Бу йил Ўзбекистонда 7 миллион тоннадан ортиқ бошоқли дон етиштирилади

Бу йил Ўзбекистонда 7 миллион тоннадан ортиқ бошоқли дон етиштирилади
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги “2020 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экинлари навларни жойлаштириш ва бошоқли дон етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисида”ги 831-сон қарорига асосан республика бўйича жами 1 млн 263 минг гектарда бошоқли дон экинлари етиштирилмоқда (шундан 1 млн 78 минг гектар суғориладиган ва 186 минг гектар лалми майдонларни ташкил этади).

Суғориладиган ғалла майдонларининг гектаридан ўртача 71 центнердан жами 7 миллион тоннадан ортиқ бошоқли дон етиштириш режалаштирилган.

Жорий йилда кузги бошоқли дон экинларини етиштиришда Ҳукумат томонидан 3,6 трлн сўмлик имтиёзли кредит маблағлари ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларига ўз вақтида етказиб берилди.

2020 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экинларини ўз вақтида экишга ер тайёрлаш ва экиш бўйича кунлик графиклар ишлаб чиқилди. Шунга мувофиқ, 150 туманнинг 2006 та ҳудудларида 35 мингдан ортиқ фермер хўжаликларида ғалла экиш белгилаб олинди.