Бош прокуратура ДХХнинг собиқ раҳбариятига нисбатан жиноят иши қўзғатилганини тасдиқлади

Бош прокуратура ДХХнинг собиқ раҳбариятига нисбатан жиноят иши қўзғатилганини тасдиқлади

Ўзбекистон Бош прокуратураси Давлат хавфсизлик хизматининг (ДХХ) собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаевга нисбатан жиноят иши қўзғатилганини расман тасдиқлади, дея хабар қилди бош прокурор ўринбосари Эркин Юлдашев жума куни бўлиб ўтган брифингда.

ДХХ раҳбарининг собиқ биринчи ўринбосари Жаҳонгир Эгамов, аввалроқ ҳибсга олинган Ўзбекистон Олий суди раисининг собиқ биринчи ўринбосари — маъмурий ишлар бўйича суд коллегияси раиси Баҳодир Деҳқонов ва бошқа шахслар — жами 10 киши мазкур жиноят ишида иштирок этмоқда.

«Мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, порахўрлик билан боғлиқ жиноятларни содир этганлик бўйича Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбарлари [Ихтиёр] Абдуллаев, [Жаҳонгир] Эгамов ва бошқа 10 нафарга яқин мансабдор шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Айни вақтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. [Баҳодир] Деҳқонов — ушбу мансабдор шахслар рўйхатида», — дея хабар қилди Эркин Юлдашев.

Ихтиёр Абдуллаев 2018 йилнинг январида 1995 йилдан буён хизматга раҳбарлик қилиб келаётган Рустам Иноятов ўрнига ДХХ раҳбари лавозимини эгаллаган эди. Орадан бир йил ўтиб, 2019 йилнинг февралида Ихтиёр Абдуллаев ўз хоҳишига кўра лавозимини тарк этди.

Кўрсатиб ўтилган шахсларга нисбатан содир этган жиноятларидан келиб чиққан ҳолда эҳтиёт чоралари қўлланилган.