Бухородаги тунги рейдларда 5 нафар фоҳишалик билан шуғулланган аёл ушланди

Бухородаги тунги рейдларда 5 нафар фоҳишалик билан шуғулланган аёл ушланди

Бухоро вилояти ИИБ, Миллий гвардия, Маҳалла, Ёшлар Иттифоқи ва бошқа жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда 9—11 март кунлари тунги вақтларда Бухоро ва Когон шаҳарлари, шунингдек, вилоятнинг барча туманлари ҳудудида фаолият кўрсатувчи тунги клуб, кафе-бар, ресторан, чилимхона ва бошқа кўнгилочар жойларда тунги рейдлар ўтказилди. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, олиб борилган тезкор-профилактик тадбирлар давомида жами 330 нафар шахс ички ишлар бўлимларига олиб келинган. Эътиборлиси, уларнинг 100 дан ортиғини қиз болалар ташкил қилди, дейилади хабарда.

Тунги кўнгилочар жойларда юрган ёш ўғил-қизлар билан Ёшлар Иттиқофи ва психолог ходимлар томонидан якка тартибда профилактик суҳбатлар ўтказилиб, оилавий яшаш шароитлари, нима сабабдан бемаҳалда (тунги соатларда) бундай жойларда юрганликлари ўрганилди. Ходимлар томонидан уларнинг бармоқ излари олиниб, вилоят ҳудудида содир этилиб, очилмасдан қолаётган жиноятларга алоқадор ёки йўқлиги, қидирувдаги шахслар рўйхатларидан текширилди.

Тунги клуб ва бошқа кўнгилочар жойлар эгалари ҳамда масъулларига вояга етмаганларни мажбурий меҳнатга жалб этмаслик, тунги вақтларда вояга етмаганларнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларсиз бўлишларига йўл қўймаслик тўғрисида тушунтирилиб, огоҳлантириш ишлари олиб борилди.

Ўтказилган тадбирлар давомида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 188-2-моддасида кўрсатилган 4 та (вояга етмаган шахснинг кўнгил очиш (дам олиш) жойларида тунги вақтда бўлишига йўл қўйиш) ҳуқуқбузарлик ҳамда 5 та фоҳишалик билан шуғулланиш ҳолати аниқланди.