Давлат монополияси остидаги телевидение (3-қисм)

Давлат монополияси остидаги телевидение (3-қисм)

“Ахборот” мухбири “Халқ қабулхоналари адолат масканига айланиб бормоқда” деди*. ЎзМТРКга юқоридан уқтирилган қоидага кўра, журналист бу гапни президент фаолиятини кўкларга кўтариш мақсадида айтди. Келинг, шу битта гапнинг ўзини таҳлил қилайлик.

Хаёлга келадиган илк савол шу: “Нима, бундан олдин Ўзбекистонда адолат маскани бўлмаганми?” Эфирдан янграган шу биттагина гап қандай хулосага олиб келади?

Суд, прокуратура, милиция ва бошқа ҳукумат органлари ўз вазифасини бажармаётганди, энди уларнинг ишини халқ қабулхоналари ўз зиммасига олди, бу вазифаларни президент ўз назоратига олади” дегани-ку бу?!

Самарқанддан лавҳа тайёрлаган журналистлар президентга битта ҳам савол беришмади! Чунки, бу ҳуқуқ уларнинг қўлидан олиб қўйилган. Журналистлар учун масъул ходим уларга савол беришни тақиқлаб қўяди.

2017 йили Ш.Мирзиёевнинг Самарқанд сафари ва Тошкентдаги видеоселекторда қатнашганини ёритган “Таҳлилнома” ҳафталик дастури президент ва ҳукуматни тарғиб қилишда “Ахборот”дан ўтиб тушди. Келинг, мухбирнинг “Президент муаммоларни кўндаланг қўйиш вақти келди, деди” деган гапларини англашга уринайлик. Бу – “аввалги раҳбар даврида муаммолар очиқ айтилмасди, ҳал қилиш йўллари ҳам қидирилмасди, шунинг учун муаммолар ечилмасдан қолиб кетаверган” дегани.

ЎзМТКР журналисти ўз фикрини эркин айтиш ҳуқуқидан маҳрум этилгани сабабли халққа эмас, балки ҳукуматга хизмат қиляпти. Шунинг учун, юзага келган вазиятни очиқча таҳлил қилиш у ёқда турсин, савол беришга ҳам ботинолмайди. Мен эса мустақил журналист ўлароқ конституцияда кафолатланган сўз эркинлиги ҳуқуқимдан фойдаланиб, юқоридаги репортажларни ТАҲЛИЛ қилишга уриниб кўрай:

Тележурналистлар бундан олдинги президентни ҳам худди шундай тарзда кўкка кўтаришганди. Лекин, энди билсак, у ҳеч нарса қилмаган, муаммоларни ҳал қилиш ўрнига, янада кўпайтириб кетган экан. Бундан келиб чиқиб, унинг хотирасини абадийлаштириш масаласини бошқатдан ўйлаб кўриш керак”.

Юқоридаги гаплар ЎзМТРК эфиридан узатилишига ишонасизми?

Халқ хизматида бўлиши шарт бўлган амалдорлар халққа ҳеч қандай ҳисобот бермаслиги одат бўлиб қолганди. Бундай аҳвол аввалги президентнинг шахсий “ташаббусидан” келиб чиққан, деган фикрдаман ва буни қуйида изоҳлаб бераман.

«Ҳуқуқ ва бурч» кўрсатувида Конституция суди раиси Баҳодир Эшонов, Олий суд раиси Убайдулла Мингбоев билан интервьюлар эфирга узатилган. Олий Мажлис депутатлари ва бошқа амалдор шахсларга келсак, улар интервью беришдан ўзларини олиб қочишар, айниқса бирор масала юзасидан фикр билдиришга жудаям кўрқар эдилар. “Катта”, яъни ўша даврдаги президент Ислом Каримов “бу ҳақда ҳали фикрини билдиргани йўқ” деб, баҳона қилишарди. Катта давлат лавозимини эгаллаб турган битта шахс “отахонимиз бизни телевидениеда кўрса жаҳли чиқади” деган. Булардан келиб чиқадиган хулоса шу-ки, айнан президент матбуот эркинлигини жиловлаб турган ҳамда кишиларнинг ахборот олиш ҳуқуқини чеклаган.

ЎзМТРКда “ўз-ўзини цензура қилиш” норасмий муҳити яратилган. Режиссёрлар, муаллиф ва бошловчилар қандай мавзуларни ёритмаслик, қандай сўзлардан фойдаланмаслик кераклигини жуда яхши билишар ва шу қоидага амал қилиша(р)ди. Масалан, “ишсизлик” деган сўзни эфирга узатиш мумкин эмас. Ўрнига “ортиқча меҳнат ресурслари” деган ибора ишлатилиши зарур. Агар бирорта амалдор танқид қилиниши ёки оддий журналистлар кўтариб чиқиши таъқиқланган мавзу ёритилиши керак бўлиб қолса, бунга президент девонидан команда бериларди. Бундай буюртма кўрсатувлар президент девонидан келган ходимнинг шахсан иштирокида монтаж қилинган.

Агар, бирорта журналист ўз фикрини ўтказмоқчи бўлиб, юқоридаги “қоидалар”ни бузса, ўзига ва режиссёрига иш оширган бўларди. Чунки, эрталабки “просмотр”да бошлиқлар “гапга кирмас” журналистга кўрсатувни “қайчилаш”ни буюрарди. Ундан кейин режиссёр ва муаллиф бўш монтажхона қидиришга, бошқалардан озгина монтаж вақтларини бериб туришларини илтимос қилишга тушишарди. Кўрсатув қайта монтаж қилинсагина эфирга узатишга рухсат бериларди.

Менинг тажрибамда ҳам шундай воқеалар бўлиб турган. Бир неча кўрсатувим эфирдан олиб ташланган.

Президент девонидан келганлар ўша давр президенти И.Каримовнинг сафарлари, гаплари ва нутқларини ҳам монтаж қилиб, сайқаллашарди. Маълумки, рус тилида фикрлаган марҳум президент ўзбек тилида суҳбатлашганида, одатда, битта гапни бошлаб қўйиб, охирига етказолмай, бошқа гапга ўтиб кетарди. Шунинг учун, уни монтаж қилиш жуда қийинлигини эшитганман.

Сизларга ўзим шахсан гувоҳи бўлган бир воқеани айтиб бермоқчиман.

Чамаси, 2002 йил эди. Олий Мажлис ҳар йили, адашмасан, уч марта сессия ўтказиш учун икки кунга йиғиларди. Унда мамлакат президенти катта нутқ ирод қилар, бу нутқ ҳеч қачон ТВда ҳам, радиода ҳам эфирга жонли узатилмасди. Ёзиб олингач, яхшилаб монтаж қилиниб, кечқурун эфирга бериларди.

Парламент сессияси очилган куни эрталаб телевидениега кўрсатувимни монтаж қилишга бордим. Бир студия ёнидан ўтиб кетаётгандим. Эшиги очиқ студияда парламент мажлиси ёзиб олинаётган экан. Мониторлардаги парламентда нутқ сўзлаётган президент диққатимни ўзига тортди. Бироз вақтим бор эди. Қизиқ туюлиб, ичкарига кириб, тинглай бошладим.

Ўша куни президентнинг мазаси йўқроқ экан. Ҳар бир жумлани ўқигандан кейин, стакандаги сувдан бир симириб, томоғини қириб, яна ўқишга тушарди. Ҳар тўхтаганида залга ғалати бир сокинлик тушар, пашша учса билинарди!

Бир пайт жумлани тугатган президент залга жаҳл билан қараб "нега қарсак чалмаяпсизлар?" деса бўладими!? Гулдурос қарсак босиб кетди. Ўз ишини бажарган президент эса бамайлихотир яна стакандан сув хўплади...

Агар шу воқеа чет элда юз берганида эди, буни «Президент депутатларни қарсак чалишга ундади» деган сарлавҳа остида кўрсатмаган ТВ қолмасди! Албатта, марҳум президентнинг юқоридаги гапи ўша оқшом ЎзМТРК эфирида «сайқалланиб» узатилган нутқда йўқ эди.

Мен “Ҳуқуқ ва бурч”да кўтарилган мавзу асосида “Давр” информацион дастурига анонс тариқасида лавҳалар тайёрлаб беришга ҳам ўзлаштириб олгандим. “Давр” бош муҳаррири Фурқат Зокиров ўз дастурига ҳуқуқий мавзуда лавҳалар етмаслигини айтиб, мен тайёрлаган лавҳаларни доим жон деб дастурга киритар, мени янги лавҳалар олиб келишга ташвиқ этарди. “Ҳеч ким ўз кўрсатувини сиз каби тарғиб қилишга қизиқмайди” деганди Фурқат ака. Мен эса анонс қилишни Туркия хусусий телеканалларидан ўргангандим.

“Давр”даги лавҳаларим учун гонорар олмасдим. Лекин, жуда кўпчилик кўрадиган дастурда ўз кўрсатувимни реклама қилардим.

Олий ўқув юртлари талабалари жамиятнинг энг фаол аъзолари саналади. Дунё миқёсида олиб қарасак, айнан талабалар ҳукуматларни у ёки бу ишларни қилишга мажбур қиладиган акциялар уюштиришади. Лекин, биздаги талабалар ҳаракати 1991 йил талабалар шаҳарчасидаги машъум воқеалардан кейин бутунлай тугатилган.

