Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Бу яширин иқтисодни соядан чиқаришнинг ўзбекча усулими?
15.10.2020 09:32,  
1538
Яширин иқтисодни соядан чиқариш мақсад қилинган янги фармон лойиҳаси эълон қилинди
 
Унда бир нечта фойдали таклифлар бор. Масалан, жисмоний шахсларга лицензия олмасдан таксичилик қилишга рухсат бериш, солиқ қўмитасидаги ходимлар сонини 1154 нафар штат бирлигига, яъни, 10 фоизга қисқартириш, риелторлик фаолияти билан шуғулланадиган шахслар учун солиқ ставкасини 25 фоиздан 13 фоизгача тушириш каби.
 
Айни пайтда бу лойиҳада ҳукуматимизнинг халққа беқиёс "ғамхўрлиги" бўлган баъзи ғалати таклифлар ҳам бор.
 
Масалан, 2021 йил 1 январдан бошлаб ҳар чоракда четдан олинадиган божхона тўловисиз почта жўнатмалари қиймати 1 000 АҚШ долларидан 200 АҚШ долларига туширилган. (Фармоннинг 14-банди, 3-хатбошиси). Яъни, энди четдан шахсий фойдаланиш учун сўнгги русумдаги бирон ноутбук, iPhone ёки Samsung телефонини олиб келтирмоқчи бўлсангиз, аввал божхона тўловини тўлаб қўйишингиз керак бўлади.
 
Айни пайтда, Солиқ идораларининг Маълумотларни қайта ишлаш маркази тузилиб, унга бюджетдан 2020 йилда 100 миллиард сўмгача маблағ ажратилади ва бу "Марказни жиҳозлаш учун олиб кириладиган ускуналар, дастурий таъминот ва моддий-техника воситалари божхона тўловларидан озод қилинади". (Фармоннинг 13-банди, 1- ва 3-хатбошиси).
 
Ғалатими? – Ғалати: халққа 1 000 долларлик божсиз жўнатмалар ҳам кўп кўриляпти, давлат органига эса 10 000 000 (ўн миллион) долларгача бўлган жиҳозларни божсиз олиб кириш имкони бериляпти. Яна бу фақат битта ҳолатда, холос (бу каби қарор ва фармонлар анчагина).
 
Шунингдек, ушбу фармон лойиҳасига "Реал вақт режимида идоралараро электрон алоқа орқали солиқ органларига тақдим этиладиган қўшимча маълумотлар РЎЙХАТИ" ҳам илова қилинган бўлиб, 4-бандда "Солиқ органларининг автоматик электрон сўровлари асосида юридик ва жисмоний шахсларнинг омонатлари, кредитлари ва банк ҳисоб рақамларидаги пул айланмалари тўғрисида маълумот" бериш кераклиги кўрсатилган. Яъни, энди банк картангизни солиқчилар назорат қилиши мумкин бўлади.
 
Kun.Uz'га кўра, бу солиқ органларига пластик карточкалардаги маблағлар айланмалари ҳаракати (кунига 5 миллион сўмдан ва (ёки) 10 та транзакциядан ортиқ), шунингдек, ҳар ойнинг бошидаги маблағлар қолдиғи тўғрисида маълумот тақдим қилишни мажбурий қилиши мумкин
 
Яъни, кимнинг пластик картасида кунига шунча миқдорда пул айланса ёки транзакция ўтса, кейинги ой бошида солиқчилар ўша шахсга сим қоқиб, "Марҳамат қилиб солиқни тўлаб қўйинг", дейди. Чунки ҳамма маълумот уларнинг қўлида турибди-да. Бу ерда банк сири очиқ-ошкор бузилаётгани, мижознинг шахсий маълумотлари қонунга зид равишда солиқ органларига берилаётгани шубҳасиз. (Конституциянинг 36-моддаси).
 
Савол туғилади: ўзи қайси жисмоний шахснинг пластик картасида кунига 5 миллион сўм айланади ёки 10 та транзакция ўтади? Ёки ўта пулдор одамнинг пластик картасида (чунки энг кўп ойлик оладиган одамнинг картасида ҳам бунча миқдордаги пул бир ойда бир марта айланади), ёки айни пайтда урфга айланган – хайрия мақсадида пул йиғилаётган пластик картада.
 
Яъни, бу билан хайрия пулларидан ҳам солиқ олишга ҳаракат қилиняпти. Қонунлар майли, аммо бундай ҳаракат ахлоқий қарашларга қанчалик мос келади? Ўзи муайян ишни бажаришга (даволаниш, ўқишга пул тўлаш каби) имкони йўқ одамга хайрия қилинаётган бўлса-да, яна ундан ҳам солиқ тўласа. Яна бир бор ғалати эмасми?
 
Ваҳоланки, бизда GoFundMe каби хайрияларни мувофиқлаштирувчи, бу ишларни давлат органларининг кераксиз аралашуви ва қоғозбозлигидан халос қилувчи платформаларга ҳам рухсат берилмаган. "Вақф" каби давлат томонидан қўллаб-қувватланувчи хайрия жамғармалари эса ортиқча бюрократияси билан муҳтожларнинг тинкасини қуритади: бундай жойларга бирон касалидан даволаниш учун пул сўраб борган одам улар талаб қилган ҳужжатларни йиғиб топширгунича ўлиб кета қолади.
 
Шундай вазиятда, яна пандемия шароитида фармондаги айни бандлар, таклифлар ўринсиз бўлиб, халқ манфаати учун улардан воз кечиш керак.
 
Яна бир гап: юқоридаги фармон лойиҳаси "норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар платформаси"га муҳокама учун қўйилган. Фикр билдирганлар айни таклифларни қатъий рад этган (бир нечтасини мисол тариқасида келтирдим).
 
 
Модомики, лойиҳа муҳокама учун қўйилган бўлса, унда билдирилган эътирозларни ҳисобга олиб, уни ўзгартириш керак. Акс ҳолда, бундай "муҳокама" ҳурматли бош вазиримиз Абдулла Арипов айтганидек популизм бўлиб қолади.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан