Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Цензурага «лазейка» бўлиши мумкин бўлган қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди
14.03.2020 11:59,  
849

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан, ёлғон маълумот тарқатганлик учун маъмурий жавобгарлик назарда тутиладиган лойиҳа муҳокама учун қўйилди.

Қонун лойиҳасида шундай дейилади:

“Оммавий ахборот воситаларида, ахборот ва телекоммуникация тармоқларида шунингдек, Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб фуқароларнинг ҳаёти ва (ёки) соғлиғига, мулкка хавф туғдирувчи, жамоат тартибини оммавий бузишга ва (ёки) жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи, давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, мулкчилик шаклидан қатъий назар корхона, муассаса ва ташкилотларнинг нормал фаолият юритишига халақит берувчи ишончли хабарлар ниқоби остида ижтимоий аҳамиятга эга ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни била туриб тарқатиш, —

маъмурий ҳуқуқбузарлик предмети ҳисобланган воситаларни мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача, мансабдор шахсларга эса қирқ бараваридан олтмиш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади”.

Ушбу қонун лойиҳаси кенг жамоатчилик, журналист ва блогерлар томонидан жуда салбий қарши олинди. Хусусан, davletovuz блогининг муаллифи “Туҳмат ва ҳақоратни жиноят қонунчилигидан чиқариш учун ҳаракатлар кетаётган бир пайтда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ёлғон хабар тарқатганлик учун жарима жорий қилмоқчи“ эканлигини “бургага жаҳл қилиб кўрпани ёқиш“ деб атаган.

“Оддий хато қилиш ҳуқуқидан мосуво қилиш, дегани бу. Хабар, маълумотни яширганлик учун ҳам жавобгарликни жорий қилиш керак“, — дейди блогер.

Журналист ва юрист Баҳодир Аҳмедовнинг ёзишича, бу тушунарсиз лойиҳа ОАВ ва блогерларнинг овозини ўчириш учун хизмат қилиши мумкин.

“Мана шундай мавҳум нормалар киритилаверса, цензурага “лазейка“ вазифасини бажармайдими? Шу ўринда битта савол туғилади:

Лойиҳадаги "нормал фаолият юритишига халақит берувчи ишончли хабарлар ниқоби остида ижтимоий аҳамиятга эга ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар" — нима?

Лойиҳанинг юқоридаги қисмида бир жумла асосий жойи — “била туриб тарқатиш“. Агар нотўғри маълумот эканини билмай туриб тарқатсангиз, сизга тааллуқли эмас. Лекин буни исботлаб бериш муаммо. Агар сизга бир одам “фалончи менга тазйиқ қилди“ деса, сиз уни гапини жамоатчиликка етказсангиз, буни ёлғон ёки ҳақиқат эканини сиз қаердан биласиз? Одатда ҳокимларнинг сўкинган аудиолари тез-тез чиқиб туради (собиқ Миришкор туман ҳокимидек), бу ҳолатда ҳақиқатда аудиодаги овоз ҳокимникими ёки бошқага тегишлими, буни қандай аниқлайсиз.

ОАВга тааллуқли қонун ҳужжатлари ўзи шундоқ ҳам 10-20 олдинги қонунлар бўлиб, уларни оптималлаштириш лозим бўлган пайтда бу кам-кўсти кўп, саволлар туғдирадиган лойиҳани қўйилиши мен учун яхши шамоллар келмаётганидан дарак бермоқда“ — дейди Баҳодир Аҳмедов.

Шунингдек, журналист АОКА ва Масс-медиа бундай вазиятда қаерга қараётганига ҳам шама қилган.

Телеграмдаги «Янги Файзбоғ» канали муаллифи Темур Малик эса бу қонун якунда давлат амалдорларининг блогер ва журналистларга қарши асосий рычаги бўлиб хизмат қилишидан хавотирда.

