Бутун жаҳонга кулги бўлишми мақсад? Қачон ривожланамиз?

Бутун жаҳонга кулги бўлишми мақсад? Қачон ривожланамиз?

Ўтган йили Марғилонга борганимда болаларимни олиб, шаҳар истироҳат боғига чиқдим. Айланиб юрсак, бир ички ишлар майори мени тўхтатиб, қўл бериб сўрашди-да:
— Нима учун соқол қўйиб юрибсиз? — деди.
— Нима, мумкин эмасми?
— Ҳа, мумкин эмас!
— Қани, қаерда мумкин эмас?
— Президентнинг қарори бор.
— Қанақа қарор, қачон чиққан?
— Фалон сонли қарор.
— Хўш, унда нима дейилган?
— Агар домла бўлса мумкин, 45 ёшдан кейин қўяверсин дейилган.
— Ака, туҳмат қиляпсиз!
— Кимга, нимага?
— Президентга туҳмат қиляпсиз.
— Ман сизга айтяпман-ку, шунақа қарор бор, деб.
— Ака, ман журналистман, президентнинг ҳамма чиққан қарорларини кузатиб бораман. Майли, агар шунақа қарор бор бўлса, юринг идорага борамиз, шу қарор асосида деб протокол тўлдирасиз.
— Эээ, ука ғалати экансиз, ман сизни огоҳлантирдим.
— Асосингиз бўлса, кейин огоҳлантиринг.
— Ука, барибир соқол сизга ярашмабди.
— Ман уни сизга ёқиши учун қўймаганман...

Кеча БиБиСида чиққан Фарғона ҳокимининг "нутқи"дан кейин яна ўша "қарор" ҳақида эсладим.

Халқда юртига ва унинг раҳбарига ишонч, Ўзбекистоннинг халқаро имиджи учун мисқоллаб обрў йиғилди. 2 йил ичида қилинган ишлар кейинги йилдаги турли қарорлар, соқол, рўмолга ўхшаган элементар инсон ҳуқуқларининг бузилиши ортидан ювилиб кетгандек.

Бутун жаҳонга кулги бўлишми мақсад? Бугун соқоли юлинган инвестор эртага юртига бориб, Ўзбекистонни мақтайдими? Шерикларига ҳам келинглар, ҳоким жаноблари соқолингизни чиройли қилиб олиб қўядилар, дейдими?

Ижро этувчи ҳокимият суд ҳокимиятига уни қама, буни қама деб буйруқ бериши, кимнинг депутат бўлишини белгилаб бериши қайси қонунга тўғри келади?

Вилоят ҳокими бировнинг рўмоли, кийими, соч турмаги, соқоли каби шахсий масалаларга аралашиб юрса, унда қачон ривожланамиз?

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.