Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Чет элда мукофот билан тақдирланганларга қанча маблағ тўланади?
21.09.2022 12:37,  
37

“Nobel” мукофоти

 

Ушбу нуфузли мукофот Нобель мукофотлари лауреатларга ҳар йили 10 декабрь куни, мазкур мукофотнинг асосчиси Альфред Нобелнинг туғилган кунида топширилади. Биринчи Нобель мукофоти 1901 йилда топширилган ва шу вақтдан бошлаб, ушбу соҳалар сони олтитага кўпайган. Хусусан, кимё, физика, адабиёт, тиббиёт, иқтисодиёт ва тинчлик соҳаларида берилади. Ҳар бир тоифадаги ғолиблар диплом ва олтин медални олишдан ташқари, пул мукофотига ҳам эга бўлишади.

Ўтган 119 йил ичида (1901-2019 йиллар) мукофот атиги 100 марта топширилган, 19 йил давомида – 1914-1916, 1918, 1923, 1924, 1928, 1932, 1939-1943, 1948, 1955-1956, 1966-1967 ва 1972 йилларда мукофотга муносиб номзод топилмаган. 2020 йилда Нобель мукофотининг миқдори ўтган йилга нисбатан 1 миллион швед кронасига кўпайтирилиб, 10 миллион швед кронасига етказилди.

Бугунги кунда мукофотнинг умумий қиймати 10 миллиард 61 миллион сўм(2022 йил 21 сентябрь ҳолатига)дан ошиқни ташкил қилмоқда.

 

“The booker prizes” соврини

 

Эндиликда бу соврин “Man Booker” фантастика учун мукофот, деб номланмоқда. Мазкур мукофот Британиянинг энг обрўли адабий мукофоти ҳисобланиб, ҳар йил 12 ой ичида нашр этилган энг яхши роман учун берилади. 2013 йилгача Англиядан ташқари, Ирландияда ёки Зимбабведа истиқомат қилувчи муаллифларга инглиз тилида ёзилган романи учун топширилган.

Бироқ 2014 йилдан бошлаб, мазкур мукофот муаллифнинг фуқаролигидан қатъи назар, инглиз тилида ёзилган романи учун бериладиган бўлди. 2022 йилда мазкур мукофотнинг қиймати 80 минг фунт стерлинг ёки 995 миллион сўмдан ортиқ маблағни ташкил қилмоқда.

 

“Oskar” мукофоти

 

Америка кинематографиясининг энг таниқли мукофоти “Оскар” ҳар йили ўтган йилнинг энг яхши фильмларида ишлаган актёрлар, режиссёрлар, продюсерлар ва кино мутахассисларига топширилади. 1929 йилда биринчи “Оскар” мукофотининг топшириш маросими бўлиб ўтган. Нобель мукофотидан фарқли равишда ушбу мукофотда пул маблағлари топширилмайди.

Мукофот ғолиби шартномага биноан эсдалик мукофотини фақат Кино санъатлари академиясига расмий равишда бир долларга сотиши мумкин. Бироқ шунга қарамай “Forbes” журнали мазкур олтин ҳайкалчанинг нархини ҳисоблаб чиқди. Оскар учун энг катта нархни хонанда Майкл Жексон тўлаган. У 1999 йилда Оскар ҳайкалчаларидан бирини 1,5 миллион долларга сотиб олган. Шунга кўра, мутахассислар мазкур ҳайкалчаларнинг ҳозирги қиймати 2,3 миллион долларга тенг, дея баҳолашмоқда.

 

“BAFTA” мукофоти

 

Британиянинг кино ва телевидение санъати академияси (БАФТА – The British Academy of Film and Television Arts) томонидан топшириладиган ушбу мукофот Американинг “Emmy Award” мукофотининг эквиваленти ҳисобланади. Мазкур мукофот ҳар йили кинематография, телевизион санъат, компьютер ўйинлари ва санъат соҳасидаги хизматлари учун топширилади. Ушбу мукофот 1947 йил 16 апрелда Девид Лиён раҳбарлигида жорий қилинган.

Совриндорларга соврин сифатида олтин ниқоб тақдим қилинади. Бироқ дастлаб мукофот жорий қилинган пайтда у бронзадан ясалган. 1980 йилда ясалган ана шундай бронза ниқоблардан бири NateDSanders.com кимошди савдосида 6 083 долларга сотилган. Аммо ҳозирда топширилаётган “BAFTA” мукофотининг олтин ниқоби қиймати қанчага тенг эканлиги тўғрисида маълумотлар йўқ.

 

“Pulitzer Prize” мукофоти

 

Мазкур мукофот Американинг журналистика, адабиёт ва мусиқий композиция бўйича бош мукофоти ҳисобланади. Пулицер мукофоти ҳар йили 21 та номинация бўйича топширилади.

Ғолиблар сертификат ва медални олишдан ташқари яна 15 000 АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофотига ҳам эга бўлишади. Ушбу мукофот 1917 йилдан буён топширилиб келинмоқда. Сўнгги йилларда тоифалар кенгайиб, онлайн журналистика номинацияси ҳам қўшилган.

 

Пул тўланмайдиган мукофотлар

 

“Грэмми” – бу Америка Миллий ижодкорлар санъати ва Фанлар Академияси томонидан ҳар йили топшириладиган мусиқий мукофот ҳисобланади. Ижодкорлар, продюсерлар ёки қўшиқ муаллифлари мукофотни чек ёки пул кўринишида олмайдилар.

Шунингдек, “Brit Awards” энг яхши мусиқа яратувчиларига, “MTV Video Music Awards” энг яхши видеоклип муаллифларига топширилади ва ушбу мукофотларга ҳам пул тўланмайди.

Шу ўринда “Олтин пальма япроғи”, “Олтин глобус” каби кинематография соҳасидаги мукофотлар учун ҳам пул тўланмайди.

Шундай бўлса-да, мазкур мукофотларнинг нуфузи жуда юқори ҳисобланади.

 

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан