Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллар
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар








Бугунги кундаги об-ҳаво шароити қишлоқ хўжалиги экинларига салбий таъсир кўрсатиши мумкинми?
15.03.2022 07:47,  
192

14 март куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Нигора Ходжаева иштирокида ёғингарчиликнинг қишлоқ хўжалиги экинларига таъсири ҳақида брифинг бўлиб ўтди.

Ўзгидрометеорология маълумотларга кўра, март ойининг илк ўн беш кунлигида кетма - кет ёғингарчиликлар бўлиши ҳисобига Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида 12-15 мм, Фарғона водийси вилоятларида 18-20 мм, республиканинг қолган ҳудудларида 20-40 мм, тоғли ва тоғолди ҳудудларда 50-60 мм дан ортиқроқ ёғингарчилик кузатилди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Нигора Ходжаеванинг маълум қилишича, март ойининг биринчи ўн беш кунлигида тупроқнинг 10 см чуқурлигида ҳарорат ўртача 7 даража илиқни кўрсатди. Яъни, эрталаб соат 5 да 6 даража, кеч соат 17 да 8 даражага тенг бўлган. Бундан ташқари тинимсиз ёғган ёмғир қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқларига ҳам таъсир кўрсатди.

Бошоқли дон етиштиришда:

- ёғингарчилик миқдорининг кўп бўлиши ўсимликка берилган азотли, фосфорли ва калийли минерал ўғитларнинг тўлиқ ўсимлик томонидан ўзлаштирилиши ҳамда тупроқда намлик заҳираси тўпланиши;

- парваришланаётган бошоқли дон экинлари ҳамда лалмикор ҳудудлардаги қишлоқ хўжалиги экинларининг ўсиши ва ривожланиши;

- тупроқда намликнинг етарли бўлиши ва ҳаво ҳароратининг паст бўлиши, бошоқли дон экинларининг қўшимча поя ҳосил қилишига сабаб бўлади.

Шунингдек, тупроқнинг ҳайдов қатлами намга тўйинади, ғалла майдонларининг ҳар гектарига бир марта суғориш учун сарфланадиган 750-900 метр куб сув иқтисод қилинади. Бунинг ҳисобига сув омборларига йиллик истеъмол учун сув заҳиралари йиғилади.

Бугунги кундаги об-ҳаво шароити қишлоқ хўжалиги экинларига салбий таъсир кўрсатиши мумкинми?

Ғалла майдонларида эрта баҳорги азотли ўғитлар билан озиқлантирилган бўлса ривожи тезлашади, аммо озуқа етарли бўлмаган майдонларда ғалла ниҳолларининг ривожи сусаяди ҳамда униб ўсишга қувват етмаганидан сарғайиб кетиш эхтимоли мавжуд.

Эрта баҳорда ҳавонинг нисбий намлиги 60 фоиздан юқори бўлиб, ўртача кунлик ҳаво ҳарорати 7-15 даража илиқ бўлганда, сариқ занг касаллиги, агар ушбу намликда ўртача кунлик ҳаво ҳарорати 15-25 даража бўлганда эса қўнғир занг касаллиги кенг тарқалишига шароит яратилади.

Серёғин келган йилларда ғаллазорларда замбуруғли касалликлар (сариқ ва қўнғир занг, ун шудринг, септариоз, илдиз чириш) кенг тарқалиши кўп йиллик тажрибаларда кузатилган.

Эрта баҳордаги етарли намлик ва нисбатан иссиқ об-ҳаво ғаллазорларда бегона ўтларнинг жадал ривожланишига олиб келади.

Тинимсиз ёғингарчиликнинг кузатилганда бошоқли дон етиштиришда қандай чоралар кўрилиши зарур?

Ғалла майдонларида суғоришни тартибга солиш лозим. Агарда суғоришга эътиборсизлик қилинадиган бўлса, дала шароитида намлик юқори бўлиб, ғалла майдонларида замбуруғли касалликлар ва турли хил бегона ўтларнинг ривожланишига имкон яратилади.

Сизот сувлари яқин жойлашган ҳамда ҳавонинг нисбий намлиги юқори бўлган ҳудудларда касалликларнинг олдини олиш учун доимий кузатув ишлари олиб борилади.

