Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Блогерлар — замонавий жадидлар(ми?)
13.11.2019 10:38,  
521

Агар ҳозирги давримизни, замонавий техник ва технологик имкониятларни жадид аждодларимиз кўрганида эди, улар бизга ҳавас қилган бўларди. Бугунги одамларнинг ҳар бири шахсий газетасига эга: мақолангизни/фикрингизни тезда ёзиб, Фейсбук ёки бошқа ижтимоий тармоқларда бир дақиқада жойлайсиз ва ҳеч қандай хатар ва тўсиқларсиз, ўқувчига бир лаҳзада етиб борасиз.

Бир аср олдин ҳар қандай фикрни ўқувчига етказиш учун, минг машаққатлар билан мақола ёзиб, газетада чоп қилиб, одамларга яширинча ёки ошкора тарқатиш керак эди. Унда ҳам, бу газетани пули бор, имконияти бор оларди, нашрлар сони чекланган бўларди. Шу сабаб, фикр тарқалиши ниҳоятда машаққатли, қиммат, тўсиқли ва хавфли эди.

Бугун ҳамманинг шахсий киностудияси бор: қўлингиздаги смартфон билан тезда видео оласизда, уни ижтимоий тармоқларга жойлайсиз. Видеода нима фикрни айтмоқчи эдингиз, нимани кўрсатмоқчи эдингиз – ҳаммаси жуда қисқа ва осон йўл билан амалга оширилади. Агар ўтмишдаги мутафаккирлар бу имкониятларни кўрганида эди, улар “дунёни ўзгартириш учун, бундан ортиқ яна нима керак? Фикр ва ғоя тарқатиш бундан ҳам осон бўлиши мумкинми?” дейишган бўлар эди. Ҳозирги одамларнинг маълумот олиш ва тарқатиш имкониятларини орзу қилиб, тарихда қанчадан-қанча мутафаккирлар ўтиб кетишди.

Лекин, бу имкониятларни ҳамма ҳам англайвермайди, фойдаланавермайди. Ўзбекистон оғир даврни бошидан кечирди. Асоратлари ҳали анча вақт билинади. Ҳали, деярли кўп нарса ўзгармади. Энг асосий ўзгариш – ўзгаришлар заруратини англашимиз бўлди. Давримиздаги техник ва технологик имкониятларни англаган ҳолда, ўзгаришлар ва ислоҳотларга интилаётган ҳамжамият – блогерлардир.

Блогер – бу синтез тушунча. Бу атама жамиятимизга янги бўлгани учун ҳам унга бироз бегонасираб қараш мавжуд. Блогер, оддий қилиб айтганда, мутафаккир. У фикр билдиради, жамият диққатини у-бу ҳодисага қаратади, ўз қарашларини жамият эътиборига ҳавола қилади. Блогер, ўз соҳасидан келиб чиқиб, бир томондан ижтимоий аҳамиятли масалани/муаммони кўтаради, ва ўз малакасидан/қарашларидан келиб чиқиб, ечим таклиф қилади.

Йигирманчи аср бошларидаги жадидлар билан, ҳозирги салоҳиятли блогерларнинг фарқи кўп эмас: жадидларда ягона мафкура бўлса, бугунги блогерлар турфа қарашда. Лекин, бугунги блогерларнинг жамиятга таъсири, жадидларникидан кўра тезроқ ва кенгроқ бўлиши мумкин. Ўтмишда ахборот тарқатиш қийин бўлгани учун ҳам, бу ишни амалга ошириш мақсадида кўпчиликнинг бирлашиши назарда тутилган. Ҳозирги даврда эса, блогерлар якка шахслар – чунки ахборот ва фикр тарқатиш машаққатли эмас, кучларни бирлаштиришга эҳтиёж йўқ. Лекин, фикрларни, қарашларни бирлаштиришга эҳтиёж – олдингидан кўра ортган. Сабаби, янги даврда маълумот/ахборот дефицит эмас, жамоатчилик диққати, миллионларнинг эътибори – дефицит ҳисобланади.

Ўзбекистонда блогерлар ва блогерликни истиқболи қандай? Ўйлайманки, блогерлик ва блогерларнинг ижтимоий аҳамияти фақат ошиб боради. Келажакда ҳар бир салоҳиятли сиёсатчи, ҳар бир салоҳиятли давлат мулозими, журналист, ҳуқуқшунос, жамиятшунос, иқтисодчи, яъни, жамоатчилик фикрига таъсир қилишни истаган ҳар бир одам – блогер бўлишга мажбур бўлади. Чунки, келажакда, ҳокимият ва таъсир қилиш – ижтимоий тармоқлар орқали кечади. Журналист – профессионал сифатида ўз махсулотини ОАВларида беради. Лекин, айни пайтда, норасмийроқ шаклда, ўз шарҳларини, ёзган мақолаларини ижтимоий тармоқларда тарқатиб, шарҳлаб бориши мумкин. Ҳудди шундай, бошқа соҳа вакиллари ҳам.

Яъни, ижтимоий тармоқлар, айниқса, Фейсбук – бугун ғоялар, фикрлар ва хабарлар бозори. Ҳамма шу бозорга келиб, қайси ғоя ва ахборотга қандай эҳтиёж борлигини билиб олади, ўзи билан керакли махсулотини олиб кетади, қайта ишлаб, яна шу ерни ўзига таклиф қилади. Ижтимоий тармоқлар – ахборот, ғоялар ва фикрлар бозори бўлса, блогерлар – бу бозордаги энг асосий ишлаб чиқарувчилар ва сотувчилар ҳисобланади.

Агар Ўзбекистон ОАВларини қаттиқ назорат қилиш йўлига қайтса, энг аввало, яна давлат ичкарсидаги ОАВлари мажруҳланади. Лекин, блогерлик тўлиқ йўқолмайди: блогерлар давлат ташқарисида туриб, жамиятга кучли таъсир қилаверишади. Агар Ўзбекистонда ахборот эркинлиги кенгаяверса, блогерларнинг жамиятга таъсир қилиш салоҳияти кучаяди. ОАВлари ва блогерлар бир-бири билан тўқнашмайди, чунки, уларни функциялари бир-биридан жиддий фарқ қилади. Блогерлар – ғоялар, фикрлар ва ахборотларнинг бирламчи фабрикаси ҳисобланади, ОАВлари эса уларни қайта ишлаб, кенг аудиторияга узатувчи воситалар ҳисобланади.

Блогер – янги феномен эмас. Мутафаккирлар – фикр эгалари ҳар доим бўлган ва бўлади. Блогер – фикрни жамиятга етказишнинг янгича усули, воситаси, тезлиги ва самарадорлиги холос. Келажакда якка шахсларнинг ҳокимияти ва таъсир қилиш салоҳиятини, ижтимоий тармоқларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ижтимоий тармоқларда фаол бўлган ҳар қандай шахс – блогер сифатида қабул қилади. Келажакда ўз таъсир доирангизни кенг ёймоқчимисиз?! Бунинг шартларидан бири – блогер бўлиш ҳисобланади!

Инсоннинг сохталаштириб бўлмайдиган ягона нарсаси – бу уни интеллекти. Аниқроғи, инсон ўз интеллектини яшириши мумкин, лекин ҳеч ким йўқ интеллектни ошириб кўрсата олмайди. Блогерлар – интеллектуаллар. Янги даврдаги техник ва технологик имкониятлардан унумли фойдаланаётган интеллектуаллардир.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан