Бош прокуратура ССВнинг илтимоси билан шифокорга нисбатан очилган жиноят ишини бекор қилди

Бош прокуратура ССВнинг илтимоси билан шифокорга нисбатан очилган жиноят ишини бекор қилди

Аввалроқ, Самарқанд вилоятида фуқаро Х.Д.га нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётганлиги тўғрисида хабар берган эдик. Унда самарқандлик тиббиёт ходими тиббий текширувлардан ўтмасдан 34 нафар кишига коронавирус инфекциясини юқтиришга сабабчи бўлганлиги айтилганди.

Самарқандда тиббиёт ходими 34 кишига коронавирус юқтирди

Мазкур ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги Х.Д.га нисбатан жиноят иши қўзғатиш тўғрисидаги қарорни асоссиз, деб ҳисоблаб, Бош Прокурорга шифокорга нисбатан жиноят иши қўзғатиш тўғрисидаги қарорни бекор қилиш масаласининг кўриб чиқилишини сўраб мурожаат йўллаган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар беришича, бугун ушбу мурожаат юзасидан Бош прокуратура томонидан жавоб хати келган.

Унда қайд этилишича, Бош прокуратура мазкур жиноят иши ҳужжатларини ўрганиш жараёнида Х.Д.га нисбатан тўпланган ҳужжатлар бўйича олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари ҳар томонлама, синчковлик билан ўтказилмасдан, барча ҳолатлар тўлиқ текширилмасдан, шошма-шошарлик билан барвақт жиноят иши қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилинганлигини аниқлаган.

Шунга кўра, Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Х.Д.га нисбатан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатиш ҳақидаги қарор Бош прокуратура томонидан бекор қилинган.

“Мурожаат Бош прокуратура томонидан чуқур ўрганилиб, тезкорлик билан ижобий ҳал қилинганлиги шифокорларимизни қувонтириши, ўз касбига нисбатан янада масъулият билан ёндашиб, фаолият юритишларига замин яратиши шубҳасиз,“ дейилади ССВ хабарида.