Бугундан ижодий-касбий имтиҳонлар ҳам бошланди (фото)

Бугундан ижодий-касбий имтиҳонлар ҳам бошланди (фото)

Бугун, 2 сентябрь куни алоҳида иқтидор талаб этиладиган бакалавриат таълим йўналишларига кириш имтиҳонлари бошланди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, Андижон давлат университетида мавжуд 10 та алоҳида иқтидор талаб этадиган йўналишга 8 мингдан ортиқ абитуриент рўйхатдан ўтган. Бугун 6 та таълим йўналишига имтиҳонлар бошланди. Имтиҳонлар икки сменада ташкил этилиши белгиланган.

Абитуриентларнинг хавфсизлиги ва соғлигини асраш учун барча чоралар кўрилган. Университет ҳудудига кириш дезинфекция туннеллари ўрнатилган. Ҳар бир абитуриент туннелдан ўтгач, иссиғи ўлчаниб, антисептик воситалар билан қўллари тозалаб, ўтказилмоқда. Имтиҳон ўтказиладиган хона ва ҳудудларда масъуллар масофани сақлашни назорат қилмоқдалар. Ҳозирга қадар вирус аломатлари бор абитуриентлар кузатилмади. 

Имтиҳонларни шаффоф ва адолатли ўтказиш мақсадида имтиҳон олувчи мутахассислар юртимизнинг бошқа ОТМларидан жалб этилган. Мусиқа таълими, Чолғу ижрочилиги, Анъанавий хонандалик йўналишларида Ўзбекистон Консерваторияси, ТСМГ ва Рангтасвир Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомчилик ва дизайн институти мутахассислари, Жисмоний маданият, Футбол ва Бокс йўналишларида эса таниқли мураббийлар, жаҳон ва Осиё чемпионлари имтиҳон олмоқда.

Яна бир шаффофликни таъминловчи муҳим қадам, университетдаги имтиҳонлар жараёнларини реал вақт режимида ОНЛАЙН кузатиш имконини берувчи махсус платформа ишга туширилиши бўлди. Имтиҳон ўтказиладиган 6 та ҳудудда 20 та веб-камера ўрнатилиб, абитуриентларнинг ота-оналари ва яқинлари бемалол уйдан туриб имтиҳонларни кузатиб боришлари учун шароит яратилди.

Тиббиёт ходимлари ҳар бир абитуриентни, айниқса спорт йўналишлари бўйича имтиҳон топшираётганларни соғлигини алоҳида назорат қилмоқдалар олмоқдалар. Улар учун гигиена талабларига риоя қилган ҳолда сув ва салқин ичимликлар ташкил қилинган. Хавфсизликни таъминлаш учун Миллий гвардия ва Ички ишлар ходимлари жалб этилган" - дейилади вазирлик хабарида.