Бош прокуратура Олтинсойдаги фуқаролар ва ИИБ ходимлари ўртасидаги тўқнашув юзасидан баёнот берди

Бош прокуратура Олтинсойдаги фуқаролар ва ИИБ ходимлари ўртасидаги тўқнашув юзасидан баёнот берди

Аввалроқ, Олтинсойда фуқаролар ва ИИБ ходимлари ўртасида тўқнашув келиб чиққанлиги тўғрисида хабар берган эдик.

Сурхондарё вилояти, Олтинсой туманида ўтказилган мониторинг давомида “Оқ-олтин манзараси” фермер хўжалигига қарашли пахта ва ғаллага мўлжалланган экин ер майдонининг жами 0.39 гектари 6 нафар фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан ноқонуний равишда эгаллаб олинганлиги, 235.35 кв.м. майдонида эса яшаш имконияти мавжуд бўлмаган уй-жой бинолари қуриб олинганлиги аниқланган.

Ҳолат бўйича 2020 йил 8 февраль куни ишчи гуруҳ аъзолари: туман ҳокими, прокурори, ИИБ бошлиғи, ер ресурслари ва давлат кадастр бўлими бошлиғи ва бошқалар томонидан ноқонуний қурилиш қилган фуқароларга ушбу ер майдони фермер хўжалиги тасарруфида эканлиги маълум қилиниб, фуқароларнинг ўз ҳисобларидан ўзбошимчалик билан қурилган уйларини бузиб олишларини ва уларга бошқа манзилдан уй қуришлари учун ер берилиши ҳақида тушунтириб ўтилган.

Ноқонуний равишда қурилиш қилиб олган фуқароларнинг илтимосига асосан уларга ўзлари ҳисобидан биноларни бузиб олишлари учун 2 кун муддат берилган.

2020 йил 14 февраль куни ишчи гуруҳ аъзолари юқорида кўрсатилган манзилга бориб кўрилганида, 3 нафар фуқаролар ўзбошимчалик билан қурилган уйга яшаш имконияти мавжуд бўлмаган бўлсада, кўчиб кириб олганлиги аниқланган.

Ишчи гуруҳ томонидан ноқонуний қурилган уй-жойларни бузиб олишлари тушунтирилганида, аввалдан тўпланиб турган фуқаролар ҳокимият вакили ва ИИБ ходимларига қаршилик кўрсатишган.

Ноқонуний қурилган уйларни бузишни имконияти бўлмаганлиги сабабли ишчи гуруҳ аъзолари ортларига қайтиб кетишган.

Шу куни соат 15:00 лар чамасида ишчи гуруҳ томонидан юқоридаги манзилга борилганда юқоридаги фуқаролар ва уларнинг қариндошлари қўлларида бензин, таёқ, белкурак, тош ва бошқа нарсалар билан қуролланган ҳолда ишчи гуруҳ олдига чиқишган. Ушбу ҳолатда жамоат тинчлигини сақлаш ва вужудга келиши мумкин бўлган тартибсизликларнинг олдини олиш мақсадида туман ИИБ ходимлари жалб қилинган. Ҳокимият вакиллари ва туман ИИБ ходимлари томонидан тушунтирилишига қарамасдан фуқаролар ҳокимият вакиллари ва ИИБ ходимларига қўлларидаги нарсалар билан ташланиб кетишган. Ноқонуний равишда қурилган уй-жойлар ишчи гуруҳ томонидан бузилилиши имкони бўлмаган.

Ушбу жараёнда 2 нафар туман ИИБ ходимлари ҳамда 1 нафар фуқаро тан жароҳати олишган.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирда Олтинсой тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга доир: Эгнига президентнинг расмини ёпиштириб олган болтали аёл уйи бузилишига норозилик билдирди (видео)