Бухоро ҳокими нега Тошкентда даволанаётганига изоҳ берилди

Бухоро ҳокими нега Тошкентда даволанаётганига изоҳ берилди

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

30 июль, пайшанба куни жорий йилнинг 29 февралидан бери Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов коронавирусга чалингани маълум бўлган эди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов Тошкентдаги клиникада даволаниш сабабини маълум қилди.

"Кейинги кунларда Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камоловнинг касалликка чалиниб, айни пайтда Тошкентдаги шифохонада муолажа олаётганлиги ижтимоий тармоқларда турли мунозаларга сабаб бўлмоқда. Хўш, нега Карим Камолов вилоятда эмас, пойтахт шифохонасида даволаняпти, бу ҳолат вилоятдаги шифокор-мутахассисларга ишончсизлик эмасми, мазмунидаги саволлар ўртага ташланмоқда", - дейилади хабарда.

Вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Илҳом Нарзиевнинг маълум қилишича, Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камоловда жорий йилнинг 25 июль куни коронавирус инфекцияси тасдиқланган. Шу кундан бошлаб вилоят раҳбари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро вилоят филиалида муолажа олишни бошлаган.

Амалдаги қонунчиликка кўра вилоят ҳокимлари ҳукумат қошидаги Тиббиёт Бош бошқармаси рўйхатида туриб, зарур ҳолатларда тиббий диагностика қилиш, даволаш, умуман олганда, уларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш мазкур бошқарма зиммасида. Шунга мувофиқ, ушбу Тиббиёт Бош бошқармасининг талабига кўра Карим Камолов 29 июль куни даволаш муолажаларини давом эттириш учун Тошкент шаҳридаги клиникага кўчириб ўтказилди.

Матбуот хизмати ҳозирда Карим Камоловнинг соғлиғи яхши эканлигини қўшимча қилди.

Аввалроқ коронавирусга чалинган Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ҳамда аниқ қанақа касал эканлиги айтилмаган Навоий вилоят ҳокими Кобул Турсунов ҳам Тошкентда даволанаётгани хабар қилинган эди.

Қорақалпоғистон раҳбари ва Сурхондарё вилояти ҳокими коронавирусга чалингани маълум бўлди

Навоий вилояти ҳокими Тошкент шаҳрида даволанмоқда