Булутлар оралаб: Ўзбекистоннинг энг баланд номсиз чўққиси сари

Булутлар оралаб: Ўзбекистоннинг энг баланд номсиз чўққиси сари

Ўзбекистоннинг расман энг баланд нуқтаси — Ҳазрати Султон чўққиси (4643 метр) атрофида яна бир нечта чўққилар борлиги, улар орасида ном қўйилмаганлари ҳам кўплиги, баъзиларига ҳали одам оёғи етмагани ҳақида эшитган эдим. Помир-Олой тизмаларининг Ҳисор тоғларида жойлашган ушбу чўққиларни забт этиш орзум бор эди.

Денгиз сатҳидан 3500 метр баландгача жойлашган Арашан кўлларига саёҳат пайтида Давлат Экология қўмитасининг Ҳисордаги Номсиз чўққига экспедиция уюштиришни режалаштираётгани ҳақида хабардор бўлдим. Ўтган ҳафтада қўмитадан телефон қилиб экспедицияга таклиф қилишди. Режалаштирган ишларим кўп эди. Рад этиб ҳам бўлмайди — бунақа имконият камдан кам бўлади: чўққи қўриқхона ҳудудида жойлашган, у ерга фақат илмий ходимлар ва махсус рухсат билан кириш мумкин холос. Ишларимни қайта режалаштирдим-да, сафарга тайёргарликни бошладим.

6 август куни сахар Тошкентдан Шаҳрисабзга йўлга тушдик. Китоб довони карантин сабаб ёпилган экан. Айланиб ўтишга тўғри келди. Шаҳрисабзда бизни Ҳисор давлат қўриқхонаси директори Ғиёс ака Янгибоев кутиб олди. Мендан ташқари “Дунё бўйлаб” ва “Ўзбекистон24” телеканаллари ходимлари, Ўзбекистон Фанлар академияси Ботаника ва Зоология институти илмий ходимлари ҳам етиб келишган экан. Бу ердан Экология қўмитаси ва қўриқхона ходимлари ҳам қўшилиб, тоғ томон йўлга чиқдик.

 

Македонскийдан «қизил қайроқи»гача

Тоғ йўлига анча мунча автомобиль дош беролмайди. Шунинг учун 4х4 Нива ва УАЗларда йўлни давом эттирдик. Бугунча сўнгги манзилимиз — Ғилон қишлоғи. 

Ғилон қишлоғи ҳақида аввал қишда 1 метр қор ёғиб, йўл ёпилиб қолгани ҳақида хабар чиққанда, сўнг этнотуризмни ривожлантириш бўйича ҳукумат қарори чиққанда билган эдим. Ўшанда юртимизда шунақа сўлим қишлоқлар бор экану, билмай юрганимни қара, деб ўзимни койигандим.

Ғилон қишлоғи Шаҳрисабздан 85 км масофада жойлашган.  Шаҳардан тоққа борган сайин табиат гўзаллаша боради. Соя-салқин Мираки қишлоғидан ўтиб, Ҳисорак сув омбори бошланади. Сув омборига Оқсув дарёси келиб қўшилади. Ҳисорак қишлоғидан юқорига қараб юрилса, Кўл ва Ғилон қишлоқларига борилади. Йўлнинг шу қисми деярли асфальт қилинмаган, талабга жавоб бермайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 мартдаги “Қашқадарё вилоятининг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида  Ғилон ва Кўл қишлоқларида этнотуризм йўналишини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар режаси белгиланган. Унга кўра, Ғилон ва Кўл қишлоқларига олиб борувчи йўлларни такомиллаштириш 2019 йил августда бажарилиши кўрсатилган. Йўлнинг ҳолатини кўриб, қарор қоғозда қолиб кетганига амин бўлдим.

Ғилон қишлоғига ҳали кирмасдан йўл четида сомон ва ҳашак майдалайдиган техникалар ишлаб турибди. Уни юк машинасига юклаб, яна қишлоққа олиб боришаркан. Кейинчалик билсам, аҳоли қишлоқ ичида сомон ва ҳашак чанглари тарқалиб, қишлоқдошга озор бермасин деб, атай қишлоқ ичидаги пичанларни ташқарига олиб чиқиб, майдалаб, сўнг Ғилонга олиб киришаркан.

Қишлоққа киришда илк кўзга кўрингани маҳаллий аҳолининг карантин постини назорат қилиши бўлди. Маҳаллий аҳоли вакиллари навбат билан қишлоққа кирадиган ягона йўлда шлагбаум орқали келадиганларни назорат қилишаркан.

Қишлоқ бўйлаб кетарканмиз, барчанинг — қарию ёш, эркагу аёлнинг тиббий ниқобда экани ажаблантирди. Қишлоқнинг энг юқори қисмига етгунча биронта ҳам ниқобсиз кишини учратмадик. Ҳатто тоғдан тушаётган чўпонлар ҳам ниқобда эди. Уй ҳовлисида юрганлар ҳам ниқобда.

Биронта СЭС ёки ички ишлар ходими кўринмайди. Тоғда тоза ҳаво бўлса, текширадиган одам бўлмаса, нега ҳамма ниқобда экани қизиқ туюлди. Кейин суриштирсам, қишлоқ аҳли коронавирус инфекциясини ўзларига йўлатмаслик учун ҳаммалари бирдамликда карантин қоидаларига риоя этишга келишишган экан. Илк таассуротданоқ қишлоқ одамларининг аҳиллигига тан бердим. 

Айрим тарихчилар қишлоқ номини эроний тилли халқларнинг гел деган қабиласига боғлашади. Ғилон “Гел+он” — геллар, гел қабиласига мансуб аҳоли тарзида изоҳланади. Эронда Гилон вилояти бор. Гилон вилоятини Амир Темур ва темурийлар босиб олган. Шунингдек, Ғилонни машҳур мутасаввуф Абдулқодир Гийлоний номи билан боғлайдиганлар ҳам бор.

Ғилонда 6 мингдан кўпроқ аҳоли яшайди. Қишлоқ аҳолиси тожикзабонлардир. Аҳолининг юз тузилишига қарайдиган бўлсак, улар орасида кўк кўз ва малласочлари, юнонлар ва форсийларга ўхшайдиганлари ҳам кўп. Айрим тарихчиларнинг фикрича, Александр Македонский Ўрта Осиёни босиб олишда бу қишлоқдан ҳам ўтган ва унинг баъзи аскарлари ҳудудда қолиб кетган. Амир Темур Эрондаги Гилонни босиб олгандан сўнг у ердаги баъзи аҳолининг бу ҳудудларга келиб қолгани эҳтимоли ҳам мавжуд.

Шунингдек, қишлоқ номи сўғд тилидаги “ғилинк”, форс тилидаги “ғаланг” — улкан тошлар уюми номидан келиб чиққан деган фараз ҳам мавжуд. Ғилон қишлоғи осмонўпар Ҳисор тоғлари бағрида, атрофи улкан чўққилар билан ўралган.

Денгиз сатҳидан 2250 метр баландда жойлашган Ғилон қишлоғидаги деярли барча уйлар синчдан, икки қаватли қилиб солинаркан. Синч орасидаги ёғочлар жуда зич. Асосан терак ёғочидан бўладиган синч деворлари ораси ярим ғиштдан кичикроқ хом гувала билан тўлдирилиб, иситгич материал қўйилиб, устидан гипсокартон қоқиларкан. Шу боис ташқарида совуқ бўлса ҳам, уй ичидаги ҳарорат иссиқ сақланаркан.

Аҳоли зич жойлашгани, бир-бирига ишончи кучлилиги ёки тоғда ноқулайлик сабабиданми ҳовлилар деворсиз. Биз тушган хонадон эгаси 30 чоғлик кишини меҳмон қилди.

Қишлоқ аҳолиси асосан боғдорчилик, деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланади. Кўпчилик «қизил қайроқи» навли картошка экади. Шунингдек, олма, гилос, нок, ёнғоқ яхши ўсади. Олмани махсус омборларда келгуси йилнинг июнь ойигача сақлайдиганлар ҳам бор. Август ойи бўлишига қарамай қишлоқда гилос ва ўриклар эндигина пишибди. Олмалар ҳали пишмаган.

Қишлоққа қиш эрта келади. Баҳор ҳам кечикади. “Бу йил 15 май куни ҳам қалин қор ёғди” дейди бизни хонадонида меҳмон қилган Исмоилбек. Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, бу йил феврал ойида Кўл ва Ғилон қишлоқларига олиб борувчи 16 километрлик йўл 1 метр қор остида қолгани учун булдозерда йўл очиб чиқилган.    

Ғилонликлар узун умр кўради: қишлоқда 200 нафардан ортиқ 80 ёшдан, 60 нафардан ортиқ 90 ёшдан ошганлар истиқомат қилади. Юздан ошган нуроний отахон ва онахонлар ҳам бор. Қишлоқ аҳли орасида биронта семиз кишини кўрмадим. Ғилонликлар жуда меҳнаткаш, серҳаракат одамлар. Тоза ҳаводан нафас олади, тоғ музликларидан келувчи тоза сувдан ичади, ўз меҳнати эвазига етиштирган табиий сабзавот, мева-чева ва буғдойдан истеъмол қилади. Шу боис узоқ яшайди.

Бугун қишлоқда қолдик. Умримда илк бор ташқарида чодирда (палаткада) ётдим. Кўника олмадим. Ухлашим қийин бўлди.

Айиқлар, қоплонлар ва қоратошлар водийси

Сахар чой ичиб бўлгач, асосий мақсадимиз – чўққилар сари яна йўлга чиқдик. Қишлоқдан машинада бора олинадиган сўнгги манзилгача 8 км масофа бор. Аҳоли денгиз сатҳидан 2500 метр баландликдаги тоғларни ўзлаштирган. У ерга асосан картошка ва буғдой экилади. Шу боис тоғлар оралаб машина юра оладиган йўл қилинган. Торгина бу тоғ йўлида ҳатто ЗИЛ ва Камазлар юрибди. Бу ерда деҳқончилик мавсуми май охиридан бошланиб, сентябргача давом этади. Кейин қалин қор тушгани сабаб чиқиб бўлмай қолади.

Йўл бўйи атрофдаги гўзалликни кўриб, машинанинг тоғ йўлида чайқалиши ҳам сезилмайди. Бу ерларга баҳор энди келди. Ҳар ер кўм-кўк, гуллар очилган.

Машина етиб борадиган охирги манзилдан, денгиз сатҳидан 2800 метр баландликдан Ҳисор давлат қўриқхонасининг Ғилон бўлими бошланади. Шу ерда машиналарни қолдириб, юкларни от ва эшакларга ортиб, ўзимиз пиёда кетадиган бўлдик. Чўққи остонасигача тахминан 8 км бор. Лекин тоғдаги 8 км текисликдагидан анча фарқ қилади. Бугунча чўққи остонасидаги кўлгача етиб олиб, шу ерда чодир тикиб, эртага чўққини забт этишни режалаштирдик.

Дарё водийси бўйлаб юқорилайдиган бўлдик. Сафаримиз унчалик баланд бўлмаган тепаликлардан бошланди. Оёғим остидан чиққан энг биринчи ҳайвон илон бўлди. Устимиздан бургут ва лочинлар учиб ўтди. Текисроқ йўллар тугаб, тошли баланд сўқмоқлар бошланди.

Бу тоғларда энг кўп учрайдиган жонивор суғурлар бўлиб, тошлар ораси ва тоғнинг тупроқли қисмида ерни қазиб ин қуриб олган. Аввалига қушлар сайраяпти-ку, ўзини ҳеч кўрмаяпман дебман. Бу аслида суғурнинг овози экан. Суғурлар тошга чиқиб, икки оёғи билан тикка туриб, сайрагандек овоз чиқараркан.

Суғур танасининг узунлиги 60 см ча, думи 20 см ча, оғирлиги 3—9 кг гача бўлади. Ҳисорда суғурнинг узун думли қизил тури жуда кўп. Унинг уяси 3 м ча чуқурликда, 8 м ча узунликда бўларкан. Ёғи ва мўйнаси қадрланаркан. Кўк суғурлар Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи рўйхатига ва Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган. 

Ҳисор давлат қўриқхонаси Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз, Яккабоғ ва Қамаши туманлари ҳудудида, Ҳисор тоғ тизмасининг ғарбий ёнбағирларида, денгиз сатҳидан 1750 метрдан 4663 метргача баландликда жойлашган. Қўриқхона Сурхондарё вилояти ва Тожикистон Республикаси билан чегарадош.

Ҳисор давлат қўриқхонаси Қизилсув (1975) ва Мироқи (1976) қўриқхоналари негизида ташкил қилинган (1983). Майдони 81000 гектар. Унинг бутун ҳудуди шарқдан ғарбга 37 км, шимолдан жанубга 90 км га чўзилган.

Қўриқхонада ўсимликларнинг 970 та тури, қушлар ва ҳайвонларнинг 140 дан ортиқ (қор қоплони, туркистон силовсини, қўнғир айиқ, бургут, оқ бошли қумой, итолғи, қора лайлак ва б.) тури мавжуд.   

Музликлардан эриб тушаётган дарёнинг нариги қирғоғига ўтиш муаммо туғдирди. Дарё кенгайиб оққан, ўтиш жойи йўқ. Отлар амаллар ўтиб кетди. Биз эса тошдан тошга сакраб ўтишимизга тўғри келди. Икки киши сувга йиқилиб, кийимлари ҳўл бўлди. Шу ерда анча қолиб кетдик. Яхшиямки ҳаво ҳали иссиқ бўлиб, кийимларни қуритиб олиш имкони бўлди.

Узоқдан икки чўққи орасидаги музликлардаги сув эриб шаршара бўлиб тушаётганини кўриб, кичикроқ шалола экан-да, деб ўйлагандим. Унга яқинлашган сари каттагина шаршара эканини кўрдим. Сув 30 метрлар юқоридаги музликлардан эриб, тошларга урилиб каттагина шаршара ҳосил қиларкан. Пастдан яқин кўрингани билан олдигача чиқиб бориш машаққат бўлди. Лекин денгиз сатҳидан 3500 метр баландликда жойлашган бу шаршарани яқиндан кўриш, унинг шабадасида дам олиш мароқли эди.

Шу тоғ орқали ёнлаб кетишни режалаштирган эдик. Лекин пастдагилар орқага қайтишга ишора беришди. Биз юқорида эканимиз боис овоз бизгача келмайди. Тушлик вақти бўлиб қолгани учун дарёнинг нариги қирғоғига қозон осишибди. Яна дарёнинг бошқа тарафидан силлиқ тошлардан сакраб ўтишга тўғри келди. Бу сафар ўнг оёғим сувга тушиб, оёқ кийимимни ҳўл қилди.      

Тушликдан сўнг яна юқорилаб, йўлга тушдик. Экспедициянинг кўпчилик аъзолари дарёдан ўта олмагани боис бошқа йўлдан кетишга қарор қилдик. Йўлбошчимиз Карим ака ғилонлик. Ўзи қўриқхонада ишлайди. Жуда абжир, ҳақиқий тоғ одами.

Тоғ халқининг “ҳайла”си билан ҳисоб-китоб қилиб бўлмас экан. “Манзилга қанча қолди?” дейман. “Ҳайла, шу тоғнинг орқасига” дейди Карим ака. Унинг “ҳайла”си камида 2 километр бўлади. Сизга узоқдан кўринган тепаликнинг ортида эса яна тепаликлар бўлади.

Денгиз сатҳидан 3000 метрдан ошгандан сўнг дарахт ўсмайди, ўтин йўқ. Фақат ўсимлик ва гиёҳлар ўсади. Узоқдан ўйнаб юрган суғурлар кўринади, уларнинг овози эшитилади.

Мендаги тажрибага кўра, тоққа чиққанда йўлда кўп дам олиб қолмаслик керак. Озроқ дам олиб, сўнг яна йўлга тушиш керак. Озроқ бўлса ҳам юриш керак. Бўлмаса совиб қолиб, ўзингизда чарчоқ ҳис қиласиз. Қизиб турган ҳолда тўхтамасликка ҳаракат қиламан. Шу сабаб шериклардан ошиб кетибман. Йўл бошловчилар айтган ҳудуд – нисбатан текисроқ, чодир тикса бўладиган жойга етиб келдим, деб ўйладим.

Катта тошлар орасида дарёнинг ҳовуз жойи бўлиб, атроф суғурлар уясига тўла. Ҳар қалай катта тошлар орасида озроқ тупроғи бор, текис жой шу экан. Денгиз сатҳидан баландлик 3200 метр. Иккала тарафимизни чўққилар ўраб турибди. Сал тепароқда шамол ва ёмғир ёғаётганди. Бу ерда шамол ҳам йўқ. Чодир тикиш учун идеал жой.

Сойга чиқиб, яхшилаб таҳорат қилиб олдим. Сув муздай. 20 сониядан ортиқ тутиб бўлмайди. Шериклар ҳам аста-секин туша бошлашди. Бугун шу ерда қоладиган бўлдик. Асрдан кейин ҳаво совий бошлади. Иссиқ кийимларни кия бошладик. Шомга яқин ҳаво ҳарорати 9 градусга тушди. Курткамни ва шапкамни кийиб олдим.

Шомгача овқатланиб олиб, асосий кучни эртага сақлаш учун келишилди. Баъзилар чодирда, баъзилар ташқарида махсус ҳарбий кўрпада ётадиган бўлди. Кечаси яна совуқ бўлди. Деярли ухлолмадим.  

Кечаги 12 дан сўнг Ой устимизга келаркан. Атроф ёп-ёруғ. Юлдузлар тиниқ, қўл билан ушласа бўладигандек кўринади. Ташқарида ётган шериклардан бири чинқирди. Ё нимадир чақди, ё суғурми, бирон ҳайвон юзини ялаб кетди.

Ярим кечаси отлар қаттиқ кишнади. Йиртқичнинг овози эшитилгандай бўлди. Бу ерларда бўри бўлмас экан. Катта йиртқичлардан айиқ ва қор қоплони бўларкан. Эрталаб тоққа чиқиб кетаётиб кўрдик: чодирларимиздан 50 метр узоқлик ва 20 метр юқорида айиқ излари ва ҳали қуримаган ахлатига дуч келдик. Кечаси айиқ келган ва афтидан бизни кузатган, лекин пастга тушишга қўрққан.

Ғилон қишлоғи аҳлининг айтишича, сўнгги йилларда тоғдан айиқ тушиши ҳолатлари кўп кузатилмоқда экан. Биринчи кеча тунаган хонадонимиздаги гилос меваларини ҳам айиқ еб, дарахтни тирнаб кетибди. Яқинда қишлоқдаги хонадонлардан бирига ҳам айиқ тушган, бехосдан чиқиб қолган аёлларни қувлабди. Йўлбошловчимиз Карим аканинг чўпон ўғли айтишича, кечаси айиқ қўйларга ҳужум қиляпти экан. “Бўридан кўра айиқ яхшироқ. Айиқ битта қўйни бўғизлайди-да, олиб кетади. Бўри бўлса, бирданига ўнтагача қўйни бўғизлаши мумкин” дейди чўпонлардан бири.

 

Номсиз чўққини кўзлаб

Кечаси кўпчилик ухлолмади шекилли. Ҳамма сахарлаб туриб олди. Биз турган дара Кункўрмас деб аталаркан. Дарҳақиқат, соат 10-11 ларгача бу ерда кун кўринмас экан. Ҳаво совуқ. Курткада ҳам совуқ танани жунжиктирди.

Нонушта қилиб бўлингач, чўққи томон яна йўлга тушдик. Олдимизда икки километрлик тоғ йўли бор. Орамиздан ҳеч ким Номсиз чўққининг айнан қайси эканини билмас, чўққи остонасидаги кўл биз учун мўлжал эди. Шунга кўра, хариталардаги маълумот бўйича чўққини топа оламиз.

Совиб қолмаслик учун йўлда дам олишдан воз кечиб, бошқалардан яна олдинга ўтиб олгандим, йўлбошловчимиз қатъий огоҳлантирди: “бу ерларда қоплон ов қилади”. Қўриқхона ходими ҳар эҳтимолга қарши қуролини ўқлаб олди. Дарҳақиқат, йўлда қоплон, айиқ ва кийик изларини кўрдик.

Кункўрмас дараси ортда қолиб, Тўртқўйлик дарасига кўтарила бошладик. Тоғнинг айрим қисмларида ҳали ҳам қор эримаган, баъзан қор устидан ўтишга тўғри келди. Атроф гранит ва оқ мармар тошларга тўла. Катта-катта гранит тошлар худди арра билан бўлингандек теп-текис.

Катта-катта харсанг тошли довондан ўтиб текисликка дуч келдик. Қизиқ, денгиз сатҳидан 3600 метр баландликда, чўққилар орасида тахминан 1 гектар текис майдон бор экан. Текисликнинг нариги чеккаси кўлга уланиб келган. Кўлнинг шундоқ тепаси абадий музликлар ва тоғ чўққилари. Музликлардан эриб тушган сув шу ерда йиғилиб, дарё бўлиб пастга тушиб кетади.

Карим ака тезроқ кўлга етиб олсак, кийиклар сув ичгани тушади, кўришимиз мумкин деганди. Қайдам, узоқдан ҳидимизни билиб, қочган шекилли. Лекин кўл бўйида янги излари турганди.

Текислик бўлгани, 3 тарафи ёпиқлиги учун бу ерда юқоридан муздай шамол ураркан. Тўхтаган жойимизда кўпчилик совқотиб қолди. Йўлбошчилар биринчи куни шу ергача келиб, кўл бўйида чодир тикишни режалаштиришган эди. Яхшиям ундай қилмабмиз. Бу жой пастдаги лагеримиздан кўра анча совуқ ва шамолли экан.

Катталар ҳам етиб келишгач, хариталарга қараб чўққини аниқлаш ва чиқиш режасини тузиш бўйича маслаҳат қилинди. Харитага кўра, Номсиз чўққи кўлга юзланган пайтда чап тарафдаги чўққи бўлиб чиқди. Лекин бу бизга кўриниб турган чўққими, ундан кейингисими билиб бўлмасди. Бизга кўринган чўққига чиқмасдан аниқ бир нарса дейиш қийин.

Ҳали бу чўққига ҳеч ким чиқмаган, ҳатто қўриқхона ходимлари ҳам. Кўлгача ҳам қўриқхона ходимларидан бошқа ҳеч ким келмаган. Чунки, чорва келтириб бўлмайди, атиги бир ой ерлар яшил бўлиб, сўнг яна қор тушади.

Тоғликларнинг тахминий режасига кўра, таваккал кўтариладиган бўлдик. Фотиҳадан сўнг 8 нафар ёшлар чап ёнлаб чўққига кўтарилишни бошладик. Бу аввалги тоғлар ва кўтарилишлардан кескин фарқ қилар, чунки тоққа чиқадиган йўл ёки сўқмоқнинг ўзи йўқ эди. Бирданига баландлаб кетган тоғ йўлида аввал катта харсанглардан ўтишга, сўнг шағалли-тошли жойдан кўтарилишга тўғри келди. Деярли эмаклаб чиқдик.

Тепада керак бўлиб қолар деб, 6-7 килолик рюкзагимни ҳам илвогандим. Юқорига кўтарилишда яхшигина халақит қиларкан. 6-7 кило худди 20-25 килолик босим бераркан. Бу ерда пастдаги совиб қолмаслик учун дам олмасдан юриш қоидаси иш бермади. Кескин нишабликда 20-25 метр кўтариларкан, дам олдик, нафас ростладик.

Кўлдан 300 метр юқорида яна харсанг тошли йўл чиқди. Ўнг томонимиз абадий музликлар. Муз ва қор устидан ҳам кесиб ўтишга тўғри келди. Буниси ҳам хавфли: эриётган муз ва қорнинг қалинлигини билиб бўлмайди. Қор остида қандай тош борлигини ҳам. Аввал бир оёқда яхшилаб қорни босиб, мустаҳкамлаб, сўнг иккинчи оёқни босиш керак.

Тоққа кескин кўтарилиш кўпчиликнинг мадорини қуритган, бунинг устига сувимиз тамом бўлган эди. Музни идишга солиб эритмоқчи бўлдик, совуқ бўлгани учун эриб улгурмади. Яна бироз кўтарилганимиздан кейин харсангтош орасидаги музлар эриб, сув томчилаётганини кўрдик. Шу ерда туриб, маза қилиб сув ичдик. Идишларга ҳам олволдик.

Йўлбошчимиз Карим ака аллақачон чўққининг ўтиш мумкин бўлган кичик дараси томон кетиб бўлган, бирон яхшироқ йўл топилса, хабар бераман деганди. Ярим соатлардан кейин юқоридан бақириб қолди: “Келаверинглар, бу ерда йўл бор экан, қаршимда яна 15 та чўққи кўриняпти!”.

Карим ака турган жойгача бориш йўлнинг энг хавфли қисми эди. Пастга қарасангиз — музлик. Юқоридан тушган катта-катта тошлар худди музда учгандек, пастда айлана ҳосил қилган. Нишаблик юқори, ўтадиган еримиз шағал тошли бўлгани учун эҳтиёткорликни қатъий ошириш керак. Исталган пайтда юқоридан тош юмалаши мумкин.

Бирга юриб бўлмайди. Орада 5 метр масофа сақлаш керак. Чунки юраётганингизда қимирлаган тош орқадаги йўлдошингизга зарар етказиши мумкин. Бунда ҳам худди қорни босиб мустаҳкамлагандек, шағалли қисмни оёқ кийимингиз ён тарафи билан босиб, йўл очиб, қўлингиз билан албатта бирон мустаҳкамроқ тошни ушлаб олиб, кейин ўтиш керак.

Шағалли йўл тугаб, яна тошли қисм бошланди. Биз аллақачон денгиз сатҳидан 4000 метр баландликда эдик. Ҳаво анча совий бошлаган, атрофни қора булут қоплаганди. Пастдаги кўл аллақачон кўринмай қолган, атрофдаги чўққилар янада улуғвор кўринарди. Пастга қарарканман, қандай тушиш ҳақида ўйлардим. Амаллаб, эмаклаб бўлса-да чиқиб олдик, тушишимизни ҳам осон қилсин деб тилардим.

50 метр юқорилаганимиздан сўнг бир тоғнинг икки чўққиси орасида худди дарвозадек (тоғ тошлари шамол таъсирида ажиб кўринишга келган, бирини шерга ўхшатдим) дара чиқди. Шу ердан тоғнинг нариги тарафига ўтиб олдик. Нариги тарафда қаттиқ шамол, музли қор ёғаётган эди.

У тараф умуман бошқача, тўрт тарафингиз ҳам осмонўпар чўққилар. Биз турган жойга ҳам булут тушиб олган, юзимизга шамол ва қор уриларди. Тўғримиздаги чўққига эса аллақачон қор тушган (балки эримаган), ўрта қисми худди ойнадек яхмалак. Жуда баланд ва кескин нишаб. Оддий усул билан чиқишнинг имкони йўқ. Ўзимча, энг баланд чўққи шу бўлса керак, деб ўйладим.

Денгиз сатҳидан 4100 метр баландликдан Ҳазрати Султон (кунга қарагани учун ҳали қор ўрнамабди), Хўжа Киршавор, Тўртқўйлик, Биби-Ўлмас чўққилари, Сурхондарё тарафдаги Хўжапирпир ота, Хўжапиряк ва Осмон талаш чўққилари, Северцев ва Ботирбой музликлари кўриниб турибди. Ёнма-ён қад кўтарган бу чўққиларнинг сони еттита бўлиб, маҳаллий аҳоли етти ака-ука деб номларкан.

Қўриқхона ходимлари ва тасвирчи йигитлар биз турган чўққининг энг юқорисига Ўзбекистон Республикаси байроғини ўрнатиш учун чиқиб кетишди. Улар байроқни ўрнатган нуқта денгиз сатҳидан 4386 метр баландликни кўрсатди.

Баъзида “қийналиб, шу тоққа чиқиб, нима фойда?” деб савол беришади. Бундаги гўзалликни кўрмагунча фойдасини билиш қийин. Кўргандан сўнг таърифлаш унданам қийин. Мультфильмда айтади-ку, “Атрофнинг гўзаллигини қара, Тутси!”. Инсон қийналиб, қанча юксакка кўтарилгани сайин ўзининг ожизлигини ҳис қила бошлайди. Тафаккур қилади, ҳар нафас Яратганни эслайди, Ундангина нажот сўрайди.

Бундан ташқари, тоққа чиқиш инсон организми учун кони фойда. Юрак уриши тезлашади, ўпка фаоллашади. Натижада қон айланиб, етиб боролмаган кичик капилярлар ҳам қонга тўлиб, инсон тетиклашади.

Чўққидан тушиш жараёни ўйлаганимдан осонроқ кечди. Тоғнинг бу тарафига ёмғир ёққан, тош ва шағал сирпанчиқ бўлиб қолганди. Эҳтиёткорликни максимум даражада ошириш керак. Агар чиқишда орқамдаги рюкзагим халақит берган бўлса, тушишда мувозанатни сақлашга ёрдам берди.

Тушишда унчалик чарчамадик. Шағалли қисмдан ўтиш қийинроқ бўлди. Музликдан ўтгандан кейинги шағалли ҳудудда пастга қулашимга оз қолди. Яхшиямки, бир тошни ушлаб қолдим. Чап оёғим бироз қайрилди. Энди бу ёғига ҳар бир тошга ўйлаб қадам қўядиган бўлдим.

Кўлдан 2 кмлик масофа ва 700 метрлик баландликдаги чўққига чиқиш учун 4 соат сарфлаган бўлсак, тушишга 2 соат кетди. Йўлда яна ёмғир ёғди.

Яхшиямки, пастда палаткаларни тайёрлаб қўйишган экан. Ичига кириб, рюкзак орқасида ҳўл бўлиб кетган кийимларимни алмаштириб олдим. Сўнг кўлга тушиб, муздай сувда таҳорат қилиб, қандайдир ички хотиржамлик ила, шу ердаги майдонда азон айтиб, пешинни ўқиб олдим.

Орада яна ёмғир савалаб берди. Чодирни чўққидан тушган шерикларга бўшатиб, катта харсанг тош остида ёмғирдан паналадик.  

Мақсадга эришилди. Байроқ тикилди. Хотиржам тарзда пастдаги лагеримизга тушиб келдик. Йигитлар пастдан ўтин топиб келишган экан. Маза қилиб чой ичдик. Асрдан кейин устимиздан 20 метр тепадан булутлар ўтиб кетди.

Ҳамма чарчаган, яна ёмғир бошланиб қолди. Чодир ичига кириб кетдик. Кечаси билан ёмғир ёғиб чиқди. Яхшиямки, бизнинг палаткамиз 2 қаватли экан. Сув деярли ўтмади. Бир қаватли чодирда ётганлар қийналишибди.

Сахар туриб, 5 км пастдаги машиналар турган жойга пиёда йўл олдик. Чиқишда йўлбошловчилар текисроқ ва узунроқ йўлдан олиб чиқишган экан. Қайтишдан тошли бўлса-да, дарё бўйлаб яқин йўлдан келдик.

Пастга тушарканмиз, қиш баҳорга, баҳор ёзга уланди.

Яна бу гўзал тоғларга қайтиш умиди ила, сершовқин шаҳар сари йўл олдик.

Тошкент – Шаҳрисабз – Ҳисор

6-9 август, 2020 йил


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.