Буюк Британия ҳам карантинга ёпилди

Буюк Британия ҳам карантинга ёпилди

©️ SkyNews

Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон кеча, душанба куни кечқурун мамлакатда яқин уч ҳафталик муддатда қатъий карантин чоралари ўрнатилганини эълон қилди. Коронавирус тарқалишига боғлиқ равишда бу муддат узайтирилиши, қоидалар янада қатъийлаштирилиши мумкин

Мамлакат аҳолисига уйда қолишга буйруқ берилди, фақат зарурий ҳолларда – озиқ-овқат, тиббий ёрдам, спорт билан шуғулланиш (кунига кўпи билан бир марта) ва уйдан туриб ишлаш мумкин бўлмаганда ишга бориш учун кўчага чиқишга рухсат этилади.

Озиқ-овқат ва асосий эҳтиёт молларини сотадиган дўконлардан бошқа барча савдо нуқталари ёпилади. Кўчада икки кишидан кўп одам тўпланадиган ҳар қандай йиғилишлар тақиқланади. 

Полицияга ушбу қоидаларга амал қилмаганларга жарима солиш кўрсатмаси берилган. 

Шу билан бир вақтда Британия парламенти коронавирус пандемияси вақтида ҳукуматга фавқулодда ваколатлар бериш ҳақидаги қонунни муҳокама қиляпти. Буюк Британияда шу пайтгача тинчлик даврида бундай қонунлар қабул қилинмаган.

Коронавирус келтириб чиқарган COVID-19 касаллиги туфайли айни вақтгача 6 726 киши касалланиб, улардан 335 нафари вафот этган.