Блогер Хушнудбек Худойбердиев ЎзА директори ўринбосари этиб тайинланди – ОАВ

Блогер Хушнудбек Худойбердиев ЎзА директори ўринбосари этиб тайинланди – ОАВ

Таниқли блогер ва ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги Бош директори ўринбосари лавозимига тайинлангани ҳақида хабарларни турли манбалар тасдиқламоқда.

Хусусан, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов бу ҳақда ёзган:

"ЎзА бош директорининг ўринбосари этиб тайинланган блогер ва Масс-медиа фонди директори Хушнудбекни янги масъулиятли лавозим билан табриклайман. Бирга жуда самарали меҳнат қилдик.

Ишонаманки, сизнинг ҳаракатларингиз билан ЎзА янги даражага кўтарилади. Сиз у ташкилотга ҳақиқий янги қон бўлиб кираётганингизга ишонаман. Янгилик қилиш осон бўлмайди, тайёр туринг. Омад!" - дейди Алламжонов.

Хушнудбек Худойбердиев бунга қадар Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори сифатида ишлаб келаётган эди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг декабрида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори қабул қилинганди.