“Бизда исталган танқидий/таҳлилий руҳдаги мақоладан “ёлғон ва асоссиз“ маълумот топиш мумкин. Бу қонун якунда давлат амалдорларининг блогер ва журналистларга қарши асосий рычаг бўлиб хизмат қилиши мумкин. Бу эса, ўз навбатида, шусиз ҳам охирги пайтларда жуда эҳтиёткорлик билан фикр билдираётган ижтимоий фаол фуқароларнинг (ўзимдан мисол) янада эҳтиёткорроқ бўлишга ундайди. Уларнинг вазифасини янада мураккаблаштиради.

Масалан, биз кўп гувоҳ бўлганимиз — журналистнинг бирон бир мурожаатчининг шикояти изидан амалдорларга қарши материал тайёрлаши жуда ҳам қийинлашиб кетади. Чунки Ўзбекистонда ОАВ вакиллари учун давлат ишларидан асосли маълумот йиғиш жуда қийин эканлигини барчамиз биламиз. Мен шу кунгача бирон бир давлат ташкилоти ёки мансабдор шахс журналистларга ўзига қарши хизмат қилиши мумкин бўладиган маълумотларни очиқлашини ёки ўзига қарши қўйилган айбловларни тан олишини кўрмаганман. Шундай экан, бу қонун кучга кирса, исталган одам журналистнинг материалини “асоссиз“ ва “бўҳтон“ деб баҳолаши, кейинчалик журналистга катта жарима солиши ва шу йўл орқали босим уюштириб, суриштирув ишларини тўхтатиб қўйиши мумкин бўлади.

Бизда барча тизимлар мукаммал ишлаганида эди, бу қонун лойиҳасига ҳеч ким эътибор ҳам қаратмасди, менимча. Лекин, минг афсуски, бизда қачонки гап юқори лавозим эгаларига тегса, прокуратура, суд вакилларининг кучи ҳаминқадар бўлиб қолишини кўриб турибмиз“, — дейди блогер.

Шунингдек, яна бир фаол блогер Нозим Сафари эса бу қонун ўн йиллар давомида ёлғон статистик маълумотлар тарқатган давлат ташкилотларига ҳам тааллуқли бўладими, дея сўрамоқда.

“Ёлғон маълумот тарқатилгани учун ССВ жарима жорий қилишни таклиф қилиб чиқибди. Қизиқ, ўн йиллар давомида ёлғон статистик маълумотлар тарқатган давлат ташкилотларига ҳам тааллуқли бўладими бу? Уларнинг эски маълумотлари интернет тармоқларида сақланиб қолган. Бирма бир кўтариб қаралса, шундай чиройли, бежирим ва ёлғон рақамлар...

Ва бундай маълумотлар ҳозир ҳам берилмаётганига ишончим тўлиқ комил эмас. Энди-чи? Давлат ташкилотлари ёлғон хабар тарқатса жавобгар бўладими?" деб ўз сўзларини якунлайди блогер.

Мусанниф Адҳам тахаллуси билан фаолият олиб борувчи яна бир блогер эса, Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги масъуллар бу вазиятда ўзи нима қилиши кераклигини сўраган.

"Соғлиқни сақлаш вазирлиги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга қўшимча киритиб, “фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирадиган, ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни“ тарқатишга қарши жарима қўллаш таклифи билан чиқибди. Вазирлик даъвосига кўра “коронавирус ҳақидаги асоссиз хабарлар соғлиқни сақлаш тизимига нисбатан ишончсизлик келтириб чиқараётган“ экан.

Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги масъуллар бу вазиятда ўзи нима қилиши керак эди-ю, амалда нима қиляпти? Бундай “ақлли ташаббус“лардан кейин вазирликка ишонч қоладими?

Болаликда кўрганимиз бир мултфилмда яхши бир гап бор эди: “Эҳ, сени қара-ю, алвасти, ҳурматли бўлиш учун қўрқитиш эмас, ҳурматга лойиқ бўлиш керак, билдингми?“- дейди блогер.

Умид қиламизки, қонун лойиҳасининг Ўзбекистон фуқароларни конституциявий ҳуқуқларига дахл қилиши бўйича Конституциявий суд, Адлия вазирлиги ва АОКА тегишли баёнот беради.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан