Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Чет эл бақлажон икрасини емаган журналист
15.10.2019 10:18,  
380

Чамаси бундан 15 йиллар олдин Карим Баҳриевнинг “Қора икра емаган журналист” деган мақоласини ўқигандим. Зўр ёзилган. Ёзаётганимда шу сарлавҳа эсга тушиб, мен ҳам ушбу мақолага “Чет эл бақлажон икрасини емаган журналист” деб сарлавҳа қўйдим. Чунки бунинг ортида гап бор. Гапимнинг эса икрага қўшиладиган озгина пиёзи бор.

Яқинда Нурбек Алимов ёзибмиди, кимдир ёзувди 18 асрда Францияда очарчилик бошланганида сарой аъёнлари Қиролича Мария Антуанетта ҳузурига кириб “Халқнинг егани нони йўқ, зоти олийлари, айтинг нима қилайлик” дейишса қиролича уларга қараб: “Модомики, халқнинг егани нони йўқ экан, унда пирожный ейишсин“ деган экан. Ҳозирги кўп амалдорларнинг, раҳбарларнинг ана ўша қироличадан фарқи йўқ. Фаросати эса ҳаминқадар. Шунинг учун Ўзбекистонни Венесуэлага ёки бирорта ҳеч ким яшамайдиган ёки кам сонли одамлари бор оролга таққослаб вазиятдан чиқишга ҳаракат қилишади. Бир ойда бир тишлам гўшт еёлмаётган оилалар ҳамон бор экан, кўп гўшт еймиз дейдиган амалдорлару, маддоҳ ҳамкасбларимиз ҳамон “мусаппо осмон” ҳақида гапиришлари ғашимизга тегяпти.

Бир куни ўзига тўқроқ таҳририят ош берди (касб маданиятига кўра қайси таҳририят эканини айтмайман). Бир қанча журналистлар бир давра бўлиб ош ея бошладик. Улардан бири гап асносида шу таҳририятдаги ходимларнинг 5 миллиондан ойлик олиши, бу таҳририятнинг 90 нафарга яқин ходимлари шунча пул олишса бир ойда 900 миллион сўм давлатнинг пули шуларга кетаётганини айтиб қолди. Бу гапни омад тилаш учун, фахр учун ёки кулгу учун айтса бошқа гап эди. Қарасам, сўзининг оҳангида нолиш бор, ғийбат бор, ҳасад бор, бахиллик бор. Айниқса ошини еб туриб , туз-намагини еб туриб гапирса бу кўрнамаклик дейилади.

Нега биз шунақамиз?! Нега “сен” шунчалик “жасоратинг” билан пулининг сассиғига ухлаёлмаётган амалдорларни, коррупцияда айбланган раҳбарни ёки дўппи тор келиб қочганида сарфлаш учун чет эл банкига пораларини қўяётган корчалонни ёзолмайсан, тафтиш қилолмайсан?! Халқнинг пули ўпириб еяётган, ҳаром йўл билан керак бўлса кунига камида 5 миллион АҚШ доллари топадиган казо-казолар турганида ойида ҳалол йўл билан 5 миллион сўм ойлик олган ҳамкасбингни пули кўп кўриниб кетдими?! Нега фаросатимиз шунақа экан?!

Айни пайтда юқоридаги масъул лавозимларда ўтирган бошлиқлар ва уларнинг атрофида гирди капалак бўлаётган шотирлари йиғилишларда айтаётган гапларини тарозуга солиб кўрсак, уларнинг халқ дардидан, орзу-умидларидан узилиб қолгани, бунга қўшилиб ўзининг ҳам оёғи ердан узилгани аёнлашади, улар барча нарсани ўз қаричи билан ўлчаётгани бор гап.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги мажлислар залидаги матбуот анжуманида иштирок этган Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Ҳайитовнинг “Жуда кўп гўшт истеъмол қиляпмиз”, деган гапи кўп муҳокамага сабаб бўлди. Чунки кўп гўштни сиз истеъмол қиляпсизми ё бизми, дейдиган даражада аҳволи ҳаминқадар юртдошларимизни унутмаслик лозим бўлади.

Ахборот олиш тўғрисида қонунчиликда меъёрлар белгиланган бўлса-да деярли жуда кўп соҳадаги мансабдорлар ахборот беришдан ўзларини олиб қочишади. Баъзан эса, матбуотга, ОАВ ходимлари саволларига жавоб беришда ниҳоятда эҳтиёткор бўлишади. Энг ачинарлиси, ўша турли соҳа, ташкилот, муассасанинг Ахборот хизмати, яъни матбуот котиблари ўша соҳани ҳимоя қилиш маъносида маълумот беришади. Улар тайёрлаган маълумотлар кўпинча қуруқ маълумотлардан иборат бўлади.

Матбуот котибларининг бундай “меҳрибончилиги”дан ким зарар кўради?! Албатта ўша соҳа! Чунки, бугунги шаффоф муносабатлар даврида бирор муаммони беркитиш ёки хас-пўшлаш эртага катта муаммо бўлиб қад ростлайди. Бугун одамларга қоғоздаги қуруқ ҳисоботларни ўқиб бериш эмас, улар қизиқаётган жиҳатларни кўрсатиб бериш лозим.

Ана шундай қобиққа ўралиб олиш сабабли Венесуэлага нисбатан Ўзбекистонни қиёслаш каби кулгули ҳолат юзага келади. Ваҳоланки, бундай маълумот бераётган одам Венесуэлада биргина бензиннинг нархи ичимлик сувидан ҳам арзон эканини билиши, қиёслашга уялиши керак бўлади. Буни мисол тариқасида келтирдик. Аслида шунга ўхшаган ҳолатлар кўп рўй бериб туради.

Аксарият ҳолларда брифинг, семинар ва матбуот анжумани ўтказаётган ташкилот раҳбарлари журналистлар савол-жавобига вақт қолдирмай, ўзларича регламент белгилаш ҳолатлари ҳам учраб туради. Шу каби ташкилот раҳбарлари матбуот анжуманларида ўзларининг корхонасида раҳбар экани – аксинча матбуот анжуманига мутлақ раҳбар эмасликларини ҳам унутиб қўйишади. Ва журналистлар кутилганидек маълумот ололмай қоладилар. Чунки журналистларга Пресс-релиздаги маълумотларгина керак бўлмайди. Матбуот анжуманда журналистларга тарқатилган Пресс-релизларни нуқта-вергулигача бир хил ўқиб бериш анъанага айланган. Улар журналистларга тарқатилгач, уни мажлисда ўқиб беришдан не маъни?!

Хуллас, бундай муаммоларни бартараф этмасдан туриб, муайян ташкилотдаги масалаларни очиқлаш анча мушкул кечади.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан