Бу Андерссон “Uzauto Motors”га бош директор этиб тайинланди

Бу Андерссон “Uzauto Motors”га бош директор этиб тайинланди

«Ўзавтосаноат» АЖ Бу Андерссонни “UzAuto Motors” АЖ ва “UzAuto Motors Powertrain” АЖ ларнинг бош директори этиб тайинлади. 

Хабарга кўра, Швеция Ҳарбий Академиясининг ҳамда Гарвард университетининг олий менежмент программаси битирувчиси, Стокголм университетининг бизнес бошқаруви бакалаври бўлмиш Бу Андерссон автомобилсозлик соҳасидаги энг илғор топ-менеджер бўлиб, автомобилсозлик соҳасидаги фаолиятини 1987 йилдан Швециянинг «Saab Automobile AB» компаниясида бошлаган.

1993 йилдан 2009 йилгача харид йўналишида турли рахбар лавозимларни эгаллаган ва 2001-2009 йилларда “General Motors«нинг глобал харид бўлинмасига раҳбарлик қилган.

2009 йилдан 2013 йилгача «Группа ГАЗ» корхонасига президент этиб тайинланади. Бу даврда Андерссон «Группа ГАЗ» бизнесини зарардан барқарор фойдага олиб чиқишга эришади.

2014 йилдан 2016 йилгача «АвтоВАЗ» ОАЖ президенти этиб тайинланади. «Группа ГАЗ»да бўлгани каби, Андерссон «АвтоВАЗ»да ҳам тўлиқ трансформацияни амалга оширди.

«АвтоВАЗ»ни тарк этгач, Андерссон энг йирик автомобиль бутловчи қисмларини ишлаб чиқарувчиларидан бири бўлган “Yazaki Europe, Africa, North & South America” корпорациясига 4 йил раҳбарлик қилади.

Адам Смит халқаро автомобиль форумида Бу Андерссон Россия автомобилсозлик саноатида «2010 йилнинг энг яхши етакчиси» деб топилади. 2011 йилда Андерссон Европа автомобилсозлик саноатининг энг муваффақиятли раҳбарларини аниқлаш учун “Automotive News Europe” томонидан ҳар йили ўтказиладиган “Eurostars” мукофотида «Ривожланаётган бозорлар бўйича Европа автомобиль саноатининг энг яхши етакчиси» деб топилади.

2012 йилда Бу Андерссон Европанинг автомобилсозлик соҳасидаги етакчи нашриёти бўлган “Automotive Supply Chain«дан «ГАЗ Группаси»ни инқироздан кейин молиявий ҳолатини тиклагани ва Россиянинг енгил тижорий воситалар бозорида компаниянинг етакчилигини таъминлагани учун «Энг яхши ютуқлар» мукофотига сазовор бўлади.

Маълумот учун: “UzAuto Motors” АЖ ва “UzAuto Motors Powertrain” АЖ Ўзбекистон автомобилсозлик саноатидаги давлатга қарашли «Ўзавтосаноат» АЖнинг йирик шўба корхоналари бўлиб, “General Motors” билан техник лицензия шартномаси асосида “Chevrolet” енгил автомобилларини ишлаб чиқаради.