Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Божхона қўмитаси корхоналарнинг банк сирини қўлга киритишни хоҳламоқда
23.10.2020 19:19,  
275

Давлат божхона қўмитаси (ДБҚ) банк сирини ташкил этувчи маълумотларга кириш ҳуқуқини қўлга киритишни хоҳламоқда. Бу ҳақда regulation.gov.uz порталида муҳокама учун тақдим этилган қонун лойиҳасида айтилган.

Ҳозирда, амалдаги “Банк сири тўғрисида”ги Қонунга биноан, Ҳисоб палатаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти бундай маълумотларга кириш ҳуқуқига эга (агар уларга кўраётган ишида керак бўлса).

Бундан ташқари, департамент яқинда – 2019 йил бошида қўшилган.

Адлия вазирлиги ҳам ушбу рўйхатга киритилган, аммо унинг кириш ҳуқуқи нодавлат нотижорат ташкилотларининг маълумотлари билан чекланган.

Бундан ташқари, кредит бюролари кредит маълумотларини олишлари мумкин, аммо бу банк сирини бузиш деб ҳисобланмайди.

Муҳокама учун тақдим этилган қонун лойиҳасида Давлат божхона қўмитаси ўзларини уларнинг сонига қўшишни таклиф қилади - қўмита жорий ҳисобварақлар, депозитлар ва улардаги пул қолдиғи, импорт-експорт билан шуғулланадиган компанияларнинг операциялари тўғрисидаги маълумотларга эга бўлишни истайди, "агар бу маълумотлар қўмита зиммасига юкланган вазифаларни бажариши учун зарур бўлса ".

Қонун лойиҳаси муҳокамаси 7 ноябрга қадар давом этади.

Аввалроқ Молия вазирлиги президентнинг "Яширин иқтисодиётни кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги фармони лойиҳасини муҳокамага тақдим этган эди. Унда солиқ идораларига банк сирларига кириш ҳуқуқини беришни таклиф қиладиган банд ҳам киритилган, аммо вазирлик бу хато эканлигини ва у лойиҳадан ўчирилишини айтган.

Банк сирини Ўзбекистонда тугади, деб эълон қилиб қўйсак бўлаверади

Фаол фуқаролар ва ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ушбу ўзгаришга нисбатан танқидий муносабатда бўлдилар. Regulation.gov.uz порталидаги ушбу қонун лойиҳаси остида 18 киши фикр билдирган. 17 киши ўзгаришга қаршилигини билдирган. Шахбоз исмли фойдаланувчи «Эртага МИБ чиқиб "коммунал хизматларни ва алиментларни вақтида ундириш мақсадида банкдаги барча маблағларини билишимиз керак" мазмунидаги таклиф берса, ундан сўнг ИИВ чиқиб шу каби таклифлар берса нима бўлади?

Ҳаммаси ўз манфаатини кўзлаб қўшимча киритишмоқчи. Нега "банк сири" дейилаяпти? Агар юқори ташкилотлар ҳаммасини билса, сирдан нима қолади? Банк фақат суд лозим топсагина маълумотларни ошкор этиши мумкин! Тамом!», - дея фикр билдирган.

Мехриддин исмли фойдаланувчи эса банк сири саналган маълумотларни Божхона қўмитасига берилишига қарши. У қўмитадан Конституциявий ҳуқуқларини ҳурмат қилишни талаб қилган.

Акмал исмли фойдаланувчи «Олинадиган маълумот божхонага юклатилган вазифаларни бажариш учун зарур ёки зарур эмаслиги қандай аниқланиши, ким аниқлиши, қайси факторлар ҳисобга олиниши» га қизиққан.

Иқтисодчи Отабек Бакиров «Агар [ўзгариш] қабул қилинса, банк сирини Ўзбекистонда тугади, деб эълон қилиб қўйсак бўлаверади. Бефарқ бўлманг, муносабат билдиринг», - дея ўз каналида пост қолдирган.

Айни мавзуда Davletovuz канали «Назаримизда, қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда вазирлик ва идораларнинг иштирокини тақиқлаш керак. Улар нимаики ҳужжат қабул қилмасин, ўзининг идоравий манфаатини кўзлайди, ўзига, ходимларига осон бўлишини истайди. Қонун лойиҳалари муҳокамаларида иштирок этиши мумкин, лекин ҳеч қачон улар, ҳатто ҳукумат орқали ҳам қонун лойиҳасини ишлаб чиқмаслиги лозим. Улар фақат ва фақат ижрога масъул бўлиши керак. Тамом. Афсуски, ҳозирда қонунларнинг мутлақ катта қисми ҳукумат томонидан ишлаб чиқилган ва киритилган.

30 йиллик тарихимизда қонунчилик институти яратилди. Қонунчилик ташаббусига эга субъектларни кескин қисқартириш, шу жумладан, ҳукуматдан ҳам бу ваколатни олиш лозим. Бундан буёғига барча қонунлар лойиҳаларини парламент қуйи палатаси депутатлари ва Президент томонидан ишлаб чиқилиши ҳамда парламент муҳокамасига киритиш амалиётини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ. Ҳукуматни сиёсий партиялар шакллантиради, демак, керакли фракциялар орқали қонунни ишлаб чиқиши, илгари суриши мумкин. Истаган давлат идораси ўзига керакли қонунни ишлаб чиқавермасди, ҳарқалай. Депутатларнинг масъулияти, жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлиги каррасига ошар эди», - деб муносабат билдирган.

Шу билан бирга Давлат божхона қўмитасининг на расмий сайтида, на Телеграм каналида қўмита томонидан таклиф этилаётган бу ўзгариш ҳақида хабар берилмаган. Айрим давлат идоралари матбуот хизматлари қандайдир қонун лойиҳаси таклиф қилганда ёки ўзгариш киритмоқчи бўлганда ўз телеграм канали орқали бу ҳақда ёзиб, фуқароларни муносабат билдиришга чақирар эди. ДБҚда унақа эмас (шекилли!)

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан