Бош вазир маҳаллаларга ва чақалоқларга маънавиятга зид номлар қўйилаётганига эътироз билдирди

Бош вазир маҳаллаларга ва чақалоқларга маънавиятга зид номлар қўйилаётганига эътироз билдирди

Бугун, 9 март куни Вазирлар Маҳкамасида Бош вазир Абдулла Арипов раислигида кўча ва аҳоли пунктларини номлаш, пешлавҳалар, реклама ва эълонларнинг давлат тилида берилиши сингари масалалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда тил масаласига, ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мавқейи ва нуфузини тубдан оширишга президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсан ўзи жиддий эътибор қаратаётгани қайд этилган.

Kun.uz мухбири хабар беришича, ҳукумат раҳбари маҳалла, кўча, корхона, ишлаб чиқарилган маҳсулотга, керак бўлса фарзандларга ўзбек халқи тарихи, маданияти ва маънавиятга зид бўлган номлар қўйилаётганига эътироз билдирган.

“Биз бу ҳолатларга бефарқмиз, худдики табиий ҳолдек фақат кузатиб турибмиз холос. Хўш, ҳурматли раҳбарлар бу қачонгача давом этади?!

Аҳоли ўртасида, ижтимоий тармоқларда тил билан боғлиқ мавзу энг кўп муҳокама қилинмоқда.

Жамоат жойлари, кўчалар, бинолар пештоқида, турли лавҳа ва рекламаларнинг кўпинча бошқа тилларда ёки мантиқсиз, тушунарсиз мазмунда ва шаклда акс эттирилиши бунга сабаб бўлмоқда.

Бу жойлардаги масъулларнинг ишлари қониқарсизлигидан далолат беради”, – дея таъкидлаган Абдулла Арипов.