Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Бола нега бармоғини сўради, тирноғини тишлайди?
3.01.2020 15:33,  
14239

Болаларнинг ёмон одатлари деб уларнинг беихтиёр такрорлайдиган ҳаракатларига айтилади. Патологик ёмон одатларга қуйидагилар киради:

  • Бармоқ сўриш
  • Тирноқ тишлаш
  • Киндик ковлаш
  • Соч юлиш ёки ўйнаш
  • Бошни ёстиққа уриш
  • Жинсий аъзони ушлаш ёки ўйнаш (бу бола ухлаганда тўшакни ҳўллаб қўйишига ҳам олиб келиши мумкин)

Бу одатларнинг болалар ривожланишига қандай таъсири бор?

Албатта, ёмон одатлар эстетик жиҳатдан боланинг ҳуснига кўрк қўшмайди ва кўпинча ёмон одати бор болалар ривожланиш жиҳатидан бошқалардан орқада қолади. Ундан ташқари ёмон одатлари туфайли болалар боғча ёки мактабда тенгдошлари ва тарбиячилари тарафидан маломатга қолишлари мумкин, бу эса уларни ўзига ишончи ва тенгдошлари ўртасидаги обрўига путур етказади.

Одатларнинг келиб чиқиш сабаблари нима?

Бундай одатлар келиб чиқишининг энг асосий сабабларидан бири бу психологик муаммолардир. Психологик муаммонинг сабаблари бола ёшлигида содир бўлган воқеалар ёки ота-онанинг эътибори етишмаслиги, тарбияда қўрқитиш ёки калтаклашнинг кўп ишлатилганлиги бўлиши ҳам мумкин. Бола бармоғини сўриши ёки жинсий аъзосини ушлаши билан ўзини тинчлантиришга ҳаракат қилиши, тирноғини тишлаши, сочини юлиши билан ўзини жазолашга ҳаракат қилаётган бўлиши мумкин.

Қандай қилиб ёмон одатларнинг олдини олиш мумкин?

– Фарзандингизни узоқ кўкрак сути билан боқишингиз нафақат унинг иммунитети учун, балки унинг хотиржамлиги учун ҳам жуда фойдали;

– Сўргич ёки кўкрак сути билан боқишни тўхтатаётган вақтингизда эътиборли бўлинг, токи болада бунинг ўрнига бармоқ сўриш каби ёмон одатлар қолмасин;

Бола гигиенасига эътибор беринг, чунки жинсий аъзоларнинг қичиши ёмон одатни келтириб чиқариши мумкин;

– Ортиқча қаттиққўллик ва жаҳлдорлик қилманг, фарзандингиз ўзига ва сизга ишончини йўқотади;

– Фарзандингиз кичиклигидан унга эътибор бериб, ҳар бир ўзгаришни ўзингиз учун назорат қилиб боринг.

Ёмон одатлардан қутилиш — ота-онадан сабр талаб қилади, чунки бу масалада шошилиш болани қўрқитиш ҳамда муаммони чуқурлашишига олиб келиши мумкин.

Муаммоларнинг сабабларини топиш уларни осон ечилишига ёрдам беради.

Тирноқни тишлаш — психологларнинг фикрига кўра, боланинг ўзига ишончи пастлиги белгиларидан бири. Ушбу ёмон одатнинг бола ҳаётида сақланиб қолиши тирноқ орқали микроблар билан биргаликда турли муаммоларни келтириб чиқаради. Бу сабаб бола организмига гижжалар кириши мумкин. Тирноқ тишлаши сабабли дўстлари орасида калака бўлиши, нутқ ва тиш муаммоларига сабаб бўлиши мумкин. Бу муаммони даволаш учун стрессга сабаб бўлаётган боғчада ёки уйдаги муаммони аниқлаб, уни бартараф этинг, фарзандингизга кўпроқ эътибор кўрсатинг. Бундан ташқари пластилиндан нарсалар ясаш ва аппликация чизиш билан фарзандингизни банд қилишга ҳаракат қилинг.

Болаларнинг бармоғини сўриш одатини йўқотиш учун ҳам маслаҳатлар юқоридаги билан деярли бир хил. Фақат бармоқ сўраётган кичкинтойингизни тинчлантиришни ётишдан бир-икки соат аввал бошланг. Уйқудан аввал фаол ва кўп ҳаракат қиладиган ўйинлар ўйнатманг, имкони бўлса чўмилтиринг, қучоқлаб ётинг. Бундай муаммога учраган болани — қаттиқ гапириш, бармоқларига аччиқ нарса суриш билан муаммони ечаман деб ўйламанг, бу фақат муаммони чуқурлаштиради.

Бурнини ковлашни одат қилган болага ҳам бақириб, уришиш тўғри келмайди. Лекин болани ўз ҳолига ташлаб қўйиш ҳам нотўғри. Муаммони бартараф этиш учун фарзандингизнинг қўлини банд қилишга ҳаракат қилинг (бурнини ковлашни бошлаганида қўлига тўп ёки бошқа ўйинчоқ тутқазинг). Болага кичиклигидан бурун қоқишни ўргатиш ҳам бурун ковлашга сабаб қолдирмайди.

Фото: schoolnews.com

Бизнинг маданиятда бундай муаммоларга эътибор берилмайди, баъзилари ҳақида эса гаплашиш уят ҳисобланади. Агар боладаги стресс сабабини аниқлай олмасангиз, албатта мутахассисга мурожаат қилинг.

Кичик боланинг жинсий аъзосини ушлаши ёки ўйнаши унинг жинсий ривожланишига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини унутмаслигимиз керак. Чунки жинсий аъзо, бола учун, бошқа аъзолари масалан бурун ёки қулоқ билан бир хил. Шунчаки буни кичик ёшдаги боланинг ўз танасини ўрганиши деб аташимиз мумкин. Болалар буни тинчланиш учун қилишади ва бу ҳол кўпинча ухлашдан аввал содир бўлади. Муаммони бартараф этиш учун эса ухлашдан аввалги сайрлар ёрдам беради. Фарзандингиз уйқуга кетгунига қадар олдида китоб ўқиб беришингиз ҳам аста-секин бу одатнинг унутилишига ёрдам беради. Фарзандингиз гигиенасига эътибор бериш билан бир қаторда ухлаш кийими қулай бўлиши, тор ёки синтетик матодан бўлмаслигига эътибор беринг. Фарзандингиз ухлаётганида эса қўлларини кўрпадан тепага чиқариб ётишини одат қилдиринг.

Хулоса қилиб айтишимиз мумкинки, ёмон одатлар келиб чиқишининг асосий сабаби болага меҳр ва эътибор етишмаслиги экан. Шунинг учун фарзандларимиз билан кўп гаплашиб, уларни кўп бағримизга босишимиз жуда кўп муаммоларни олдини олишга ёрдам беради.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан