Бюрократия ҳиди уфуриб турган тартиб (ҳеч кимга керак бўлмайдиган бир дунё қоғоз)

Бюрократия ҳиди уфуриб турган тартиб (ҳеч кимга керак бўлмайдиган бир дунё қоғоз)

Ҳукумат қарори (402-сон, 23.06.2020 й.) билан Олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида хотин-қизларга танловда иштирок этиш учун тавсиянома бериш ва уларни ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган эди.

Шунингдек, ушбу низом билан тавсиянома олиш тартиби белгиланди.

Хотин-қизлар учун қўшимча грант асосида ОТМга кириш тартиби белгиланди

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев хотин-қизларга тавсиянома беришдаги бир қатор бюрократик тартибларни танқид қилди:

"Кеча хотин-қизларга ажратилган давлат гранти учун қўшимча 940та ўринга даъвогарлик қилиш ҳуқуқини берадиган тавсиянома олиш тартиби ҳақида маълумот бериб ўтгандим. Ушбу маълумотларни Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг бошқарма бошлиғининг АОКАдаги брифингда айтган сўзларидан тайёрлаганман.

Кечаги постга 250 га яқин изоҳ қолдирилди ва аксарият инсонлар тартибдан норози. Уларнинг шикоятида эса жон бор.

Сабаби хотин-қизларга тавсиянома бериш тартибини кўриб, кўз олдимга ҳеч кимга керак бўлмайдиган бир дунё қоғоз, тонналаб маълумотномалар, турли эшиклар тагида сарғайиб турган аёллар келди.

Аёлларга ажратилган қўшимча давлат гранти ҳудудларга тақсимланди

Жумладан, тартиб бўйича бир қанча саволларим бор.

Биринчидан, ҳужжатлар 10 июлгача қабул қилинади дейилган. Лекин номзодларнинг ҳужжатларини туманлар 8 июлгача вилоятга, вилоятлар эса 10 июлгача вазирликка бериши керак экан. Ия, унақада 8-9-10 июль кунлари туманга ҳужжат топширган хотин-қизлар тақдири нима бўлади? Нега муддатларда бунақа бетартибликка йўл қўйилган?

Иккинчидан, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлардан маълумотнома, объективка нега керак? Нима улар бирор давлат ташкилотига ишга кираётганмидики (қонун бўйича аслида ишга киришда ҳам объективка сўраш мумкин эмас), объективка сўраляпти? Чекка қишлоқдаги содда опа-сингилларимиз объективкани, уни тўлдириш тартибини қаёқдан билсин? Ва уни тўлдириш учун шароит (компьютер, принтер, электр) бор дейсизми? Хўп, имкон бор ҳам дейлик, ўзи бунақа ортиқча ҳужжатдан кимга нима фойда?

Учинчидан, нима учун хотин-қизлардан мактаб, лицей ёки коллеждан маълумотнома талаб қилиняпти? Дипломини кўрсатса ёки нусха берса етмайдими? Мактаб ёки коллежни 10-15 йиллар олдин тугатган опаларимиз ҳам тавсиянома оламан деса, энди архивма-архив сарсон бўлиши керакми? Ёки яқиндагина коллежни тугатган бўлсаю, лекин у коллеж ёпилиб кетган бўлсачи, унда нима қилади? Ахир юртимиз бўйлаб озмунча коллежлар ёпилмадими?

Ёки энг асосийси ҳозир ёз ойи бўлса, ҳамма таътилга чиқиб кетган, маълумотнома олиш учун мактаб ёки коллеж маъмуриятини қаердан топиб келишади?

У маълумотнома мазмуни қандай бўлади? Нега бу ҳақда бирор жойда батафсил маълумот эълон қилинмади?

Тўртинчидан, ҳозир карантин даври, жуда кўп туман/шаҳарлар қизил ҳудудда. Бундан ташқари қоғоз коронавирус инфекциясини ташувчи энг катта воситалардан бири эканлиги айтилаётган бир пайтда, нима учун бир дунё кераксиз ҳужжатлар талаб қилиняпти? Ахир бу саломатлик учун ҳам хавфлику.

Нега танлов сифатида имконияти борларга онлайн ариза бериш усули яратилмади?

Бунинг учун юз миллионлаб маблағ сарфлаб, янги сайт қилиш шартмас, оддий Google Forms орқали ҳам масалани текин ҳал қилса бўлади. Фақат бунинг учун озгина замонавий фикрлаш керак, СССРдан қолиб кетган объективкаю, бюрократияни бир дақиқа унутиб туриш лозим.

Хуллас, саволлар бисёр. Жавоб эса ҳозирча йўқ. Мен ҳали бу тизимнинг коррупцион жиҳатлари ҳақида лом-мим демаяпман. Тавсиянома бериш учун бирорта асос йўқ бўлган минглаб шахслар ҳам тавсиянома олиши эҳтимоли катта. Майли, бунга бари бир чек қўя олмайди, бу жамиятимизнинг қон-қонига сингиб кетган «қадрият».

Лекин ҳеч бўлмаса тавсиянома бериш тартибини сал тартибга келтиришса яхши бўларди".