Бухорода канализацияда ишлаётган 3 нафар ишчи вафот этди

Бухорода канализацияда ишлаётган 3 нафар ишчи вафот этди

Бухорода канализациядан чиқаётган газдан заҳарланган уч киши вафот этди ва яна бири заҳарланиб, касалхонага тушди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.

2020 йил 24 июль куни тахминан соат 11:00 ларда «Бухоро махсус сув кўрилиш» МЧЖ ходимлари Бухоро вилояти, Бухоро шаҳар А.Жомий кўчасида жойлашган янги қурилаётган кўп қаватли уйларнинг канализация қувурларини шаҳарнинг асосий канализация тизимига улаш ишларини олиб бораётганда заҳарланиш ҳолати рўй берди.

Ишчилар — 47 ёшли А.К. ва 45 ёшли С.Б. қувурларни монтаж қилиш жараёнида канализациядан чиқаётган газлардан заҳарланишлари оқибатида соғлиги ёмонлашган ва ҳушидан кетган. Шериги — 27 ёшли З.Ш. уларга ёрдам бериш мақсадида канализация қувурига тушганда у ҳам канализациядан чиқаётган газлардан заҳарланиб ҳушидан кетган. Буни кўрган уларнинг яна бир шериги — 41 ёшли С.А. ёрдам бериш мақсадида қувурга тушиб, заҳарланишдан ҳушидан кетган.

Атрофда тўпланган аҳоли томонидан фақатгина С.А. қутқариб қолинган бўлиб, унинг шериклари — 47 ёшли А.К., 45 ёшли С.Б. ва 27 ёшли З.Ш. ҳодиса жойида канализациядан чиқаётган газлардан заҳарланиб вафот этган.

Ҳозирда фуқаро С.А. шифохонага ётқизилган. Ҳодиса жойига тергов гуруҳи чиқиб, воқеа жойини кўздан кечириб, тергов олди суриштирув ҳаракатларини олиб бормоқда.