БМТ Бош котиби Бан Ки Мун жаҳондаги барча давлатларни қочқинлар масаласига бефарқ бўлмасликка ва бу муаммони ҳал қилишда кўмак кўрсатишга чақирди. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар берди.
Швейцариянинг Женева шаҳрида ўтаётган қочқинлар масаласи бўйича халқаро анжуманда сўзлаган Бан Ки Мун 2018 йилгача Суриядаги урушдан қочиб келган 500 минг одамга бошпана беришда жаҳон давлатларидан кўмак сўради.
Сурияда 5 йилдан бери давом этаётган уруш оқибатида камида 250 минг одам ҳалок бўлган, 5 миллион одам эса қочқинга айланган.
Февралда Лондонда ўтган қочқинлар масаласига бағишланган анжуманда ривожланган давлатлар қочқинлар муаммосини мувофиқлаштириш учун 11миллиард доллар молиявий ёрдам кўрсатишларини билдирган эди.