Бухорода 80 ёшли қариядан 20 килога яқин гиёҳвандлик воситалари топилди

Бухорода 80 ёшли қариядан 20 килога яқин гиёҳвандлик воситалари топилди

Фото: ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Бухорода 2020 йил 20 май куни Шофиркон туман ИИБ ходимлари томонидан “Қора дори-2020” тезкор тадбири ўтказилди.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг маълум қилишича, Шофиркон туманида яшовчи 80 ёшли Р.Р.нинг хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилган вақтида, яшаш ҳовлисининг хўжалик буюмлари сақланадиган хонанинг юқори қисмига осилган ҳолдаги ва қора рангли мато билан тўсилган айвон қисмида осилган ҳолдаги жами 2.524 туп умумий соф оғирлиги 19.434 граммга тенг бўлган кўкнор гиёҳвандлик воситалари топилган.

Фото: ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Маълум қилинишича, фуқаро уларни келгусида ўтказиш мақсадини кўзлаб, қонунга хилоф равишда сақлаб келаётганлиги аниқланган, бундан ташқари 4 туп каннабис ва 2 туп кўкнор гиёҳвандлик ўсимликларини қонунга хилоф равишда экиб, парваришлаб келган.

Шунингдек, Р.Р.нинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда, уйнинг яшаш хонасида турли хил ўрамларда бўлган яшил, сарғиш ва бинафша ранглардаги, ўзига хос ўткир ҳидли, умумий соф оғирлиги 1.284 граммга тенг бўлган қуритилган “кўкнор” гиёҳвандлик воситалари аниқланиб, холислар иштирокида тегишли равишда ҳужжатлаштириб олинган.

Фото: ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Ҳолат юзасидан Шофиркон туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Р.Р.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 270-моддаси 1-қисми (Тақиқланган экинларни етиштириш) ва 25, 273-моддаси 5-қисми (гиёҳвандлик воситаларини кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотишга тайёргарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.