Блогер таассуротлари: "Халқ эркин нафас олмоғи керак" (Исломхўжа фильми ҳақида)

Блогер таассуротлари: "Халқ эркин нафас олмоғи керак" (Исломхўжа фильми ҳақида)

Яқинда “Исломхўжа” фильмининг режиссори Жаҳонгир Ахмедов ташаббуси билан тор доирада фильмнинг ёпиқ премьераси бўлиб ўтди. Бу билишимча, иккинчи ёпиқ премьера эди. Шу премьерада қатнашдим. Энди фильм хақида ўз мулоҳазаларимни билдирмоқчиман.

Аввало Исломхўжа кимлиги ва нима ишлар қилганлиги тўғрисида қисқача тўхталиб ўтсам. Аммо тан олиб айтишим керакки, фильмни кўрмагунча, трейлери чиқмагунча, мен Исломхўжа кимлиги ва қандай ишлар амалга оширгани тўғрисида заррача тарихий маълумотга эга эмасдим. Нега бу шахс биздан беркитилгани алоҳида мавзу.

Исломхўжа 17 ёшида Ҳазораспга ҳоким бўлган. 26 ёшида эса Хива хонлигига Бош вазир этиб тайинланган. Ўша даврнинг ўзидаёқ руслар ва атрофдаги халқлар ўртасида Исломхўжа ўзининг амалий ислоҳотлари туфайли ислоҳотчи деган баҳога лойиқ кўрилган. 10 қисмдан иборат ислоҳот дастурини ўқиб, очиғи қойил қолдим. Қисқача қилган ишларини санаб ўтишдан олдин бир нарсага этибор қилишингизни сўрардим. Ҳозир мен санамоқчи бўлган ислоҳотлар Исломхўжагача Ўрта Осиёда қилинмаган ва Исломхўжа биринчилардан бўлиб амалга оширган

1. Кадастрлаш хизматини жорий қилган. Вақф ерларини қайта ҳисоблаб рўйхатдан ўтказган. Фильмда бунга алоҳида урғу берилган.

2. Қийноқларни тўхтатиш. Сўроқ ва жазо вақтидаги қийноқларга барҳам берган.

3. Йўл хизматларини жорий қилиш ва тартибга солиш ишларини амалга оширган

4. Телеграф хизматини йўлга қўйган.

5. Хонлик ва вақф ерларини солиқдан озод қилиб, закот, бож-хирож солиқларини кўриб чиқишни таклиф қилган.

6. Солиқчиларга ойлик бериш тизимини яратган.

7. Ўрта Осиёда биринчи замонавий шифохона қурган

8. Мактаблар очиб, уларда география, чизмачилик, рус тили, тарих фанларини ўқитиш тизимини яратган.

9. Хоразмнинг юзлаб мактабларига Қозон, Санкт-Петербург, Татаристон ва Оренбургдан яхши ҳақ эвазига муаллим ва педагогларни таклиф қилган.

10. Ирригация хизматини ривожлантириш, ирригация тизимини замонавий технология билан жиҳозлаш ишларини амалга оширган.

11. Кинематография ва кино олишни хонликда илк маротаба жорий қилган.

12. Фотографияни ривожлантирган. Унинг ташаббуси ва ҳомийлиги туфайли биринчи ўзбек фотографи Санкт-Петербургга бориб малака ошириб келади ҳамда аппаратларини сотиб олиб беради.

13. Литография, яъни тошбосма тизимини жорий қилиш. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, китобни илк маротаба хаттотлик воситасида эмас, тошбосма усулида чоп этишни йўлга қўйган.

14. 1910 йилдаёқ Ичан қалъада кичик электр станцияси қурдириб электр чироқларини ёққан. Мана шу факт Ленин бизга биринчилардан чироқ олиб келганлиги ҳақидаги гапни чиппакка чиқаради.

15. Мана унинг бош ғояси: "Биринчи навбатда маърифатни, кейин савдони, кейин саноатни, ундан кейин шу ишлар орқали Хивани қолоқ давлатлар сафидан чиқариш лозим. Халқ эркин нафас олмоғи керак!"

16. Бюджет пулларини тиббиёт, агрономия, мактаблар, йўл хизматларига сарф қилишни жорий қилган.

Рўйхатни жуда узоқ давом эттириш мумкин. Зийрак ўқувчи фильмни кўргач, албатта унинг шахсига ва қилган ишларига қизиқиб, қолган маълумотларни билиб олишига шубҳам йўқ.

Энди қисқача фильмнинг хусусиятлари ҳақида ёзаман. Бу мақолада киношунос бўлмаганим учун фақат менга ёққан жиҳатларнигина эътироф этишни жоиз деб топдим. Танқидларни эса томошабинни ўзига қолдираман.

Тарихий атмосфера

Либослар, декорациялар, операторларнинг маҳорати туфайли қадимий Хоразм халқининг оддий ҳаёти ва хонлик бошқаруви тизими ҳақида тугал тасаввур ҳосил қилиш мумкин. Қайсидир дақиқаларда шу атмосфера ичида ҳис қилдим ўзимни. Бу албатта фильмнинг ютуғи.

Рамзий ечимлар

Режиссёр фильмнинг жуда кўп жойларида символизм унсурларини ишлатган. Фильм якунидаги тахт устида турган ёзув машинкаси ҳам ўзига хос ечим бўлган. Бу томошабинни диққатлироқ бўлишга, зийракликка, мантиқий фикрлашга чорлайди. Ҳар бир детал, ҳар бир ҳаракат, нигоҳларнинг ўз иши ва вазифаси бор. Бу фильмнинг катта ютуқларидан яна биридир.

Актёрлар маҳорати

Актёрлар тўғри танланган ва ўз ролларини маҳорат билан ижро этишган. Гап-сўзсиз фақат нигоҳ билан қаҳрамоннинг бутун биографияси, нияти ҳақида тасаввур ҳосил қилиш мумкин.

Чиройли эпизодлар

Ўтмиш ва бугун ўртасидаги саҳналарнинг бир-бирига боғланиши ажойиб тарзда амалга оширилган. Қаҳрамонларнинг руҳий боғлиқлигини ҳис этади одам. Бир бутун гармонияни ҳис қилиш мумкин.

Образ

Ҳар бир образнинг шаклланишида жуда катта меҳнат ётганлигини тушуниш мумкин.

Қисқа қилиб айтганда фильмнинг ўзидан руҳий озуқа олиш бир тараф бўлса, фильмдан сўнг Исломхўжа каби буюк ислоҳотчи аждодимиз борлиги тўғрисидаги фахр одамни чулғаб олади. Трейлер чиққанидан сўнг Исломхўжа деб гуглдан қидириш сони бир кунда миллиондан ошган. Мана шунинг ўзи ҳам фильмнинг катта ютуғи, деб биламан.

Шахсан мен фильм ижодкорларига катта раҳмат айтаман. Ўзбекистонга илк маротаба электр, шифохона ва бошқа янгиликларни Чор Россияси эмас, айнан ўзимизнинг улуғ жадид аждодларимиз жорий этганликлари бутунлай фикримни янгилади. Мана шу буюк тушунча жуда муҳим деб ўйлайман.

Томошабинларга эса сизларнинг кутишларингизга арзийдиган кино ишланган, деб бемалол айта оламан.

Абдулазизхон Акрамов, блогер, шифокор