Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






CCВ: Қашқадарёда илк бор 2 нафар беморнинг ишлаб турган юрагида ноёб операция ўтказилди
14.02.2022 21:03,  
37

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бугунги кунда дунёдаги барча ўлим ҳолатларининг қарийб 60 фоизи юрак-қон томир тизими касалликлари оқибатида келиб чиқади. Қолаверса, бу турдаги хасталиклар ҳануз ногиронликка етакловчи энг асосий сабаблардан бири бўлиб қолмоқда.

Айниқса, аортал клапан стенози энг кенг тарқалган юрак патологияларидан бири бўлиб, Европа ва Осиё мамлакатларида ногиронлик ва ўлим сабаблари рўйхатида юқори ўринни эгаллайди. Янги дори воситаларининг яратилиши ҳамда илғор даволаш усулларига қарамай, ҳозирги кунда аортал стенозни бартараф этишнинг консерватив усуллари мавжуд эмас. Бу касалликни даволашнинг ягона самарали йўли эса аорта қопқоғини алмаштиришдир.

Куни кеча Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиалида ана шундай ноёб операция ўтказилди.

Мазкур мураккаб жарроҳлик амалиёти Москва шаҳрида жойлашган А.Л. Мясников номидаги кардиология маркази профессори Тимур Имаев ҳамда филиал директори, малакали жарроҳ Набижон Юлдашев бошчилигидаги маҳаллий шифокорлар томонидан муваффақиятли бажарилди.

Хусусан, ўтказилган эндоваскуляр аортал қопқоқ алмаштириш операциясидан сўнг Навоий вилоятининг Қизилтепа тумани Ғардиян қишлоғида яшовчи 77 ёшли Сулаймон ота Эшбоев бир неча йиллик оғир дарддан халос бўлди. Ҳозир беморнинг аҳволи яхши.

— Узоқ йиллардан бери юрагимда қаттиқ оғриқ сезардим, — дейди С. Эшбоев. — Бунинг устига, кейинги пайтларда бошим айланиб, хушимдан кетадиган бўлиб қолдим. Ҳолсизлик, юқори қон босими ҳам анча ҳолдан тойдирди. Шукр, қўли енгил шифокорларнинг кўмаги билан ана шу дардлардан халос бўлдим...

Малакали жарроҳ Набижон Юлдашевнинг таъкидлашича, ушбу амалиёт ўта мураккаб бўлиб, катта травматик жарроҳлик усулларидан фойдаланмасдан, махсус катетер (етказиб бериш тизими) ёрдамида сон артерияси орқали, ишлаб турган юракда аорта қопқоғи биопротезини имплантация қилишни ўз ичига олади. 

Қувонарлиси, сўнгги йилларда тиббиётимиздаги ижобий ўзгаришлар натижасида бу каби ноёб операциялар нафақат пойтахтимиз, балки олис ҳудудларда ҳам муваффақиятли бажарилмоқда.

Жумладан, Қарши шаҳрида яшовчи юрак туғма нуқсони хасталигига чалинган 30 ёшли Шаҳзод Исаев ҳам шифокорларимиз томонидан бажарилган ана шундай ноёб операциядан сўнг яна ҳаётга қайтди. Айни пайтда беморнинг аҳволи қониқарли. У ҳам шифокорлар назоратида даво муолажаларини давом эттирмоқда.

— Ёш бўлсам-да, қон босимим кўтарилиб, бошим қаттиқ оғрирди, — дейди Ш. Исаев. — Кейинчалик кўнгил айниши, ҳолсизлик ва юрагимда оғриқлар безовта қила бошлади. Шифокорлар тавсияси билан бир неча бор муолажа олдим, бироқ фойдаси бўлмади. Шу сабабли ушбу марказга мурожаат қилдим. Ҳозирда аҳволим кундан-кунга яхшиланиб бормоқда. Насиб бўлса, тез кунда яқинларим бағрига қайтаман.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, ўтган 2021 йилда Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиалида жами 3033 та очиқ ва ёпиқ турдаги юқори технологик кардиожарроҳлик амалиёти муваффақиятли амалга оширилди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан