Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Блогер мулоҳазаси: Янги Зеландия воқеасидан кейин нима ўзгаради?
18.03.2019 06:40,  
32

Маълумки, 2001 йил 11 сентябрда АҚШда юз берган мудҳиш терактлардан сўнг дунё манзараси тубдан ўзгарди – “Ислом терроризми” деб умумий ном берилган душманга дунё бўйлаб кенг миқёсли уруш очилди. Эътибор марказида террористик хуружларга ихтисослашган Ал-Қоида ташкилоти турди.

Аслида келиб чиқиши ХХ аср охирига – АҚШ ва собиқ Совет Иттифоқининг қарама-қаршилигига бориб тақаладиган, мазкур зиддиятда қурол вазифасини ўташи лозим бўлган, Афғонистон ва Покистон ҳудудларида вужудга келтирилган “ислом терроризми” XXI асрнинг бошига келиб нафақат жами мусулмонлар сиймосига тамға бўлиб босилди, балки “террор” тушунчаси Ислом динига нисбат берила бошланди.

11 сентябр воқеасидан кейин “террор” сўзи “ислом” сўзи билан узил-кесил боғлангани боис курраи заминнинг ҳар бир нуқтасида “мусулмонман” дейдиган кишилар ўзларини энди бир даража ёмонроқ ҳис эта бошладилар – кўплаб давлатларнинг махсус хизматлари мусулмонларни алоҳида назорат остига олиш бўйича қўшимча ваколатлар олдилар, ОАВ сарлавҳаларидан эса “ислом террори” сўз бирикмаси ва соқолли террористларнинг юзлари аримай қолди. Ислом динига мансубликни билдирувчи ташқи белгилар (рамзлар)га нисбатан ғайри мусулмонлар онгида салбий муносабат шаклланди, омма онгида “мусулмон” тимсоли бирмунча қора рангга бўялди.     

2013 йилга келиб, Ироқ ва Сурия ҳудудида юзага келтирилган барқарорсизлик муҳитида ИШИД ташкилоти ҳам вужудга келди ва “оловга яна керосин қуйди”. Бу ташкилотнинг вужудга келиши тарихи ҳамон кўплаб саволлар остида бўлиб, дунё коалицияси кучларининг нақд “тумшуғи тагида” бу каби гуруҳ пайдо бўлиб қолгани, оддий қурол-яроқ билан қуролланган тўда узоқ муддат давомида “муваффақиятли” фаолият юритгани бир уюм саволларни пайдо қилди.

Одамларнинг психикасига жиддий таъсир этувчи, ИШИД фаолияти билан боғлиқ мудҳиш видеокадрлар бутун дунёга ёйилди. Натижада дунё бўйлаб мусулмонларни таъқиб қилиш ҳолатлари, уларга ола қараш, нафрат кўзи билан қараш ҳолатлари кўпайди. Баъзи давлатлар ҳатто миллион нафар мусулмон учун алоҳида, “қайта тарбиялаш” лагерлари барпо қилгани ҳақида маълумотлар тарқалди.

ИШИДнинг айнан шу вақт, шу маконда вужудга келгани, бир неча йил “фаолият” юритгани ва бу вақт мобайнида унинг мудҳиш ишлари акс этган суратлар дунёга тарқалиб турилгани жами мусулмонларга қарши қаратилган тадбир эканлиги ҳақида фикрлар янгради.    

Тунов куни Янги Зеландияда содир этилган террористик хуружга Ислом динига эътиқод қилувчиларнинг тимсолини қора рангга бўяш тадбирларидан ҳосил бўлган муҳитнинг натижаси деб қарашга асослар етарли. Яқин Шарқда бўлиб ўтган ҳарбий тўқнашувлар ва уларнинг тадрижий давоми бўлмиш гуманитар инқироз сабабидан катта сонли ўтроқ халқнинг ўз юртини ташлаб қочгани, қочқинларларнинг катта қисми ғайримусулмон юртларга қочиб ўтгани, бу эса, ўз навбатида, маҳаллий аҳолининг одатий ҳаёт тарзига таъсир келтиргани юзага келган ҳолатни тушунтириб берувчи қўшимча фактордир.

Янги Зеландия воқеасидан кейин нима ўзгаради? Энди, террор “исломий” эмас, аксинча, мусулмонларга қаратилган чоғда террорга бўлган муносабат ўзгаришидан умид борми? Ҳукмрон тоифалар миқёсида, афсуски, бундан умид йўқ. Зеро умумий манзара мусулмонларни ёмонотлиқ қилиб келаётганлар учун қониқарли бўлиб, муносабат ўзгариши уларнинг манфаатига кирмайди. 

Аммо ўзгариши мумкин бўлган бошқа жиҳатлар бор. Бу – дунё бўйлаб оддий одамлар, воқеликка холис баҳо беришни истайдиган кишиларнинг дунёдаги мавжуд ҳолатга, хусусан, мусулмонларга нисбатан янгича назар ташлашлари, Ислом таълимотига бўлган қизиқишлари ортиши.

Яъники, нурни ўчириш истагида қилинган ҳаракатлар охир-оқибат бу нурнинг ёйилишига сабаб бўлади. Зеро “исломий террор” деган сунъий, дунё ҳамжамиятининг онгига сингдирилган нарса билан боғлиқ бўлган, охирги бир неча ўн йилликда содир бўлган воқеалар айнан шундай оқибатни келтириб чиқарди.   

Муҳаммад Шакур        

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан