Бухоро амиридан қолган Қуръон китоби, муҳр ва камарбандни 500 минг долларга сотаётган Миллий гвардия ходими қўлга олинди

Бухоро амиридан қолган Қуръон китоби, муҳр ва камарбандни 500 минг долларга сотаётган Миллий гвардия ходими қўлга олинди

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Бухоро вилоят бошқармаси

Бухоро вилоятида фуқарога тегишли амир Музаффархондан қолган муҳр ва камарбанд, шунингдек, муқаддас Қуръон китобининг терига ёзилган нусхасини алдов йўли билан сотишга уринган собиқ ИИБ ҳамда Миллий гвардия ходими қўлга олинди. Бу ҳақда «Дарё»га Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, Бухоро шаҳрида яшовчи 65 ёшли фуқаро М.А. ўзига мерос қолган амир Музаффархон даврига оид муҳр, камарбанд ва муқаддас Қуръон китобининг терига ёзилган нусхасини сотиш нияти борлигини маълум қилган. Бундан хабар топган ота-ўғил — ИИБнинг нафақадаги ходими А.А. ва унинг ўғли, Миллий гвардия сафдори Б.Б. вазиятдан фойдаланиб, даромад орттиришни мақсад қилади.

Ота-ўғил тил бириктириб, фуқарога ушбу тарихий қийматга эга буюмларини сотиб беришини, эвазига пулнинг 20 фоизини, яъни уларнинг ҳар бирига 50 минг доллардан 100 минг доллар беришини сўраган ва кўндирган.

Тез орада харидор ҳам топилган. Бироқ харидор А.Ж. қиммат нарх — 500 минг долларга сотилаётган ушбу буюмлар бирор-бир музейдан ўғирланганми ёки улар сохтами деган фикрга борган ва ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган.

Аризага асосан ДХХ вилоят бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда ота-ўғил 72,1 грамм оғирликдаги олмосни 500 минг долларга ҳисоблаб, 4,5 миллиард сўм ҳамда 50 минг долларга ноқонуний сотаётган вақтида қўлга олинган.

Хонадонни кўздан кечириш давомида қора рангли қимматбаҳо тош, амир Музаффархон даврига оид муҳр, бир дона камарбанд ва бир дона ҳамён ашёвий далил тариқасида олинган.

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Бухоро вилоят бошқармаси

Тергов-суриштирув жараёнларида тарихий бойликлар ота-боланинг қўшниси фуқаро М.А.га тегишли эканлиги, мерос бўлиб қолгани аниқланган.

Ҳолат юзасидан департаментнинг вилоят бошқармаси томонидан терговолди суриштирув ҳаракатлари олиб борилаётган бўлиб, ашёвий далил тариқасида олинган буюмларнинг тарихий қийматлигини текшириш учун экспертиза тайинланган.

Экспертиза хулосасидан келиб чиқиб, ота-ўғилга Жиноят кодексининг 168-моддаси, 4-банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.