Бойсун ҳокими булдозерда бузиб юбормоқчи бўлган эски бозорга вилоят ҳокими борди (фото)

Бойсун ҳокими булдозерда бузиб юбормоқчи бўлган эски бозорга вилоят ҳокими борди (фото)

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги

Жорий йилнинг 12 май куни Бойсун туманининг А.Навоий номли кўчасига олиб келинган булдозер туфайли туман ҳокими эски бозорни буздириб, савдогарларни янги бозорга ўтказмоқчи эканлиги айтилган эди.

Шундан сўнг, Сурхондарё вилояти Бойсун тумани ҳокимлиги эски бозор олдига келтирилган экскаватор бозорни бузиш учун эмас, балки оптик толали кабель ётқизиш учун жалб қилингани айтди.

Лекин, Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг маълум қилишича, Бойсун туманидаги “Тузбозор” маҳалласи ҳудудида жойлашган мазкур эски бозорга кириш қисмидаги чорраҳада турган экскаваторнинг “Ўзбектелеком” компанияси Сурхондарё филиали Бойсун телекоммуникация боғланмаси иш фаолиятига алоқаси йўқ.

“Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси Сурхондарё филиали Бойсун телекоммуникация боғланмаси туман марказидаги Алишер Навоий ҳамда Истиқлол кўчалари кесишмасида 200 метрли канализацияни қуриш ишларини олиб борган. Қурилиш ишлари эса аввалроқ, 2020 йил 6 май куни тугатилгани маълум қилинди.

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги

Шундан сўнг, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов кеча, 17 май куни Бойсун туманида бўлди. Вилоят ҳокими дастлаб туманнинг “Мустақиллик” маҳалласи ҳудудида янги барпо этилган “Деҳқон (озиқ-овқат) бозори”даги шароитлар билан танишди.

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги

– Кимнинг қандай яшаётганини билмоқчи бўлсанг, унинг бозорини бориб кўр, деб халқимиз бежизга айтмаган, – деди Тўра Боболов. – “Тузбозор” маҳалласида жойлашган бозор анча эскирди. У ердаги ҳолатлар тамаддунлар бешиги сифатида эътироф этиладиган Бойсунга ташриф буюрган хорижлик сайёҳларда ҳам ажабланиш ҳиссини уйғотарди. Бугунги замон барчамиздан янгича қараш ва янгича иш тутишни талаб этмоқда. Шунинг учун аҳолига хизмат кўрсатиш даражасини ошириш ва савдо қилиш шароитларини яхшилаш мақсадида бу ерда замонавий савдо комплекси қурилди.

“Эски “Тузбозор” ҳам бузилмайди. Аксинча, реконструкция қилиниб “Эко бозор”га айлантирилади. Бу аҳолига кенг қулайликлар яратиш билан бирга, савдо хизмати кўрсатиш сифатини тубдан яхшилашга хизмат қилади. “Эко бозор” битгач, хоҳловчилар у ерда савдо-сотиқ ишларини бемалол давом эттиришлари мумкин ”, – дея Тўра Боболовнинг сўзларини келтирмоқда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги

Шундан сўнг Тўра Боболов эски бозорни ҳам бориб кўрди. Вилоят ҳокими бозордаги ҳаминқадар расталар, тор, айниқса, ёмғирли кунларда сув ва лой бўлиши сотувчи ва харидорларга қийинчиликлар туғдирган йўлакларни кўриб, “Тузбозор” ўрнида фаолиятини замонавий асосда йўлга қўйиш имконини берадиган янги типдаги бозор лойиҳасини тайёрлаш бўйича кўрсатма берди.