Бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев судга берилди

Бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев судга берилди

Қарши туманида пахта етиштириш кластери билан шуғулланувчи «Sulton Tex Group» хусусий корхонаси Бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев, Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев ва унинг биринчи ўринбосари Шуҳрат Тешаевлар устидан Қибрай туман маъмурий судига шикоят аризаси киритди. Бу ҳақда Kun.uz нашри хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, «Sulton Tex Group» хусусий корхонаси Қибрай туман маъмурий судига Бош вазирнинг аграр ва озиқ овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари буйича ўринбосари – Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолияти ва салоҳиятини баҳолаш бўйича Республика Ишчи гуруҳи раҳбари Ўктам Барноев, Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Тешаевларнинг Вазирлар Маҳкамасида 2020 йил 8 апрелда ўтказилган йиғилишга «Sulton Tex Group» хусусий корхонасининг қонуний манфаатларини бузадиган асослантирилмаган маълумот тақдим этиш билан боғлиқ ва йиғилиш баёнида корхонага бириктирилган пахта тозалаш заводининг бино ва иншоотларини қайтариш, корхонасининг пахта тўқимачилик кластери фаолиятни тўхтатиш ва ўрнида фермер хўжаликлари кооперацияси ташкил этиш тўғрисида қарор қилиниши билан боғлиқ корхонанинг қонуний манфаатларини бузадиган ҳаракатларини қонунга хилоф деб топиш ҳақида шикоят аризаси киритган.

Дастлабки суд мажлиси шу йилнинг 9 июль куни Қибрай туман маъмурий судида бўлиб ўтган. Суд мажлиси жавобгарларнинг ҳеч бири судда иштирок этмагани сабабли шу йилнинг 16 июль куни соат 11:00га қолдирилган.