Республика ҳудудларида бугунги кун шароитида, ғаллачиликдаги зарарни олдини олиш мақсадида занг ва бошқа касалликларга, бегона ўтларга ҳамда зараркунанда ҳашоратларга қарши кимёвий курашиш учун 1,5-2 марта тўлиқ ишлов беришга етарли кимёвий воситалар заҳираси яратилган. Далага чиқиш имконияти бўлиши билан ғалла майдонларида тўлиқ профилактик ишлов бериш ишлари амалга оширилади.

Чигит етиштиришдаги таъсири ва кўриладиган чоралар:

Март ойида об-ҳаво серёғин келганда чигит экиш ишлари қандай ташкил этилади?

Тупроқда намликнинг меъёрдан кўп тўпланиши чигит экиладиган майдонларда тупроқнинг намлик режимига ижобий таъсир кўрсатади. Айниқса, чигит экиш учун кузда шудгор қилиб қўйилган майдонларда ерда намлик заҳираси ошиб, чигитни тупроқнинг табиий намлигида ундириб олиш имконини беради.

Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Жиззах ва Сирдарё вилоятларининг 440 минг гектардан ортиқ шўри ювиладиган пахта майдонларида баҳорги ёғин-сочин сувларидан шўр ювиш ишларида фойдаланиш яхши самара беради.

Бунда, тупроқнинг механик таркиби ва ерларнинг шўрланиш даражасидан келиб чиқиб, шўр ювиш учун олинган поллар ёмғир ва сел сувлари билан тўлиб, қарийиб бир мартагача шўр ювиш учун сарфланадиган дарё сувларини тежалишига эришилади.

Бундан ташқари, республика бўйича 332 минг гектар пушта олиб, нам суви бериб чигит экиладиган Қашқадарё, Сурхондарё, Андижон, Наманган, Жиззах, Фарғона, Самарқанд ва Навоий вилоятлари ҳудудларида кузда ва эрта баҳорда олиб қўйилган пушталар ёмғир суви билан тўлиб, табиий намлик заҳираси яратилади.

Лекин, кетма-кет ёғин ёғиши ҳисобига баҳорги далада бажариладиган агротехник тадбирлар ер текислаш, пушта олиш, пуштани суғориш, экиш олди ерга ишлов бериш (бороналаш) ва экиш ишларини мақбул муддатлардан кечикади.

- бундай пайтларда чигит экишда деҳқон ва фермерлар, кўп йиллик тажрибага эга бўлган олим ва мутахассислар тавсияларига ҳамда илғор тажрибаларига таянган ҳолда ишларни ташкил қилишлари керак бўлади;

- пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари раҳбарлари ушбу ёғингарчиликлардан кейин ҳар бир ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитини инобатга олиб чигит экишга ер тайёрлаш ва чигит экишни оптимал муддатларда ҳамда сифатли ўтказишга алоҳида эътибор қаратишлари лозим;

- баҳорнинг илиқ кунларида чигит экиш ишлари бир кунга кечиктирилса тупроқнинг 1 см даги намлиги, агар 3-4 кунга кечиктирилса 3-4 см қатламидаги намлик кўтарилиб (буғланиб) кетади.

Боғ ва токзорларга таъсири ва кўриладиган чоралар:

Мевали боғ ва дарахтлар ҳамда токзорларга ёғингарчиликнинг таъсири қандай?

Респуликамизда барча тоифа хўжаликларида жами 337 минг гектар боғлар ва 182 минг гектар узумзорлар мавжуд. Тинимсиз ҳар куни ёғаётган ёмғир бугунги кунда гуллаш фазасига кирган ўрик, шафтоли, бодом боғлари ҳосилдорлигига зарар етказмайди. Фақат чангланиш муддатини секинлаштириши мумкин. Қолган мевали боғларимиз бугунги кунда гуллаш фазасида эмаслиги сабабли зарари кузатилмайди.

Фойдали томони охирги 2020- 2021 йилда янги барпо этилган 88 минг гектар мевали боғлар ва 75 минг гектар узумзорларга тупроқдаги намлик ҳисобига илдиз тизими яхши ривожланишига катта фойдаси бор. Айниқса лалми ерларда парваришланаётган боғларнинг ер ости сувларининг заҳираси таъминланади. 

Тавсия Этамиз








Тавсия Этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан