Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Бутун дунё бўйлаб кузатилаётган намойишларни нима умумлаштириб туради?
22.10.2019 14:45,  
452

Сўнгги ҳафталарда Ливандан Испания, ундан Чилига қадар бўлган мамлакатларни оммавий намойишлар қамраб олди. Уларнинг мақсади, табиати турфа – сабаблари бир-биридан фарқ қилса-да, ўзаро боғлаб турувчи баъзи умумий мавзулар ҳам бор.

Ўртада минглаб километр масофа бўлишига қарамай кўплаб мамлакатлардаги намойишлар ўхшаш сабаблардан келиб чиқиб, ҳатто баъзида кейинги намойишдагилар олдингисидан руҳланган, унинг ютуқларидан фойдаланган ҳолатлар ҳам бўляпти.

Хўш, норозилик билдириш учун кўчага чиқаётганларни нима боғлаб турибди?

Тенгсизлик

Намойишда қатнашаётганларнинг аксарияти ўзини ўз мамлакати бойликларидан маҳрум бўлган деб ҳис этади. Шунинг учун кўп ҳолларда асосий маҳсулотлар ва хизматлар нархининг ошиши сабр косасини тўлдирган сўнгги томчи бўлади.

Эквадорда ёқилғи нархи ошганига қарши намойишлар ҳукуматнинг ён бериши билан тугади

Октябр ойида Эквадор ҳукумати давлат харажатларинин камайтириш учун Халқаро Валюта Фонди (IMF) тавсиясига биноан ўн йиллар давомида амал қилиб келган ёқилғига давлат субсидиясини (нархни паст қилиб ушлаб туриш учун молиявий қўллаб-қувватловни) бекор қилгач, мамлакатда намойишлар бошланиб кетди. Бу ўзгариш бензин нархи кескин ошишига олиб келди. Кўпчилик аҳолига кўра, улар бундай қиммат нархда тўлов қила олмайди. Жойлардаги маҳаллий гуруҳлар бунинг натижасида жамоат транспорти ва озиқ-овқат нархлари ошиши, оқибатда қишлоқларга катта зарар етишидан хавотирга тушди.

Намойишчилар катта йўлларни ёпиб қўйди, парламентга ҳужум қилди ва хавфсизлик кучлари билан тўқнашувларга кирди. Улар ёқилғига субсидияни қайтаришни талаб қилиб туриб олди. Бир неча кунлик оммавий намойишлардан сўнг ҳукукмат ортга чекинди ва намойишлар ҳам тўхтади.

Чилида ҳам Эквадорга ўхшаб транспорт ҳаққи оширилиши намойишларни келтириб чиқарди

Чилида ҳам транспорт нархларининг ошиши намойишларни авж олдирди. Ҳукумат энергия нархи юқорилиги ва валюта қадрсизлиги ортидан шу чорани қўллаганини айтди, аммо намойишчиларга кўра бу шундайига ҳам камбағал бўлган аҳоли қатламларини қийин аҳволга солиб қўйди.

Ўтган жума оқшомида намойишчилар хавфсизлик кучлари билан тўқнашар экан, айни ўша вақтда президент Себастян Пинера қиммат италян ресторанида овқатлангани тасвирланган суратлар тарқалди. Баъзилар буни “Чили сиёсий элитаси ва кўчадаги халқ ўртасидаги яққол фарқ”, дея изоҳлади.

Намойишлар хавфсизлик кучлари билан тўқнушувларга олиб келган, одамлар ўлимига сабаб бўлган

Чили Лотин Америкасидаги бой мамлакатлардан бири бўлишига қарамай аҳоли қатламлари орасида ижтимоий нотенглик кучли – Иқтисодий Ҳамкорлик ва Тараққиёт Ташкилотига (OECD) аъзо 36 давлат ичида Чили даромадлар тенглиги бўйича энг ёмон кўрсаткичга эга.

Ҳукумат Эквадордаги каби намойишларни тўхтатиш учун ортга чекиниш ва нархларни оширмасликка қарор қилди. Аммо намойишлар давом этиб, кенгайиб бораверди.

“Бу шунчаки метро ҳақи ошганига қарши намойиш эмас. Бу йиллар давомида камбағаллашиб келган аҳолига ўтказилган босимга қарши норозилик”, деди бир талаба Рейтерс ахборот агентлиги билан суҳбатда.

Ливандаги намойишлар WhatsApp'га солиқ солинишидан бошланди

Ливанда WhatsApp алоқа дастуридан фойдаланганлик учун солиқ солинишига қарши бошланган ўхшаш намойишлар иқтисодий муаммолар, тенгсизлик ва коррупцияга қарши кенг кўламдаги норозиликларга айланиб кетди.

Қарздорлик даражаси кўтарилгани сайин ҳукумат халқаро донорларнинг асосий ёрдам дастурини олиш учун иқтисодий ислоҳотларни ўтказишга уринмоқда. Бироқ кўплаб оддий одамлар мамлакатнинг иқтисодий сиёсати уларнинг ҳаётига зарар етказаётгани ва ҳукуматнинг нотўғри бошқаруви ҳаётларини қийинлаштираётганини айтмоқда.

“Би бу ерга фақат WhatsApp эмас, ҳамма нарса – ёқилғи, озиқ-овқат, нон, ҳамма нарса учун келдик”, дейди Байрут кўчаларидаги Абдуллоҳ.

Коррупция

Бу намойишларнинг аксарида ҳукуматлар коррупцияга ботгани ҳақидаги айбловлар янграяпти, айни омил тенгсизликни келтириб чиқаргани айтиляпти.

Байрут кўчаларини тўлдирган намойишчилар ҳукуматдаги коррупция ҳақида ҳам гапира бошлади

Ливанда намойишчилар оддий халқ иқтисодий инқироздан азият чекар экан, давлат раҳбарлари ўз мавқеларидан фойдаланиб самарали шартномалар воситасида янада бойиб бораётганига урғу беради.

“Мен бу ерда жуда кўп нарсаларни кўрганман. Аммо Ливандаги ҳозирги коррупциялашган ҳукуматга ўхшашини ҳеч қачон кўрмаганман”, дейди 50 ёшли намойишчи Рабаб.

Ҳукумат душанба куни намойишларни тўхтатиш учун сиёсатчиларнинг маоши камайтирилиши ҳам кўзда тутилган бир қатор ислоҳотлар дастурини тасдиқлади.

Ироқдаги намойишчилар хавфсизлик кучлари томонидан ўққа тутилиш натижасида юздан ортиқ инсон ҳалок бўлган, охир-оқибатда ҳукумат норозиларнинг талабларини қабул қилган эди

Яқинда Ироқда бўлиб ўтган намойишларда ҳам сиёсий тизимни ағдариш талаблари янграган эди. Норозиликнинг асосий сабабларидан бири ҳукумат тизимидаги тайинловларда шахснинг лаёқати эмас, унинг қайси мазҳаб (сунний ёки шиа) ёки этник гуруҳ (араб, курд) вакили эканлигига қаралиши бўлган.

Намойишчилар айни шу ҳолат раҳбарларга мамлакат бюджетидан ўзлари ва яқинларининг шахсий манфаатлари учун фойдаланишга йўл очиб бергани, қолган фуқароларга эса жуда кам нарса қолганини айтиб норози бўлди.

Мисрда ҳам ўтган сентябр ойида ҳукумат коррупциясига қарши кенг кўламли намойишлар юз берди. Мисрлик бизнесмен, ҳозирда Испанияда қувғинда яшаётган Муҳаммад Али президент Абдулфаттоҳ Сисий ва ҳарбийларни коррупцияда айблаб, халқни қўзғалишга чақиргани ортидан миллионлаб намойишчилар кўчаларни тўлдирди.

Сиёсий эркинлик

Баъзи мамлакатлардаги намойишлар сиёсий тизим ва унинг босимларига қарши содир бўлди.

Ҳонгконгдаги намойишчилар янгича усулларни қўллагани билан бутун дунёни ҳайратга солди

Масалан, Ҳонгконгда ёз ойларидан буён давом этаётган намойишлардаги асосий талаб “жиноятда айбланган кишиларнинг Хитойга топширилишига рухсат берувчи қонун лойиҳасини бекор қилиш” бўлди. Ҳонгконг аслида Хитойнинг бир қисми бўлса ҳам унинг аҳолиси Пекиннинг қаттиқ назоратидан холи махсус эркинликлардан фойдаланади.

Чили ва Ливандаги намойишлардан кейин бўлганидек Ҳонгконгда ҳам зиддиятларга сабаб бўлган қонун лойиҳаси қайтариб олинди, бироқ намойишчилар ҳаракати тўхтамади. Энди намойишчилар тўлиқ сайлов ҳуқуқи берилиши, ёздан буён давом этаётган намойишлардаги полициянинг шафқатсиз хатти-ҳаракатлари текширилиши ва ҳибсга олинган сафдошларини озод қилиш ҳақидаги талабларни илгари сурмоқда.

Улар қўллаган усуллар дунё бўйлаб барча сиёсий фаолларни илҳомлантирди. Каталония мустақиллигини талаб қилиб чиққан сиёсий етакчилар ҳибсга олинишига жавобан Барселонада юз минглаб кишилар кўча юришларига чиқди. Каталония сиёсий етакчилари 2017 йилда Испания суди тақиқлаган референдумни ўтказиш ва унинг ортидан тан олинмаган мустақилликни эълон қилиш ҳаракатлари учун 14 октябр куни қамоққа ҳукм қилинганди.

Октябр ойининг ўртасига келиб Барселона кўчалари намойишчилар билан тўлди

Ҳукм эълон қилинишидан кўп ўтмай Барселона аҳолисига оммабоп хабар алмашиш дастури орқали шифрланган хат кела бошлади: бу хатда одамлар Ҳонгконгдаги намойишчилар каби усулларни қўллаб Барселонадаги Эл-Прат аэропорти олдида тўпланишга даъват қилинган эди.

Маҳаллий нашрлар хабарига кўра, одамлар аэропортга қараб юраркан, йўл-йўлакай бир гуруҳ ёшлар: “Биз бу ерни Ҳонгконгга айлантириш учун кетяпмиз”, дея қичқирган.

Каталонияликлар ҳонгконглик намойишчилар қўллаган усуллардан фойдаланган

Каталониядаги намойишчилар бир-бирларига худди Ҳонгконгда бўлганидек полиция томонидан сепиладиган сув ва кўздан ёш оқизадиган газга қарши ҳимояланиш усуллари тушунтирилган расмли қўлланмаларни тарқатган. “Энди одамлар кўчада бўлиши шарт. Барча қўзғолонлар шу ердан бошланади. Мана, Ҳонгконгга қаранг”, деган бир намойишчи AFP ахборот агентлигига.

Иқлим ўзгаришлари

Охирги кунларда биз эшитган бир қатор намойишлар атроф-муҳит ҳимояси ва иқлим ўзгаришларига қаршиликни ифода қилган. “Сўндириш исёни” (Extinction Rebellion) ҳаракати вакиллари дунёнинг турли шаҳарларида “ҳукуматлар керакли амалларга қўл уриши” учун намойишлар ўтказмоқда.

Лондонда иқлим ўзгаришига қарши намойиш

Бу турдаги намойишлар АҚШ, Буюк Британия, Германия, Испания, Австрия, Франция ва Янги Зеландияда бўлиб ўтяпти. Норозилик ҳаракатида қатнашаётганлар занжир шаклида бўлиб йўллар ва машиналар устига ётиб оляпти, шаҳарларнинг зич марказларини атрофдаги туманлардан узиб қўйишга ҳаракат қиляпти.

“Бизда исён қилишдан ўзга чора йўқ. Модомики, ҳукуматимиз иқлим ва экология борасида тезкор амалларга қўл урмас экан, ўзимизни сақлаб қолиш учун шундай давом этаверамиз”, деган австралиялик фаол Жейн Мортон.

Ёки бошқа бир мисол швециялик ўқувчи қиз, 16 ёшли фаол Грета Тунберг. Бу қиз бошлаган глобал иқлим ўзгаришларига қарши ҳаракатга охирги ойда миллионлаб кишилар қўшилди, Тинч океанидаги ороллардан тортиб, Мелбурн, Мумбай, Берлин ва Ню-Йорк каби йирик шаҳарларда ҳам намойишлар бўлиб ўтди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан