Бош прокуратура Тошкентда топилган йирик миқдордаги хазина бўйича янги маълумотларни ошкор қилди

Бош прокуратура Тошкентда топилган йирик миқдордаги хазина бўйича янги маълумотларни ошкор қилди

Бош прокуратура Тошкент шаҳрида қиймати 1 миллион АҚШ долларига тенг тарихий қимматбаҳо буюмлар топилганлиги бўйича маълумот берди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар бермоқда.

19 январь куни Миллий университетининг 4-босқич талабаси Муҳаммадбобур Юсупов Тошкент шаҳрида қиймати 1 миллион АҚШ долларга тенг бўлган тарихий қимматбаҳо буюмлар топилгани ҳақида хабар берилганди.

Маълум бўлишича, келтирилган топилмаларнинг аксарияти XIX асрга мансуб бўлиб, уларнинг деярли барчаси Ўзбекистон Миллий университетининг музейи ходими Муҳаммадбобур Юсупов томонидан сўнгги 2-3 йил давомида университетдаги профессор олимлардан музей учун олинган, ушбу ашёларда уларнинг университетга тегишлилигини тасдиқловчи муҳрлар мавжудлиги, ҳамда келтирилган 8 кг олтин эса ҳақиқатда топилмаганлиги аниқланган.

Бундан ташқари Муҳаммадбобур Юсупов 2018 йилда Бош вазири Абдулла Ариповга мурожаат қилиб, Тошкент давлат юридик университети (олдинги АДО биноси ертўласида) ва Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети ертўласида тарихий бойликлар мавжудлигини маълум қилган. Унинг мурожаатидан сўнг, ишчи гуруҳ тузилиб объектларда археологик қидирув ишлари олиб борилган. Бироқ ўрганиш натижасида тарихий бойликлар топилмаган.

Ўзбекистон Миллий университети раҳбарияти 25 январда Муҳаммадбобур Юсупов билан суҳбат ўтказган. Ушбу суҳбатда Муҳаммадбобур Юсупов Романовлар сулоласига тегишли бўлган тарихий бойликлар жойлашган жойнинг харитаси борлиги ва бу ҳақидаги маълумотларни фақатгина Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга ёки Бош вазири Абдулла Ариповга тақдим қилишини маълум қилган.

Юқорида қайд этилган объектларда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ҳам ўрганиш ўтказилган, бироқ бирор-бир тарихий аҳамият касб этувчи бойликлар топилмаган.

Ўзбекистон Миллий университети томонидан 2019 йилнинг 25 январида 17 турдаги топилмалар Қимматбаҳо металлар агентлигига вақтинча сақловга топширилган. Ҳозирда уларнинг тарихийлиги ва ҳақиқий қиймати ўрганилмоқда.

6271