Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Бутун ҳокимият фиръавн қўлида ёхуд қадимги Мисрда жиноятчилар қандай жазоланган?
9.09.2019 16:56,  
666

Қадимги Миср жамияти нимани жиноят деб топиш ва қилмиш учун қандай жазо тайинлаш масаласида диний қоидалар ва ахлоқ нуқтаи назаридан ёндашган ҳолатда жазо тайинланган. Шу билан бирга мисрликлар вафот этган одамларни ҳам суд қилишган ва айбдор деб топишган. Улар назарида бу “нариги дунё суди” сифатида талқин қилинган.

Асосий ролни Маат – қонун ва тартиб, адолат ва ҳақиқат маъбудаси ўйнаган. Юриш-туриш қоидаларини бузган шахслар гўёки фазовий мувозанатни бузган ва бутун давлат ҳамда миллатдошларга зиён келтирган деб ҳисобланган.

Француз мисршуноси Клер Лалует ўзининг “Худо подшо давридаги фиръавнлар” тадқиқотида ёзишича, у даврларда Маат бутун дунё ва жамоатчиликнинг фаровонлиги учун зарур бўлган коинот тартибининг тимсоли бўлган.

Қадимги Мисрда жиноятлар икки тоифага бўлинган: жамиятга қарши жиноятлар (хусусий мулкни ўғирлаш, зино, қотиллик) ва давлат ва мамлакат тартибига қарши жиноятлар (диний объектларга қарши ножўя ҳаракатлар, давлат мулкини ўғирлаш, давлатга хиёнат, порахўрлик).

Бутун ҳокимият фиръавн қўлида тўпланиб, у тартибнинг кафили бўлган. Энг қадимги маҳкама жараёнларида фиръавннинг шахсан ўзи тергов маҳкама жараёнида иштирок этган, кейинчалик суд институтлари пайдо бўлгач, энг муҳим ишлардагина қатнашадиган бўлган.

Қотиллик

Қадимги Мисрда инсон ҳаёти худоларнинг марҳамати ҳисобланган ва кимда ким бировнинг ҳаётини тортиб олса, ўлимга маҳкум қилинган. Судлар ўша даврларданоқ инсон қасддан ёки эҳтиётсизлик ортидан қотиллик қилганининг фарқига боришган.

Миср қадимшунослиги вазирлиги тадқиқотчиси ва “Қадимги Мисрда жиноят ва жазо” асари муаллифи Манал Маҳмуд Муҳаммаднинг ёзишича, қадимги Мисрда қотиллик учун доимо ўлим жазоси ҳам берилавермаган. Баъзида жазолаш психологик тусга эга бўлиб, бу жазо тури ўлим жазосидан ҳам қаттиқроқ жазо саналган. Ўз ота-онасидан бирини ўлдирган фарзанд аввал қийноқларга солинган, сўнгра қатл этилган. Ўз гўдакларини ўлдирган ота-оналар янада мураккаброқ муносабат субъектига айланган. Бундан ота-оналар уч кун мобайнида жазирама иссиқда гўдаклари танасига боғланган ҳолатда тутиб турилган.

Миср фиръавнлари тарихи даври бўйича мутахассис Франсуа Дюманинг айтишича, кўп ҳолатларда қотилликка қўл урганлар тимсоҳларга ем қилинган. Лекин баъзи қотилларнинг “омади” келиб, уларга ўз-ўзини жисмоний йўқ қилиш – ўлдириш имконияти берилган.

Агарда қотиллик қасддан амалга оширилмаган бўлса ва бу исботланса, жазо мутлақо бошқача бўлган.

Бундай ҳолатда қотил токи унинг гуноҳи бўйича диний маросимда покланиб унинг қўлидан ўлган марҳумнинг қабрида қурбонлик қилмагунича, ўз уйига кира олмаган. Бундан ташқари, жиноятчи ва унинг қурбони оиласи ўртасида ярашиш ҳамда муайян миқдордаги товон пули тўлаш ҳам кўзда тутилган.

Фиръавнлар замонида қотиллик ҳақидаги маълумотни ёки бундай маълумотни олиш мумкин бўлган маълумотни яширганлик учун ҳам жазо кўзда тутилган. Хабар етказмаганлар жиноятга шерик ҳисобланган ва жазоланган.

Қадимги Мисрда диний аҳамиятга эга бўлган жониворлар – ибис (лайлакларга ўхшаш қуш), мушук ва шу каби жониворларни ўлдириш таъқиқланган. Бундай жониворларни қасддан ўлдириш ўлим билан, эҳтиётсизлик оқибатида ўлдириш жарима билан жазоланган.

Зино

Зино асосий диний қоидаларга қарши жиноят ҳисобланган, аммо бу гуноҳ эркак ва эрли аёл ўртасидаги жинсий муносабатларга тааллуқли бўлган. Зино содир этганлар ўлим билан жазоланган.

Қадимги қонунларда “Агар сиз ким биландир дўстлашмоқчи бўлсангиз, унинг уйига кирганингизда аёллари тарафга яқинлашманг ва уйнинг уларга тегишли қисмига кирманг, ” дейилган.

Фиръавнлар замонида агар оилали эркак эрли аёл билан гуноҳ қилса, кейинчалик бошқа жиноятларга ҳам қўл уради, шунинг учун уни қатл қилиш керак деб ҳисобланган.

Қадимги Миср матнларида хиёнат қилган хотинни жазолаш эрнинг ўз қўлида деб ёзилган.

Фиръавн Рамзес V даврига оид папирус қоғозларидаги матнлардан бирида қуйидаги воқеа тасвирланган. Суд олдига ўзининг хулқи билан оилани шарманда қилган аёлни қаттиқ жазолаётган оила аъзолари келтирилган. Аёлни тимсоҳларга ем қилиш учун дарёга ташлаш ҳаракатидаги оила аъзолари сурати туширилган.

Шуни ҳам айтиш керакки, аёлларга нисбатан худди шундай жиноят қилган эркакларга бериладиган жазо енгилроқ бўлган. Шу билан бирга аёлларга суд жараёнида эркаклар билан бир хил ҳуқуқлар берилган.

Талончилик ва ўғрилик

Мулкни ўғирлаганлик учун жазо ўғирланган буюмнинг қийматидан 2-3 баравар қимматроқ жарима бўлган. Давлат мулкини ўғирлаганлар мулкнинг қийматидан 180 марта қимматроқ бўлган жарима тўлашган.

Қўлга тушган ўғри қилган ўғирлигини тан олиши ва ўғирланган буюмни қайтариб бериш мажбуриятини бўйнига олган ва жиноятчи 100 дарра урилган. Шундан сўнг ўғри иккинчи марта ўғрилик содир этмасликка тантанали қасам ичиши керак бўлган. Агар жиноятчи қасам ичишдан бўйин товласа, тимсоҳларга ем қилинган.

Бундай жазоларнинг барчаси омма олдида намойиш этилган.

Порахўрлик

Порахўрлик билан боғлиқ жиноятлар қадимги Мисрда одатда суд томонидан кўриб чиқилмаган. Одатда порахўрлик билан қўлга тушган амалдорлар ишдан ажраган ва уларнинг ижтимоий мақоми деҳқон даражасига туширилган.

Аммо айрим ҳолатларда суд маҳкама жараёни ҳам бўлиб турган. Топилган қўлёзмалардан бирида жазога ҳукм қилинганнинг Амон худосига мурожаати ўз ифодасини топган: “О, Амон худоси, мени тингла. Суд мендан олтин ва кумуш талаб қиляпти. Мен қашшоқ одамман. Бирор нарса қилгин, о Амон.”

Порахўрлик ҳақидаги ишлар судгача етиб борганда айримлар топқирлик қилишган. Папируслардан бирида ёзилишича, айбдор суд мирзасига пора берган, мирза эса суд материалларини жиноятчига топширган.

Рамзес IХ даврида мақбарани талаганликда ушланиб айбланганлардан бири пора бергандан кейин қамоқдан озод қилингани ёзиб қолдирилган. “Қадимги Мисрда жиноят ва жазо” асарида папируслардан бирида келтирилган қуйидаги матн мавжуд: “Мени қамаб, ҳоким Тибининг хонасида ушлаб туришди. Мен уларга ўз ҳиссамдан 20 бўлак олтинни топширдим.”

Давлатга хиёнат

Қадимги Мисрда фиръавн ва давлатга қарши жиноятлар энг ёмон жиноятлар ҳисобланган. Бундай ҳолатларда ягона жазо чораси айбдор мавқеидан қатъи назар ўлим жазоси бўлган. Ҳаттоки фиръавн яқинлари ҳам қатл қилинган.

Папируслардан бирида фиръавн Рамзес IIIга уюштирилган суиқасд ҳақидаги воқеа келтирилади. Воқеада Рамзес IIIнинг кенжа хотини ўз ўғлини тахтга чиқариш мақсадида сарой аёнлари билан тил бириктириб фитна уюштиради. Фитначилар фош қилиниб бари қатл этилади, баъзилари эса ўз жонига қасд қилади.

Мақбара ва ибодатхоналарни талаш

Мақбараларни талаш, айниқса, уларда юқори мартабали шахслар ором топган бўлса, оғир жиноят ҳисобланган.

Мақбараларда одатда қимматбаҳо заргарлик буюмлари бўлган. Ҳокимият заифлашиб қолганда уларни талаб туриш одат тусига кирган.

Айниқса Рамзес IIнинг омади келмаган. Коҳинлар Рамзес IIни 5 марта дафн қилишга мажбур бўлишган. Талончилар тўрт марта унинг шахсий мақбарасини, бешинчи марта унинг кўчирилган даҳмасини талашган. Ниҳоят Рамзес IIнинг мўмиёланган танасини Херихор қояларидаги яширин жойга кўчиришган. Мазкур жойда Рамзес IIнинг қабри токи ХIХ асрда араб қабилалари томонидан топилгунга қадар сақланган ва кейинчалик музейга юборилган.

Мақбарани талаганлик учун ўлим жазоси тайинланган. Агарда марҳумнинг танаси топилмаса, жиноятчининг қўли кесилган ва 100 дарра саваланган.

Қадимги Мисрда мақбараларни таланиши жиддий хавотирларни юзага чиқарган ва ҳукумат бир қатор қонунларни қабул қилишига тўғри келган.

Қонунларга биноан, кимки ибодатхонадан ҳайвон ўғирлаб уни кимгадир берса, ўлим жазосига ҳукм қилинган. Агар ўғри ҳайвонни ўзида қолдирса, ўғрининг бурни кесилган.

Ибодатхоналарнинг бошқа буюмларини ўғирлаш ҳам жазо тайинланишига олиб келган. Одатда жиноятчилар жаримага тортилган ва 100 дарра билан саваланган. Жарима миқдори ўғирланган буюм миқдоридан 100 баравар кўп бўлган.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан