Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Бош прокурор тергов жараёнида кимлар қийноқлар қўллашини очиқлади
12.05.2020 07:33,  
6570

Олий Мажлис Сенатининг 4-ялпи мажлисида қатнашган Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев тергов жараёнларида қийноққа солиш ҳолатларининг кузатилиши ҳақидаги саволга жавобан, бунга барҳам бериш учун кўрилаётган чоралар ҳақида маълумот берди.

Ниғматилла Йўлдошев қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар, жумладан Жиноят кодексининг 235-моддаси (қийноққа солиш) санкциясида озодликдан маҳрум қилиш жазоси 7 йилдан 10 йилга узайтирилганини қайд этди.

Бош прокурор содир этилган ўта оғир жиноятлар бўйича айрим тергов ҳаракатлари – воқеа жойини кўздан кечириш, тергов экспертизаси, воқеа содир бўлган жойга чиққан ҳолда ўрганиш кабилар видеоёзувга тушира бошланганига эътибор қаратди; тергов ҳибсхонаси ва тергов изолятори, вақтинча ушлаб туриш хонаси ва жазони ижро этиш муассасаларида 3 мингдан ортиқ ҳам аудио, ҳам видео ёзув ускуналари ўрнатилганини таъкидлади.

Йўлдошевнинг сўзларига кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хатти-ҳаракатлари бўйича келиб тушадиган барча хабарлар юзасидан инспекция ходимлари иш олиб боради; номуносиб йўлларга кирганлар аниқланиб, “тозалаш ишлари” олиб борилади.

“Конституцияда ва барча қонунларда инсон ҳуқуқлари, шаъни энг олий қадрият сифатида белгиланган. Уни камситиш, ҳуқуқларини бузишга ҳеч бир идоранинг, ҳатто ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ҳам ҳаққи йўқ.

Биз прокурор сифатида бу борада келиб тушган барча мурожаатларни синчковлик билан ўрганиб, инспекция томонидан ўтказилган хизмат текшируви материаллари билан танишиб, ҳуқуқий баҳо берамиз. Биронта ҳолат назардан четда қолмайди”, дея Йўлдошевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Бош прокурорнинг фикрича, қийноққа солиш ҳолатлари ўз касбида етарли малакага эга бўлмаган ходимлар томонидан содир этилади.

“Терговда қийноққа солиш бўйича қонун бузилиш ҳоллари ўз касбида етарли тажриба, малакага эга бўлмаган, савияси паст ходимлар томонидан содир этилишини ҳам алоҳида таъкидлаш керак. Улар қонуний йўл билан жиноятни фош қилиш йўлини билмагани учун шунга қўл уришади”, – деди у.

Ниғматилла Йўлдошев мисол сифатида шу йил бошида Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида рўй берган воқеани тилга олди.

“Чироқчи туманида туман ички ишлар бўлимининг икки нафар ходими – Жонқобилов ва Облаевлар ўғриликда гумон қилинган фуқарони ички ишлар биносида аёвсиз калтаклаб, шафқатсизларча тан жароҳати етказиб ўлдиришган. Оқибатда унинг 4 нафар фарзанди етим бўлиб қолди.

Улар жазосини олади, лекин бу билан нима ўнгланиб қолади? Шу нуқтайи назардан, давлат раҳбари томонидан бундай ҳолатларнинг сабабларини аниқлаш, кейинчалик йўл қўймаслик учун тергов, терговгача текширув ва суриштирув ишларини такомиллаштириш топшириғи берилди. Бу бўйича президент фармони ва қарори лойиҳалари ишлаб чиқилган”, – деди Бош прокурор.

Эслатиб ўтамиз, шу йил январь ойида Чироқчи туманида мол ўғирлашда гумон қилинган 32 ёшли фуқаро ИИБ биносида калтакланиб, вафот этган эди.

Шундан сўнг икки нафар ички ишлар ходими қамоққа олиниб, бир неча кундан кейин Қашқадарё вилояти ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Самад Турдиев истеъфо берганди. Март ойига келиб, Чироқчи туман ИИБ бошлиғи ва унинг ўринбосарлари ишдан олинди.

Ҳодиса юзасидан тергов тафсилотлари маълум эмас.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан