Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Бозор ва адабиёт (баҳс-мунозарали суҳбат)
18.03.2017 16:36,  
109
  • Омма нимани ўқияпти?
  • Бирваракайига учта асар ёзадиган муаллиф;
  • Бугун қайси китоб машҳур?
  • Газетачи ноширни, ношир газетачини айблайди;
  • Умрида битта китоб ўқиган адиб;
  •  Янгича ва антиқа стил;
  • Итларга едирилган “капалак”лар...

Таниқли ёзувчи, шоир, сценарийнавис, публицист ва педагог Каримберди Тўрамурод билан савол-жавоб.

– Каримберди ака, бозор ва адабиёт ҳақида жуда кўп гапирилган. Сиз нималар деган бўлардингиз?

– Бу анча баҳсли мавзу. «Бозор иқтисодиёти” деган асрда ҳамма бозор талабини ўрганадиган, бозорга қараб иш қиладиган бўлди. Жумладан, китоб чоп қиладиган ноширлар ҳам бир китобни чоп этишда ундан халқ қандай манфаат топишидан олдин ўзи қандай фойда олиши, бозорда бу китоб қандай сотилишини ўйлайдиган бўлди. Ноширга кўпинча АСАРнинг қиммати, мазмунидан кўра, МУАЛЛИФнинг таниқли исм-шарифи муҳим бўлиб қолди. Бозордагилар танийдиган, тан оладиган, китобини сотиб оладиган муаллифларнинг китобини босадиган бўлишди. Лўнда қилиб айтганда, олдинги ноширлар АДАБИЁТ учун хизмат қилган бўлса, ҳозирги ноширлар БОЗОР учун хизмат қилишади.

– Аммо... бозор, бозор деймиз-у аслида халқнинг катта қисмини шу қатлам ташкил этади. Бундан қочиб бўлмайди. Оммабоплик ҳамиша эътиборда тутилади. Масалан: “илмий-оммабоп нашр” деган атама бежиз эмас

– Олдин оммавий китобхонлик бўлмаган. Китоблар ЭЛИТА учун чоп қилинган. Адабиёт ҳам ҲАММАГА, ОММАГА бўлмаган. Адабиёт ЭЛИТА учун ёзилган. Аслида, ОМММА китоб ўқимаган ҳам. Шўролар ПРОЛЕТАР адабиёти деб, ОММАБОП адабиётни жорий қилди, ҳамма китоб ўқийдиган бўлди.

– Бизнингча, шундан кейин енгил-елпи асарлар ҳам чиқиб кетган бўлса керак... Барибир оммабопликка бутунлай нотўғри қарамаслик керак. Масалан, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов китобларига бозорда ҳам талаб катта.

– Бу А.Орипов ва Э.Воҳидовлар ҳақида юқоридан туриб анча гаплар айтилгани учун аслида. Ҳар даврнинг, ҳар бир сиёсий тузумнинг ЎЗ АДИБЛАРИ бўлади. Керак бўлганда ДОҲИЙЛАР Максим Горькийни, Маяковскийни “чиқаришди”. Керак бўлганда Шолоховни “чиқаришди”. Мен асло иқтидорларини камситмайман, аммо керак бўлганда Чингиз Айтматов ва Расул Ҳамзатовларни “чиқаришди”. Ўзбекистонда ҳам кимларни “чиқаришгани”ни яхши биласиз. Ҳаммаси съездлар ва пленумлар қарорларига лаббай деб жавоб берадиган романларни ёзиб ташлашди. Бугун ғалвирни кўтарсангиз, пленум қарорлари қолади, холос. Каримберди Тўрамурод деб росту ёлғон аралаш икки жойда айтилсин, кўрасиз, китобларим миллион нусхада сотилиб кетишини...

– Аммо Қоржовов деб ҳам юқоридан айтилмаган.

– Қоржововни ўқийдиган даражадаги ўқувчи кўплигидан бу! Ана шу – ОММА! Қоржовов омманинг қулфи дилини топган! Қандини урсин!

– Маърифий асарлари билан машҳур бўлган адибимиз-чи?

– У киши ҳаммамизга устоз. У киши мустақилликка эришган йилларимизда пайдо бўлган бўшлиқни тўлдирган асарлари билан эл дардига малҳам бўлдилар. Бошқалар олдинги адабиёт мезонларидан кечилган, янгиси яратилмаган бир олатасир замонда ёзишдан тийилиб турганда баракали ижод қилдилар. Эл муҳаббатини қозондилар. Устозни ОММА ҳам ўқиди, ҲАММА ҳам ўқиди. Энди ОММА учун ёзадиганлар кўпайиб қолгач, ўзлари “тарбиялаган” оммадан “бир калла баланд” қатлам, зиёлилар қатлами ўқийдиган жиддийроқ мавзуларда китоблар чоп этишни бошладилар. Буларни омма “ҳазм қилиши” оғирроқ, унга зерикарли ҳам туюлади, аммо устознинг асарларини кўпчиликни ташкил қиладиган зиёлилар қатлами севиб ўқийди. Қолаверса, устознинг китоблари тарбияда дастуруламал асарлардир.

– Шу кунларда «Суиқасд» номли китоб бозоргир.

– «Суиқасд» ҳақида эшитмаган эканман. Хабарим йўқ. ИЖОДКОР дегани бозорга қараб ёзиши эмас, КИТОБХОНни ўз ортидан эргаштириши керак, деб ҳисоблайман. Аммо НОШИР бундай ҳисобламайди. У бозор айланади, реализаторнинг оғзини пойлайди, қандай китоблар кўп сотилаётгани ҳақида информация йиғади. Бугун НОШИР АДИБ билан эмас, РЕАЛИЗАТОР билан ишлайди. РЕАЛИЗАТОР кимни ЗЎР деса, НОШИР ҳам ўшани ЗЎР дейди.

– Аммо омма бугун жиддий мавзуларни ҳам ўқияпти...

– Ана, раҳмат! Ўқувчиларнинг “онглироқ” қатлами шаклланяпти энди. Бундан хурсанд бўлиш керак. Ана шу “шаклланаётган омма”ни йўқотиб қўймаслик ва имкони топилса, уни зиёлилар қатламига олиб чиқиш зарур. Энди «олди-қочди» билан алдаб бўлмайди янги «омма»ни. Масалан, «Шайтанат» ОММА учун эди. Шу боис унинг умумий тиражи, менимча, миллиондан ошиб кетди. Бунинг бошқа омили ҳам бор. Орадаги узилиш йилларида ёзилди асар ва ўшандаги бўшлиқни фақат у тўлдирди. Яъни, ОММАнинг «Шайтанат»дан бошқа ўқийдиган нарсаси йўқ эди (Қоржововлар ҳали мактабда ўқирди унда). Энди салмоқли асарларни чоп этиш керак. Бунда НОШИРЛАРнинг роли катта. Улар “ғалвирда қоладиган” асарларни тақдим қилишлари шарт!

Ана шундан кейин янги ёзувчилар ҳам пайдо бўлади. Яхши ёзадиган ёзувчилар! “Олди-қочди” эмас, ростакам асарлар ёзадиган ёзувчилар. Китобхон шуларнинг ортидан эргашади кейин. Ана кейин “олди-қочдичи”лар бошқа иш қилишади, ўзларига муносиб ишни. Ҳозирча бозордаги пистафурушлар китобини олиб ўқиётганларига маст бўлиб юришибди улар. Халқ ўқияпти деб. Ўзини зиёли санаган одам уларни ўқимайди ҳам, очиб қарамайди ҳам.

– Китобхон эргашмаса-чи?

– Эргашади... Менинг бирорта муаллифга хусуматим, аламим ҳам йўқ. Масалан, Қоржовов билан бирга ишлаганман. Унинг ишлашига тан бераман. Мен ундай ишлай олмайман. У бир йўла учта газета учун учта сериал ёзаверади. Бунақаси менинг ақлимга ҳам сиғмайди. Битта асарни тугатмагунимча бошқаси ҳақида ҳатто ўйлай олмайман. Қоржовов учта сериални бир вақтда ёзарди. Ўзига айтганман, «Мазмунига бир нима дея олмайман, аммо кўп нарса ёзган ёзувчи сифатида сиз Гиннессга кирасиз», деб. У шунга муносиб.

«Афғон шамоли»нинг биринчи китобини ўзим таҳрир қилиб, газетамизда берганман. Иккинчи китобига муассис олдиндан нақд пул бериб ёздирган. Кейин «шишиб кетиб», «шамол»нинг ўнта китобини ёзиб ташлади. Биринчиси «Мен»нинг тилидан ёзилган эди, кейингилари «У» бўлиб кетди. Муаллифга «Тақсир, нега бундай бўлди?» десам, «Бу янгича стил», деди. «Сиғмай қолди, деб тўғрисини айтаверсангиз бўлмайди?» дедим. «Шунақа бўлиб қолди», дейди. «Унда биринчисини қайтадан ёзиб, уни ҳам муаллиф тилидан қилинг», десам, «Биринчи китобни қайтадан ёзгунча, янги битта китоб ёзаман», деганди. Муаллифга «Умрингизда нечта китоб ўқигансиз?» десам, «Умримда битта китоб ўқиганман, унда ҳам мажбуран ўқиганман. Аскар эдим, Ленин бурчагига қўйиб қўйишди, шу китоб турган экан, ўқидим. “Э, бунақа китобни мен ҳам ёза оламан”, деб ёзиб кетдим, шундан бери ёзаман, ўқимайман”, деган эди. “Умрида битта китоб ўқиган адиб”. Зўр ибора-я?!

Бир китобга тақриз ёзиб беришимни сўрашди: “Ўлимга маҳкум этилганлар”га. Ўқиб бўлгунимча нафасим қайтиб кетди. Шунчалар сохталик бўладими? Шунчалар орқа-олдига қарамай «олиб қочиш» бўладими? На мантиққа тўғри келади, на қошиққа! Германияда икки йиллик ҳарбий хизматга борган битта қишлоқ йигити НЕМИС МАФИЯСИни тугатиб, қайтишда бир йўла РОССИЯ МАФИЯСИга чек қўйиб, ТОШКЕНТ МАФИЯСИни ҳам дабдала қилиб, қишлоғига қайтади. Икки йиллик армияда шунча гап! Яна армияга кетишида 7-синфда ўқиган синглисини МАФИЯчилар институтда наркотикка ўтқизишибди. Муаллиф оддий арифметикани билмайди. 7-синфда ўқиётган қиз акаси икки йиллик армиядан келгунича институтга киришга ҳам, наркоманка бўлишга ҳам улгурармиш?! Аммо охирида ўша йигит “маҳаллий мафия”ни ҳам ер билан яксон қилади!

Бундай китоблар кўпайиб кетишига НОШИРЛАР айбдор! “Нормальний” китобларни нашр этмасдан, “олиб қочаров”ларнинг “олиб қочилган” китобларини кўплаб нусхада чоп этишди, бозорларни шуларнинг китоби билан тўлдиришди. Омма эса китоб шу экан, деб олаверди...

– Кечирасиз, бунга газетачилар ҳам айбдор! Аввал бу асарлар газетада «айлантирилади»! “Муассис пул бериб ёздирди”, дедингиз, демак, кейин газетада чиққан. «Мафия...» ҳам газетада чоп этилган.

– Ҳа, бизнинг ҳам кўп зараримиз тегди китобхонликка! Биз, “сариқ матбуот”чилар, китоб сотиб ололмайдиган, бозорда ўтирадиган омма учун арзон газета чиқардик, арзон асарлар бердик. Уларни шунга биз ўргатдик, аслида. Тираж ошяпти деб олдиндан, ҳали ёзилмаган “АСАР” учун нақд пул берилган, ўша “Битта китоб ўқиган адиб”га!

Яна бир нодуруст ишимиз ҳам бўлган: тиражни оширяпти деб, “Хушрўй” деган расво “асар”ни роса “айлантирганмиз”. Муаллифни “Даҳо”га чиқарганмиз. Асаридаги бош қаҳрамони ҳар кеча “тунги капалаклар”дан биттасини олиб келиб, итларига едиради!

– Итларига едиради? Мониторинг индамаган экан-да ўша пайтларда...

– Ҳа. Ана шунақа “улуғ” асар эди «Хушрўй». Менимча, у замонда мониторинг бўлмаган. Ҳозир бўлса, газетани ёпишарди-ёв…

− Каримберди ака, ўзингиз ҳам газетада ишлайсиз, газета талабидан келиб чиқиб, ўзингиз ҳам...

− Шамангизни тушундим. Ўзи ёзувчи газетада ишламаслиги керак. Ҳамма ёзувчи, шоирлар бирор газетада ишлашади, камига БОШ МУҲАРРИР бўлиш иштиёқида ёнишади. Газета иши бутунлай бошқа нарса, аслида. Газетага шоир ёки ёзувчи керак эмас, янгиликларни тез илғайдиган, дарҳол газетада ёритадиган, маълум воқеа, ҳодисага омманинг фикрини шакллантирадиган МУХБИРЛАР керак (мухбир – хабар берувчи дегани!). Ёзувчининг меҳнати ҚАДРЛАНСА, ТЎҒРИ БАҲОЛАНСА, у муҳаррирнинг ҳам, газета очиб берган ҳукуматнинг ҳам, хусусий газета бўлса, муассиснинг ҳам қош-қовоғига қараб ўтирмасдан, улар берадиган ойлик маош ва, айниқса «қизил матбуот» ходимларига ҳукумат берадиган турли номдаги МУКОФОТларга иликдек кўз тикмасдан, АСАР ЁЗИБ, УЙИДА ЎТИРАРДИ. Чет элларда ёзувчи битта китоби билан миллионер бўлади, унга газета ҳам керак эмас, мукофот ҳам. Ё «АМЕРИКА ХАЛҚ ЁЗУВЧИСИ» деган ёзувчини кўрганмисиз? Мен ҳам хусусий газетада ишлайман ва газета талаби, муассис топшириғи бўйича ёзганларим ҳам бор. Юқорида айрим қаламкашлар ҳақида айтилган танқидий фикрлар ўзимга ҳам тегишли. Ўзим ҳам мукаммал, бадиий жиҳатдан пишиқ асарлар ёзаман, деган даъводан йироқман, аммо шу йўлда изланишдаман. Битта нарсани ишонч билан айта оламанки, мен БОЗОР учун ёзмайман. Мен ўқувчимни яхши танийман. У зиёли, оқ-қоранинг фарқига боради. Энг муҳими, ёзганларимдан беш-ўн йил ўтиб, ўзим уялмайман...

P/S. Хуллас, бу мавзу анча баҳсталаб. Аммо ҳамма гап шундаки, енгил-елпи ёзадиган муаллиф “енгил ёздим” деб ҳеч қачон тан олмайди. У ўқиш, фикрлаш билан эмас, ёзиш билан машғул. Ҳатто гонорардан кўра, китобларининг сонига ишқибоз. Шундай экан, демак, ҳали-бери...

(“Янги китоб” учун махсус)

Facebookдаги “Янги китоб нашриётисаҳифасидан

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан