Бу инсонлар миллатимизнинг энг сара вакиллари эди – Шавкат Мирзиёев қатағон қурбонларини ёдга олди (фото)

Бу инсонлар миллатимизнинг энг сара вакиллари эди – Шавкат Мирзиёев қатағон қурбонларини ёдга олди (фото)

Фото: president.uz

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 31 август куни Шаҳидлар хотираси хиёбонига ташриф буюрди.

Мажмуадаги рамзий қабр ёнида қатағон қурбонлари руҳларига бағишлаб Қуръон тиловат қилинди. Шу ерда нуронийлар, уламо ва зиёлилар билан мулоқот бўлди.

  • Ватан фидойиларини эслашимиз, уларнинг ҳақига Қуръон ўқишимиз яхши анъана. Маърифатпарвар боболаримиз мустақиллик учун, халқимиз эмин-эркин яшаши учун курашганини биламиз. Охирги йилларда бутун жамоатчилигимиз ҳаракати билан уларнинг номларини тиклаш, музейларни янги намуналар билан тўлдириш, ижод мактаблари ташкил этиш бўйича кўп ишлар қилиняпти. Буларнинг ҳаммаси - одамларга тарихий адолатни, ҳақиқатни етказиш учун, халқимиз у кунларни билиши ва ҳеч қачон унутмаслиги, бугунги кунларнинг қадрига етиши учун, - деди Шавкат Мирзиёев.

Маълумки, мустабид тузум даврида минглаб бегуноҳ ватандошларимизнинг умри хазон бўлган. 1937-53 йилларда Ўзбекистонда 100 минг одам қатағонга учраган. Уларнинг 13 минг нафари шафқатсиз отиб ташланган. Қанчадан-қанча оилалар хонавайрон бўлиб, болалар етим қолган. Биргина 1937-38 йиллардаги катта қатағон даврида 7 мингга яқин ватандошимиз отилган.

- Бу инсонлар ҳақиқий етакчилар, илғор зиёлилар, адабиёт, маданият намояндалари, бошқача айтганда, миллатимизнинг, халқимизнинг энг сара вакиллари эди. Тасаввур қилинг, агар улар қатағон қилинмаганида Ватанимиз ривожи учун, илм-фан, иқтисодиёт, маданият ва адабиётимиз учун қандай буюк ишлар қилган бўлар эди, халқимизни олдинга бошларди. Шу билиб туриб қилинган. Бугун буни армон билан эслаймиз, - деди Президент.