Бойсунда ҳайдовчи чўпон ва унинг подасини уриб юборди

Бойсунда ҳайдовчи чўпон ва унинг подасини уриб юборди

Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида Nexia ҳайдовчиси чўпон ва унинг подасини уриб юборди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот хизмати хабар қилди.

Ҳодиса 21 апрель куни соат 02:00 да Бойсун тумани «Темирдарвоза» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 39 автомобиль йўлининг 1334-километрида содир бўлган. 23 ёшли ҳайдовчи С. П. «Термиз-Тошкент» йўналиши бўйича ҳаракатланаётган вақтда ушбу йўналиш бўйича қўйларни ҳайдаб кетаётган пиёда 28 ёшли А.Қ., унинг 21 бош қўйи ҳамда 10 бош қўзисини уриб юборган.

Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида А.Қ. тан жароҳати олиб ҳодиса жойида вафот этган.

Ҳолат юзасидан Бойсун туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.