Бухородаги мақбарадан ўғирлаб кетилган хаттотлик намунаси Лондондан топилди

Бухородаги мақбарадан ўғирлаб кетилган хаттотлик намунаси Лондондан топилди

Британия музейи ўрта асрларга мансуб исломий меъморий обидадан ўмарилган санъат асарини Ўзбекистонга қайтаришда ёрдам берди, дея хабар бермоқда Guardian нашри.

Маълум бўлишича, Бухоро вилоятининг Вобкент туманида жойлашган «Чашмаи Айюб» қадамжосида жойлашган мақбара пештоқига ўрнатилган ўймакор нақшнинг бир қисми 2014 йилда ғойиб бўлган. Мазкур зиёратгоҳ Айюб алайҳиссалом ўтган қадамжо сифатида кўрилади.

Мақбара пештоқига Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳадислари ўймакорлик услубида сополга битилган эди. Унда, жумладан, қуйидаги сўзлар ёзилган: «Пайғамбар (с.а.в) айтганлар: Сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Бас, уларни зиёрат қилинг. Мазкур бино (ҳижрий) 605 йилда қурилган.»

Зиёратгоҳ Қорахонийлар даврида – ҳижрий 605 йилда (милодий 1208-1209 йиллар) Арслонхон томонидан бунёд қилинган бўлиб ЮНEСКОнинг умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Мақбаранинг кўриниши ана шу битикнинг сўнгги қисми ўғирлаб кетилгандан бери ғариб аҳволда эди.

Бўйи 52,5 см ва эни 30,5 см бўлган хаттотлик намунаси Лондондаги Mayfair галереясида сотувга қўйилган. Уни Оксфорд университети олими Симон Рей томонидан сотиб олган. Университет профессори Жеймс Аллан санъат асарининг Чашмаи Айюбга тегишлилигини аниқлаган ва уни Ўзбекистонга қайтариш учун Британия музейига мурожаат қилган.

Хаттотлик намунаси мақбарадан қай тариқа ўғирлаб кетилгани ҳақида маълумотлар йўқ. Ўзбекистон расмийлари ўғрилик ҳақида ўз вақтида эълон қилмаганлар. Уни сотиб олганлар меъморий ёдгорликнинг бир неча йил немис коллекционери қўлида сақланганини маълум қилган. Хаттотлик намунасининг қиймати бир неча ўн минг фунт-стерлингга тенглиги айтилмоқда.

Музей маъмурияти хаттотлик намунасини шу ҳафтада Лондондаги Ўзбекистон элчихонасига тақдим қилиши кутилмоқда. Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов «самимий миннатдорчилик» изҳор қилгани маълум қилинган. Ўзбекистон ҳукумати тарихий обидани қайта тиклашни режалаштирмоқда.