозир ер юзининг ҳукмдори у бўларди). Ҳарари дейдики, инсонлар бирлашган барча ижтимоий тузилмалар хоҳ компания, хоҳ давлат, хоҳ дин, хоҳ сиёсий партия – барчаси хаёлот маҳсулига (русчада “миф” ва “вымысел”, яъни “тўқима”, “уйдирма”, “эртак” маъносида таржима қилинган. Мен айни сўзни “хаёлот маҳсули” деб олдим, чунки бу ерда айнан миф-эртак сўзи тушмайди, маъно кўпроқ “ғоя”, “ақида” сўзига тортади, назаримда. Шундай бўлса-да, динни хаёлот маҳсули деб аташ исломий ақидамизга зидлигини эслатиб ўтаман, эътибор бериш керак нуқталаридан бири шудир) ишониш оқибатида юзага келади.

Китоб гарчи илмий бўлса-да, содда услубда ёзилган. Ҳатто, рус ёки инглиз тилини янги ўрганган ўқувчи ҳам қийналмасдан тушунади. Муаллиф муайян воқеликни равшанроқ тушунтириш учун бадиийликка яқин тасвирлардан фойдаланади, сарлавҳаларни қизиқарли танлайди: “Одам ва Ҳавонинг бир куни”, “Пежо афсонаси, “Руҳлар билан мулоқот”, “Урушми тинчлик?” ва ҳоказо.

Марксизмдан маълумки, Карл Маркс кишилик жамиятини бешта ижтимоий-иқтисодий формацияга бўлади. Бундай таснифга у иқтисодчи сифатида ишлаб чиқариш воситаларига эгалик нуқтаи назаридан ёндашади. Ҳарари “ақл-идрокли одам” (Хомо Сапиенс) тарихини тўрт даврга бўлади: когнитив инқилоб (тахминан эрамиздан аввалги 70-12 минг йиллар оралиғи, бу даврда одамзод тасаввури ривожланиб ақлини таниган), қишлоқ хўжалиги инқилоби (тахминан эр.ав 12 асрдан то эрамизгача, бу даврда қишлоқ хўжалиги ривожланди), инсониятнинг сиёсий ташкилот ва империяларга бирлашуви (тахминан эрамиздан то 1500 йилларгача) ва илмий инқилоб даври (1500 йилдан ҳозиргача илм-фан тараққий топиш даври). Ҳарари инсоният тарихини бўлакларга ажратишда иқтисод эмас, табиий фанлар, хусусан, биология нуқтаи назаридан ёндашади, яъни одамни бир биологик тур деб қарайди.

Ҳарари ўзаро бир-бирини таниб муносабат ўрнатиб гуруҳга уюша оладиган одамлар сони узоғи билан 150 нафарга яқин дейди. Гуруҳда одамлар сони 150 нафардан ортса, бошқариш мураккаблашади, етакчи уларни адаштира бошлайди. Хўш, шундай экан, одамлар минг, млн кишилик бирлашмаларга қандай уюшади? Чунки уларни ўзаро бир “хаёлот маҳсули”га ишонч бирлаштиради, дейди у. Бир-бирини мутлақо танимайдиган икки серб ўзаро гаплашиб кетиши мумкин, чунки улар серб халқи, серб мамлакати ва байроғи борлигига шубҳа қилмайди. Гуглнинг икки ходими таниш бўлмаса-да, биргаликда самарали ишлайди, чунки улар Гугл номли компания борлигига, унинг акциялари ва пуллари мавжудлигига ишонади. Кўриб турганингиздек, барчасини одамзот ўйлаб топган хаёлот маҳсулига ишонч бирлаштиради.

Китобда назарияларга кўп эрк берилгани учун ишончсиз туюлувчи жойлари ҳам учрайди. Муаллиф баъзан ўзидан аввалги олимларнинг фикрларига “барчаси эртак” деб беписанд ёндашади. Айниқса, инсоннинг одамсимон маймундан келиб чиқиши даъвоси инсоният Одам Атодан тарқаган деб ишонувчиларга ёқмаслиги табиий. Аммо мусулмон олимлар орасида Одам Ато биринчи жисмоний одам эмас, ундан аввал ҳам одамлар бўлганлиги, Одам Ато эса биринчи пайғамбар ва Яратганнинг элчиси сифатида танланганлигини айтувчилар ҳам борлигини (Россия Ислом қўмитаси раиси Ҳайдар Жамолнинг фикрини кўринг) унутмаслигимиз керак. Бу ҳақда турк тафсирчи олими Меҳмет Окуяннинг ҳам қизиқарли фикрлари бор.

Энди биз мусулмонларнинг бу китобга муносабатимизга оид икки оғиз гап.

Аввало бу китоб айрим биродарларимиз огоҳлантирганидек, баччабозлик ва даҳрийликни тарғиб қилиш учун ёзилмаган. Асосий мазмунини юқорида ёздим. Ўқувчи китобдан қидирганини топади, бир китоб билан ақидамиз бузилиб кетса, демак бу мустаҳкам ақида эмас экан, биз ақидамизни янаям мустаҳкамлашимиз, йўлдан адаштирмаслигини Ўзидан сўрашимиз лозим. Шунда ҳам кимдир тақво учун ўқимасликни истаса, бу унинг хоҳишидир. Билимсизлик кулфат келтирмайди, аммо ютқазиб қўйиш ёмон, дейдилар. Модомики, шундай экан, мен бундай асарларни атоқли ёзувчимиз Ўткир Ҳошимов айтганидек мағзини еб пўчоғини ташлаб юбориш керак бўлган китоблар қаторида кўраман. Илм-фан сезгиларга асосланади, турли назария, фаразларни илгари суриши мумкин ва мутлақ ҳақиқатга даъво қилмайди, шу билан бирга тинимсиз ўзгаришда, янгиланишда бўлади.

Аммо биз мусулмон олами илм-фанда, айниқса табиий фанларни ўзлаштиришда бениҳоя ачинарли аҳволга тушиб қолганлигимизни эътироф этмасак бўлмайди. Табиат ва жамият қонунларини англашга уринмаймиз, келажакни прогнозлай олмаймиз. Шу сабабли ҳам дунё бўйича кашфиётларнинг 1 фоизи ҳам мусулмонлар ҳиссасига тўғри келмайди, бошимиз ўзаро низодан чиқмайди, ривожланган номусулмон давлатлар бизни осонгина бошқаришади ва керак бўлса қурбон қилишади. Аббосийлар давридаги мусулмон олимлари “ақидамизга путур етмасин”, дея Ҳарарининг китобидан парҳез қилишимизни кўрганда балки куларди. Чунки улар илм-фанга оид ҳар қандай китобни ўрганган ва “Зевс ҳаққи” деб бошланувчи юнон олимлари асарларини ҳам арабчага таржима қилишдан бош тортмаганди. Дунё олимлари бугун Америка, Европа, Японияга интилганидек ўша даврда Қоҳира, Бағдод, Хоразм, Дамашқ каби шаҳарларга интиларди. Шубҳа йўқки, биз табиий фанларни ўрганмасдан катта хато қилдик ва жабрини тортмоқдамиз. Мусулмонлар ҳақида ҳозир ғайридинлар уларнинг ўзларидан кўпроқ билади ва шу туфайли ҳам устундир. Мусулмонлар ғоявий мухолифларини ўрганишлари, уларнинг ёндашуви, илми, ғоялари, давлат бошқаруви билан танишишлари керак. Ақидамизга путур етмасин, деб ўзини четга тортмаслиги зарурдир. Исломий ақида керак, аммо бугун биргина ақиданинг ўзи тараққий этиш учун етарли эмас. Ақидамиз қачонки қалбимизга жойлашиб, эътиқодга айлангандагина фойдалидир. Мен табиий ва ижтимоий фанларни мусулмонлар худди диний илмларни ўргангандек ҳарислик билан ўрганишини орзу қиламан. Кичик бир мисол: ижтимоий тармоқда даҳрий ва мусулмон тортишганда мусулмонга кўпинча раҳмим келади. Даҳрийлар уни шундай калака қиладики, ҳатто устидан кулишаётганини ўзи сезмайди. Гоҳ зўр бериб ўзини оқлашга тушади, гоҳ ҳақоратга ўтади – асли бу иккаласи ҳам ютқизиқдир. Бу худди “катта дунё”нинг “кичик дунё”даги аксига ўхшайди. Биз мусулмонлар кўпмиз, аммо аксариятимиз ижтимоий ва табиий фанларни билмаймиз. Буларнинг барчасини ёзишимга сабаб номусулмонлар ёзган китоблардан хавфсирашнинг хатолигини айтишдир.

Ювал Ҳарарининг “Инсониятнинг қисқача тарихи” китобини ўтган йили вазирликдаги бир ёш ташаббускор йигит таржима қилиб нашр эттирмоқчи бўлганди, аммо имкони ва ресурси бўлатуриб, нега тўхтаганини билмайман. Шунга қарамасдан бу бестселлер асарнинг таржимасига Нурбек Алимов киришибди. Бошини ўқиб кўрдим, таржима назаримда ёмон эмас. Қизиқувчилар учун фойдали китоб бўлади, деб ўйлайман.

(расм Pikabu.ru сайтидан олинди)


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.