Маънавият мавҳум тушунчами?

Маънавият мавҳум тушунчами?

Сўнгги ҳафта ўзбек интернет сегментида «Маънавият» сўзи жуда урф бўлди. Маънавият ва «Маънавият» истовчилари ҳамда истамовчилари икки тараф бўлиб, мақола, муносабатлар билдирдилар. «Маънавият» ва унинг оқибатлари ҳақида ўз шахсий фикрини билдирган Никита Макаренкога «лофчи"дан тортиб «халқ душмани"гача турли айбловлар «ёпиштирилди».

Отахон нашримиз ЎзА катта қовун туширди. «Ҳурматли Никита Макаренко, сиз бир марта бўлса-да, Тошкентдаги дам олиш хиёбонларига борганмисиз ўзи? Умуман, тунги Тошкентни кўрганмисиз?» дея журналистни сўроққа тутаркан, Никитанинг кечки пойтахтни сайр қилаётган расмини «билмасдан» бериб юборди.

«Маънавият"га нисбатан антипатия миллий нашрларимиз ва журналистларни бу қадар уйғотиб юборишини билмаган эканман. «Маънавият» Тошкентни барбод қиладими"га турли муносабатлар билдирилди. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутати «Сиз ҳам қайсидир давлатга борсангиз, тунги ўндан кейин кўчада юрмайсиз» деган важ ила Тошкентнинг тунги манзараларини меҳмонхона деразасидан томоша қилишни таклиф этди. Фарғоналик мухбир шаҳардаги азим чинорларнинг кунпаякун қилинишидан ҳам фазилат қидириб «илгари тор йўлакларда чинор барги хазонларини кўришга кўникиб кетган кўзлар бугун яратувчиликнинг ёруғ изларидан яйрамоқда» дея Фарғонанинг тунги манзарасини томоша қилишга чақирди.

Баъзи муносабатларда мақола қолиб муаллифнинг шахсига эътибор қаратилди. Миллатчи комментлар ҳам бўлди. ЎзА ва Қалампир.уз‘да Макаренко постига қарши эълон қилинган муносабатлар (мақола деб бўлмайди) ҳам бир ёқламали, нопрофессионал, қуруқ туйғу билан ифодаланган.

«Маънавият» (معنوىات) сўзи араб тилидан олинган бўлиб, одоб-ахлоқ мажмуи деган маънони билдиради. Мустақилликкача бўлган ўзбекча луғатларда бу сўз йўқ. «Маънавий» сўзи ишлатилган, лекин от сифатида «маънавият» сўзи 1981 йили чиққан «Ўзбек тилининг изоҳли луғати"да ҳам мавжуд эмас. 2006 йили чиққан янги «Ўзбек тилининг изоҳли луғати"да «маънавий» сўзи изоҳида «маъновий, ақлий, ахлоқий, МАВҲУМ» таърифи ҳам келтирилган.

«Маънавият» сўзига катта эҳтиёж Мустақилликдан сўнг сезилди. Ғоявий жиҳатдан ҳам ночор бўлган халқнинг эҳтиёжини қондириш жуда зарур эди. Маънавият бу борада жуда яхши маънавий озуқа эди. Ўз тарихи, илм-фани, қадриятларига ташна халқ учун Маънавият ғоясининг сингдирилиши унинг уйғонишида яхши натижаларга олиб келган.

Маънавият — олий ахлоқий тушунчалар мажмуи. Лекин ҳар қандай вазиятда, ҳар қайси ҳолатда ҳам маънавиятни устун қўйиш, маънавиятсизликни сабаб қилиб кўрсатиш ярамайди. Ҳар куни асал еяверсангиз, бир ҳафтадан сўнг меъдангизга тегади. Масалан, боланинг хато (жиноят) қилишига ҳар доим ҳам унинг ва оиласининг маънавиятсизлиги сабаб бўлавермайди. Маънавият учун аввал шароит яратилади. Сўнг талаб қилинади.

Никита фикрлаш ва сўз эркинлиги конституцион ҳуқуқидан фойдаланиб, сўзини айтди. Мен Никитанинг «Маънавият, бу — ёлғон концепция, адашиш» деган фикрига асло қўшилолмайман. «Юртимизда иқтисодиётни сиёсатдан устун қўйишди. Иқтисодиётни маънавиятдан устун қўйиш вақти ҳам келди. Нима тақиқланмаган бўлса, барчасига рухсат беринг» деган фикри эса ёқди. «Маънавият"ни сабаб қилиб инсон ҳуқуқларининг чекланишига қаршиман.

2017 йилнинг 1 январь тунида Истанбулдаги Reina тунги клубида ўзбек миллатига мансуб жиноятчи 39 кишини ҳалок қилиб, 40 нафардан ортиқ кишини яралади. Воқеа бутун дунёда шов-шув бўлди. Лекин шу сабаб билан Туркияда тунги клублар ёпилгани йўқ (ёки уларга тунда ишлаш учун алоҳида лицензия олиш таклифи берилгани йўқ).

Туркия худди биз каби дунёвий давлат. Истанбулда тунги клублар билан бирга диний мадрасалар ҳам бемалол фаолият юритяпти. Тунги клубга борадиганлар намойишга чиқиб, масжидлар, мадрасалар ёпилсин демаяпти. Ёки диндорлар чиқиб, «тунги клублар болаларимизни ўзига чорлаб, уларни бузиб юбормоқда. Мана, 39 ватандошимиз ўлиб кетди, зудлик билан тунги клублар ёпилсин!» дея намойиш қилишмаяпти.

Агар оилавий маънавият, тарбия яхши шаклланган бўлса, ота-она ўзи ҳам бунга амал қилса, бола ҳеч қачон ота-онаси ёмон деб ўйлаган йўлга юрмайди. Мен бирон марта тунги клуб, дискотекага бормаганман. Ота-онам, устозларим берган тарбия орқали у ерга боришга эҳтиёжим йўқ. Иншааллоҳ, болаларимдан ҳам кўнглим тўқ, хавотирим йўқ.

Вояга етмаган фарзандимнинг расмий мактабда, устозда Қуръон таълими олишига эҳтиёжим бор. Қизим эртага мактабга борса, ўзи хоҳлагандек кийинишини истайман. Бу менинг ҳуқуқим.

Асоссиз тақиқларни ёмон кўраман. Тақиқларга кўникиб қолган жамият эртага кундалик ҳақ-ҳуқуқлари ман қилинса ҳам бефарқ қараб тураверади.

Маънавият — яхши тушунча. Лекин унинг тарғиботчилари маънавий етук бўлмаса, ҳаётда, амалда тескари ҳаракат қилса — ундан ортиқ ёмонлик йўқ. Асалнинг ширинлигини доим таъкидлаш шарт эмас. Зеро, уни ҳамма билади. Томоқни захаламайдиган қилиб, вақтида, керак пайтида етказилса, бас.