Болаларга қўл кўтармаслик учун 3 сабаб

Болаларга қўл кўтармаслик учун 3 сабаб

Фото: parenting.firstcry.com

Тасаввур қилинг, сиз бехосдан ёки билимсизлигингиз сабабли хатога йўл қўйдингиз. Сиздан икки-уч баробар катта ва кучли инсон сизга бақириб, калтаклади. Танангиздаги оғриқ-ку майлига, лекин у инсон сизга энг яқинлигини ва ҳаётини сизга бағишлаганини даво қилади. Ҳақиқатан ҳам сиз уни яхши кўришда давом этаверасиз.

Тарбия жараёнида болаларни калтаклаш бизда қадимдан бор. Яшириб нима қилдик, деярли ҳаммамиз ҳам ёшлигимизда, ҳеч бўлмаса бир-икки маротаба калтакланганмиз. Калтаклар бизни тарбиялироқ қилдими? Йўқми? Буни аниқ билмаймиз.

Қўл кўтаришнинг бир қанча зарарли асоратлари бор. Келинг, улардан 3 та асосийларини кўриб чиқамиз.

1. Калтакланган болалар ақлий ва жисмоний ривожланиши секинлашади. Ёшлигида кўп калтакланган 18-25 ёшли одамлар мияси текширилганда, уларнинг миясида кулранг модда кам экани аниқланган (бу модда миянинг ақлий фаолиятига жавоб беради). Ундан ташқари кўп калтакланган болалар агрессивлиги ва наркотик моддалар истеъмол қилишга мойиллиги билан ажралиб туради.

2. Калтаклаш ота-она ва бола ўртасидаги яқин муносабатни бузади. Кичкинтой танасига етказилган жароҳатга қарамай ота-онасини яхши кўришда давом этаверади, лекин у оила катталарига суяна олмай қолади. Қўрқинч сабабли айб ва муаммоларини яширади. Уларни яхши кўришига қарамай, ўзини хавфсиз ҳис қила олмайди. Оила, уй улар учун фароғат жойи бўла олмай қолади.

3. Бола миясида “Кучлилар доимо ҳақ” деган тушунча ўрнашиб қолади. Бу болалар кичиклигида ҳам, улғайгач ҳам жуда кўп муаммоларга сабаб бўлади. Кичиклигида унга кучлилар тарафидан қилинган ҳар қандай ноҳақлик оддий ҳолдек, қаршиликсиз қабул қилади (бу бола учун хавфли бўлиши ҳам мумкин). Бу эса, катта бўлганида ўзининг золим бўлиб қолишига ёки зулмларга чидаб, бахтсиз ҳаёт кечиришига сабаб бўлиб қолиши мумкин.

Хулоса қилиб айтганимизда, болани калтаклаб тарбиялаш тарбияловчининг ноқис эканини билдиради. Чунки, уриб ман қилиш энг яқин ва осон йўл бўлгани билан, афсуски, яхши натижаларга олиб келмайди.

Олимлардан бири бу борада шундай деган: “Болани уриш тарбиядаги энг сўнгги чора бўлиши керак. Акс ҳолда, уриб натижага эриша олмасангиз кейинги қадам болани ўлдириш бўлади”.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.