Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Давлат монополияси остидаги телевидение (1-қисм)
25.05.2020 21:23,  
2506

Кейинги пайтларда ҳар хил нашрларда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (ЎзМТРК) ҳақида турли-туман фикрлар билдирилмоқда. 1997–2003 йилларда ана шу оммавий ахборот воситасида штатсиз мухбир сифатида ижод қилган бир журналист ўлароқ, шахсан ўзим гувоҳи бўлган воқеаларни кенг халқ оммасига етказиш ва, умуман, ЎзМТРКнинг ҳуқуқий аҳволи ҳақидаги мулоҳазаларимни билдириш вақти-соати келди, деб ўйлайман*. Унда:
 
- телевидениеда кўрсатув муаллифи ва бошловчи бўлиш машаққатига тўхталаман;
- монополизмга қарши кураш ва ЎзМТРКнинг ҳуқуқий ҳолати ҳақидаги фикримни айтаман;
- “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуннинг цензура ҳақидаги моддаси сурбетларча оёқости қилинганини қизиқарли ва, айни пайтда, ачинарли мисоллар билан келтираман.
 
Ўзбекистонда телевидение гуллаб-яшнаган ва халқ кўнглидаги гаплар эфирдан баралла янграган даврлар 1988–1993-йилларга тўғри келди. Бунга собиқ шўро давлати компартияси раҳбари Михаил Горбачёв бошлаган қайта қуриш сиёсати сабаб бўлди. Ана шу даврларда халқ чет эл телеканалларини эмас, балки ЎзТВ кўрсатувларини мириқиб кўрар ва кўтарилган муаммоларни ўзаро муҳокама қиларди. Телевидениеда, ҳатто, мухолиф партия кўрсатувига алоҳида вақт ажратилган ва эфир орқали ҳукумат бемалол танқид қилинганди.
 
Айрим ўқувчилар “Нима, ҳукуматни танқид қилмасдан яшаб бўлмас эканми? Намунча бу масалага ёпишиб олмасанглар?” дейиши аниқ. Гап шундаки, телевидение орқали “мамлакатимизда демократия кун сайин ривожланмоқда” деб, деярли ҳар куни жар солинади. Бу билан одамлар онгига “бизда демократик тамойилларга ҳурмат билан қаралади” деган фикрни муҳрлашга уринишади. Лекин, “ҳолва” деган билан оғиз чучимайди-да!
 
Тележурналистларнинг дунёқараши кенг қисми аслида аҳвол бутунлай бошқача эканлигини биладилар. Аммо, кучли давлат машинасига қаршилик кўрсатолмайдилар. Ҳукумат танқид қилинмайдиган жамиятда демократия аянчли аҳволда бўлиши инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқатдир.
 
Гап билан иш битта бўлмаган жамиятда кенг халқ оммаси ва ҳукумат орасида бўшлиқ юзага келади. Ҳозирги пайтга келиб, мамлакатнинг янги президенти Шавкат Мирзиёевнинг чиқишларида бундай камчиликлар ҳар-хил кўринишда тан олиняпти.
 
Мен Ўзбекистон ва Туркия ҳукуматлари ўртасида талаба айирбошлаш ҳақидаги шартнома бўйича 1992 йил октябр ойида қардош мамлакатга ўқишга кетдим. Шунинг учун, 1996 йилгача Ўзбекистон телевидениесида қандай ўзгаришлар юз бергани ва сабабларига шахсан гувоҳ бўлмаганман.
 
Аксинча, Туркия мисолида телевидение қандай ривожланишига гувоҳ бўлдим. 1990-йиллар бошларида Туркияда хусусий телевидениелар янги ташкил қилинаётганди. Мен уларнинг сони ёмғирдан кейин чиққан қўзиқориндай тез кўпайгани ва сўз эркинлиги қанчалик юксак даражада бўлганини яқиндан кузатдим.
 
Бошловчилар ва сиёсий шарҳловчиларнинг танқидий чиқишлари менга тажриба мактабини ўтади. Улар ҳар кўрсатув ёки чиқишлари учун мингларча доллар ҳақ олишади ва телеканаллар уларни ўзларига ишга ўтишлари учун бир-бири билан мусобақага киришишади. Чунки, яхши бошловчи ва шарҳловчи дегани бу – томошабин ва юксак рейтинг дегани. Рейтинг эса – реклама дегани. Реклама эса телевидение учун даромад манбаи дегани. Оддий ҳақиқат бу!
 
Олдиндан журналистлик соҳасига, айниқса, телевидениега қизиқишим кучли бўлгани учун, ватанга қайтгач Туркия телевидениеси ривожланиши тажрибасини қўллаш ва телевидение соҳасида ҳам фаолият юритишни кўнглимга тугиб қўйгандим. 1996 йил апрел ойида ўқишни муваффақиятли тамомлаб, “ижтимоий фанлар магистри” даражаси билан Ўзбекистонга қайтдим.
 
Аҳоли орасида кенг тарқалган фикрларга кўра, агар “юқорида” ёки телевидениенинг ўзида яхши танишингиз бўлмаса, телевидениега ишга кириш ва кўрсатув олиб бориш имконингиз бўлмайди. Шунга қарамай, мен ўз имконимни синаб кўришга қарор қилдим.
 
Туркия хусусий телеканалларидан бирида жуда машҳур бўлиб кетган туркум ҳажвий кўрсатув бор эди. Битта сонини параболик антенна ёрдамида ёзиб олиб, ўзбек тилига ўгирдим. Кейин уни Андижон “Ёшлар” телеканалига олиб бордим. Бу хусусий телеканал 1990-йиллар бошларида водийда жуда машҳур эди.
 
Раҳбарлардан бирига турк ҳажвий кўрсатуви ҳақида ўзим эфирда ҳикоя қилиб бермоқчи ва лавҳаларга овоз бериб кўрсатиш ниятим борлигини айтдим. Буни эшитган раҳбар “телевидениеда ўзингиз кўрсатув тайёрлаб, олиб боришингиз учун вилоят раҳбарларининг рухсати керак” деди. Гапини эшитиб, “агар хусусий ТВ раҳбари ўз фаолиятини катталар назорати остида юритаётган бўлса, унда 1990-йиллар бошларидаги эркинликдан асар ҳам қолмабди” деган хулосага келдим.
 
Агар вилоят телеканали четдан келганлар эфирга чиқиши учун бошлиқлардан рухсат олиши керак бўлса, унда республика телевидениеси яқинига йўлаб ҳам бўлмасди. Бу тажриба шаштимни бироз пасайтирди.
 
1997 йил баҳорида ЎзТВ-IV “Халқаро” телеканалида ногаҳон “Спектаклдан сўнг” кўрсатувига кўзим тушгач, турк ҳажвияси кўрсатув йўналишига мос тушишини англадим. Кўрсатув муаллифи билан телефонда гаплашиб, муддаомни билдиргандим, мени учрашишга чақирди. Пропуск олиб, телевидение биносига кирдим.
 
Кассетадаги видеони кўйиб, таржима қилиб бердим – муаллифга жуда ёқди. Чамаси, бир ойча вақт ўтиб, кўрсатувни суратга олиш учун мен бош маслаҳатчи-тилмоч бўлиб ишлаётган Олий Хўжалик судига келишларини хабар қилди.
 
У пайтлар кўрсатувлар тезкорлик билан тайёрланарди. Суратга олиш ва монтаж қилиш илк икки кунда тугалланиб, кўрсатув учинчи куни эфирга узатиларди. Шундай қилиб, кўрсатув душанба куни тасвирга олинган бўлса, сешанбада монтаж жараёнида қатнашиш ва ҳажвияларга овоз бериш учун телевидениега бордим. Монтаж пайтида режиссёр Комилжон Раҳимов роса мазза қилиб кулиб олди. Кўрсатув тайёр бўлди!
 
Айтганча, “кўрсатув тайёр бўлди” дегани “кўрсатув айнан муаллиф монтаж қилган шаклда эфирга узатилади” деган англамга келмайди!
 
Ҳар куни эрталаб телеканаллар раҳбарлари, одатда, канал бош муҳаррири бошчилигида ана шу кун оқшомида эфирга узатилиши режалаштирилган кўрсатувларни битта-битта “кўрикдан” ўтказишади. Аслида бу цензурадан бошқа нарса эмас!
 
Журналистлар орасида “просмотр” деб аталган “кўрик”нинг асл мақсади, асосан, кўрсатувда “катталар”га ёқмаслиги тахмин қилинган сўзларни олиб ташлаш, мамлакатимиз жамолини кўрсатишга “арзимайдиган” кадрларни “ёпиш” (ўрнига бошқа чиройлироқ кадрлар монтаж қилиш дегани), “катталар қаҳрига учрагани учун” кўрсатиш мумкин бўлмаган кишилар кадрга тушиб қолган бўлса, ўша кадрларни олиб ташлашдан иборатдир.
 
Мен “просмотр”дан кейин нафақат бундай “қайчилаб, ялтиратишлар”ни, балки бутун бошли кўрсатувлар эфирдан олиб ташланиши мумкинлигини ўз шахсий тажрибамда кўрганман.
 
Мен қатнашган “Спектаклдан сўнг” чоршанба куни эфирга узатилиб, томошабинлар олқишига сазовор бўлди. Бундан руҳланган муаллиф менга кўрсатувнинг яна битта сонини шу мавзуга бағишлашини билдирди. Бир ярим ойдан кейин ҳажвияларнинг давоми яна менинг иштирокимда эфирга узатилди.
 
Кўрсатувнинг иккинчи қисмини монтаж қилаётганимизда режиссёр Комилжон “худди авваллари ҳам монтажларда қатнашган киши каби қийналмаяпсиз, кўрсатув олиб борсангиз ҳам бўлар экан” деди.
 
Шу ўринда “ўзи ҳуқуқшунос бўлатуриб, турк ҳажвиясини рухсат олмай эфирга берибди” дейдиганлар ҳам топилиб қолади. Гап шундаки, мен Туркиядаги кўрсатув ҳуқуқи эгаси билан телефонда боғланиб, Ўзбекистон телевидениесида намойиш қилиш ҳуқуқини олиш масаласида гаплашдим. Аммо, турк тарафи мен таклиф қилган нархга умуман кўнмади.
 
“Спектаклдан сўнг”нинг турк ҳажвиялари ҳақидаги иккинчи сони эфирга узатилгач, “Халқаро” телеканал раҳбарларидан бири бўлган Асрор Аброрхўжаев мени хонасига чақирди. Ўша пайтлар Асрор ака Лондонда БиБиСи телерадиокорпорациясида малака ошириб қайтган, у ердан тайёрлаб келган ўзбекча кўрсатувлари томошабинларда катта қизиқиш уйғотганди.
 
Дунёга донғи кетган оммавий ахборот воситаси (ОАВ)да малака оширган Асрор ака ғарб давлатларида журналистика факультетлари мавжуд эмаслигини, ОАВлар турли соҳаларда журналистлик қобилияти бор шахсларни ўзларига танлаб олишларини ва улар ўз соҳаларини ёритиш билан шуғулланишларини биларди, деб ўйлайман.
 
Асрор ака гапни менинг “Мустақил газета”да чиққан мақолаларимдан бошлади. 1997 йил январ ва феврал ойи бошларида давлат арбоби ва иқтидорли журналист Карим Баҳриев бош муҳаррирлигида дунё юзини кўрган газетанинг илк бешта сони катта шов-шувга сабаб бўлган, ўша бешта сонда менинг тўртта мақолам эълон қилинганди. “Туркияда хусусий телевидениенинг ривожланиши” деб номланган мақолам газетанинг олтинчи сони учун териб қўйилганди. Карим ака ана шу сонда президентга очиқ хат эълон қилишини менга айтганди.
 
Афсуски, демократия ва сўз эркинлиги ниҳоятда чекланган Ўзбекистонда бунинг олди олиниб, Карим акани ишдан олиб ташлашди. Қандай жамиятда халқ эътиборини ўзига тортиб, одамлар орасида қўлма-қўл бўлиб кетган газета муҳаррири ишдан олинади?! Бу – бутунлай бошқа мавзу.
 
(Давоми бор)
*(2017 йил, апрел)
 
Видео илова:
1997 йил сентябр ойида "Ҳуқуқ ва бурч" кўрсатувида Тошкентдаги "Чорсу" бозори олдидаги мардикор бозорида мардикорлар билан суҳбатлашгандим. Меҳнат вазирлигидан эса чет элга ишга бориш тартиби ҳақида интервью олганман. У пайтлар ТВда бироз бўлса-да, эркинлик бор эди. Ҳозир мардикор бозорини кўрсатиш таъқиқланади. Ўша лавҳаларни қуйидаги линкдан томоша қилинг:

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан