Бугун Ўзбекистонда коронавирусдан тузалиш бўйича рекорд қайд этилди

Бугун Ўзбекистонда коронавирусдан тузалиш бўйича рекорд қайд этилди

Бугун пойтахтимиздаги Республика ихтисослаштирилган терапия и тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази клиникасида 82 нафар, Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникасида 50 нафар, шаҳар 1-сон клиник шифохонасида 45 нафар, жами 177 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор соғайиб, ўз уйига  кузатилди.

Таъкидлаш жоизки, аввал хабар берганимиздек, бугун Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида 7 нафар, Хоразм вилоятида 18 нафар бемор соғайганди. Шу тариқа шифокорларимизнинг фидойилиги сабаб бугун 202 нафар инсон коронавирус инфекциясида фориғ бўлди ва соғайиш кўрсаткичи бўйича янги рекорд ўрнатилди. Эслатиб ўтамиз, охирги рекорд кўрсаткич 25 июнь куни қайд этилган бўлиб, 192 нафар бемор тузалган ва уйига кузатилганди. 

Кеча, 26 июнь куни эса мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги тиббиёт муассасаларидан 161 нафар бемор кузатилди. 

Эътиборли жиҳати, бугуннинг ўзида пойтахтимиздаги тиббиёт муассасаларида 184 нафар  бемор коронавирус инфекциясидан фориғ бўлиб, айни пайтгача Тошкент шаҳри ва вилоятида “COVID-19”дан соғайганлар сони 3044 нафарга етди. 

Ҳозирда мамлакатимиз бўйлаб соғайганлар сони 5240 нафарни ташкил этмоқда. Эндиликда шифокорларимиз юртимизнинг турли ҳудудларида 2291 нафар беморни белгиланган стандартлар асосида даволамоқдалар.