БМТнинг собиқ бош котиби Перес де Куэляр 100 ёшида вафот этди

БМТнинг собиқ бош котиби Перес де Куэляр 100 ёшида вафот этди

Хавьер Перес де Куэляр/REUTERS

Ўтмишда БМТ бош котиби ва Перу бош вазири бўлган Хавьер Перес де Куэляр 2020 йил 4 март куни 100 ёшида вафот этди.

БМТ собиқ раҳбарининг ўғли RPP радиостанциясига айтишича, отаси Перудаги ўз уйида вафот этган. Хавьер Перес де Куэляр дунёдаги энг кекса сиёсатчилардан эди.

У БМТ бош котиблигини кетма-кет икки марта – 1982 йил 1 январдан 1991 йил 31 декабргача эгаллаган эди. Перес де Куэляр ўз фаолияти давомида Лотин Америкаси, Африка, Осиё ва Яқин Шарқда кўплаб муҳим тинчлик шартномалари имзоланишига эришган.    

Унинг энг катта ютуғи 1988 йили – саккиз йиллик урушдан кейин Эрон ва Ироқ ўртасида ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги музокаралар бўлган. 

БМТнинг жорий бош вазири Антониу Гутерриш Перес де Куэлярнинг вафотидан “қаттиқ қайғуга ботгани”ни айтди. “У тажрибали давлат арбоби, моҳир дипломат бўлиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотига ҳам, бутун дунёга ҳам катта таъсир ўтказганди”, деди Гутерриш.

Ўз навбатида Перу президенти Мартин Вискарра Твиттердаги чиқишида Перес де Куэлярни “ҳақиқий демократ, бутун умрини ишга бағишлаган инсон”, дея атади.

Хавьер Перес де Куэляр 1991 йили БМТнинг Ню-Йоркдаги бош қароргоҳида/JEAN-MICHEL TURPIN / CONTRIBUTOR

 

Ҳуқуқшунос ва дипломат

Перес де Куэляр Перу пойтахти Лимадаги Католик университетида ҳуқуқшуносликни ўрганганидан кейин мамлакат ташқи ишлар вазирлигида дипломатик фаолиятини бошлаган. 

У Перунинг Европа ва Лотин Америкасидаги барча элчихоналарида хизмат қилган, 1946 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг биринчи мажлисида Перу вакиллари сафида иштирок этган.

У БМТ Хавфсизлик Кенгаши таркибида ишлаган йилларида махсус вакил сифатида 1974 йили, Туркиянинг Кипрга босқинидан кейин Греция ва Туркия ўртасида тинчлик шартномаси имзоланишида қатнашган. 

Перес де Куэляр 1982 йили БМТнинг бешинчи бош котиби бўлди. Бу Лотин Америкасидан чиққан илк бош котиб эди. 

Де Куэляр АҚШ ва СССР ўртасида Совуқ уруш кескинлашган йилларда БМТни бошқарди. 

У 1991 йили, иккинчи муддати якунига етгунга қадар Ғарбий Саҳро Кабирда ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилишига, Салвадор, Камбоджа ва Никарагуада эса фуқаролар урушига чек қўйилишига ёрдам берди. 

Перес де Куэляр 1995 йили Перу президентлиги учун сайловларга ўз номзодини қўйди, бироқ атиги 22% овоз тўплаб, Алберто Фухиморига имкониятни бой берди. 

2000 йили Фухимори коррупция можароси манзарасида истеъфога чиққач, Перес де Куэляр бирмунча муддат мамлакат Ташқи ишлар вазири ва Бош вазир лавозимларини эгаллади, муваққат ҳукуматга янги сайловларни ўтказишда кўмаклашди.    

Кейинроқ, 2001 йил июлда Перу президенти этиб сайланган Алехандро Толедо уни Францияга элчи қилиб тайинлаганди.