1999 йил 5 декабрда Олий Мажлисга сайловлар ўтказилиши керак эди. Кўрсатувимни сайлов ва сайланиш ҳуқуқига бағишладим. Кўрсатувга қўшиш мақсадида қисқа лавҳа тайёрлаш учун Тошкент Давлат иқтисодиёт университетига суратга олиш гуруҳим билан бордим.

Бўлажак сайлов ҳақида талабалар билан гаплашмоқчи бўлсам, улар камерани кўриши билан қочиб кета бошлашди. Шу тариқа, кўрсатув мавзуини жамият аъзоларининг ижтимоий фаоллигига буриб юбордим. Аслида, университет талабалари жамиятнинг илғор қисми бўлиши керак. Кўрсатувда уларнинг ижтимоий сустлиги ва атрофда бўлаётган ҳодисаларга бефарқлигини очиб ташладим.

Бу ҳақда “Давр”га лавҳа тайёрлаб бердим. Октябр оқшоми танқидий лавҳам "Давр"нинг соат 19 ва 22 даги сонларида кўрсатилди. Лавҳа охирида бошловчи бу мавзудаги "Ҳуқуқ ва бурч" кўрсатувини томошабинлар эртанги куни кўришлари мумкинлигини эълон қилди.

Эртасига эрталаб телевидениедан кўрсатувим режиссёри телефон қилиб, иқтисодиёт университети ректори ЎзМТРК раҳбариятига телефон қилгани ва кўрсатув эфирдан олиб ташланганини айтди. Роса жаҳлим чиқиб, бир ярим ойча телевидениега бормай қўйдим. Лекин, Конституция кунидан олдин телевидениедан бошлиқлар қўнғироқ қилиб, “кўрсатув кейинги ҳафтага эфирга қўйилди, душанба куни съёмкага келинг” деб чақиришган.

Воқеадан бир неча кун ўтгач, "Ёшлар" телеканалида иқтисодиёт университети талабалари қанчалик билимга чанқоқ эканлиги ҳақида ижобий лавҳа намойиш қилинди. Лавҳа, албатта, буюртма асосида ташкил қилинганди. Халқ солиқлари ҳисобига кун кўрадиган МТРК ўзига ажратилган пулни танқиддан қўрқадиган кимларнингдир шахсий имижини яхшилашга сарфлади.

Цензурани тубдан йўқ қилиб, журналистлар ҳуқуқ ва хавфсизлиги том маънода таъминланмас экан, ҳали яна анча президент "жаннатдан хабарлар"ни танқид қилишига гувоҳ бўлишимиз турган гап.

“Ҳуқуқ ва бурч” номига томошабинлардан жуда кўп хат келарди. Телевидениенинг хатлар бўлими ходимлари мени яхши таниб қолишганди. Борсам, тахлам-тахлам хатларни қўлимга тутқазишарди. Уларда, асосан, милиция, прокуратура, тергов ва суд фаолияти танқид қилинар, томошабинлар мендан ёрдам кутишарди. Шунинг учун, кўрсатувнинг анча сонини мутахассис ҳуқуқчилар иштирокида хатларга жавоб беришга бағишлаганман.

Хатлар бўлимида менга тўртта каналдаги телекўрсатувлар рейтинги ўлчангани, унда “Ҳуқуқ ва бурч” тўртинчи ўринни олганини айтишганда хурсанд бўлиб, меҳнатимдан қониқиш ҳосил қилганман. Лекин, рейтинглар қандай ўлчанганини ҳалигача билмайман. Чунки, ЎзМТРК давлат тасарруфида бўлгани учун “рейтинг” деган нарсанинг ўзи йўқ, уни ўлчашнинг ҳожати ҳам йўқ. Балки, ижтимоий сўров ўтказилгандир.

2000-йиллар бошларида мамлакатимизда жиноятга жазо тайинлаш масаласи аҳоли ўртасида норозиликларга сабаб бўлаётганди. Айниқса, ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятларга ва, хусусан, ёшларга қилмишига номутаносиб оғир жазо тайинлаш кенг тарқалганди. 

Масалан, битта хўроз ўғирлагани учун бир йилга озодликдан маҳрум қилинган  16 ёшга тўлмаган ўспирин билан қамоқхонадан тайёрланган интервьюни эфирга узатганман. Битта маҳкумни бир йил қамоқда сақлаш неча пулга тушишини биласизми?! Табиий-ки, бундай суд ҳукмларидан ҳам кимлардир манфаат кўради.

Юқоридаги мавзуларда “Қамоқ афзалми ёки жарима” деб номланган туркум кўрсатувлар тайёрладим. Қамоқхоналарга бориб, у ердаги вояга етмаган маҳкумлар ва аёллар билан суҳбатлашиб, эфирга узатдим. Студияда кўрсатувни ёзиб олишда қатнашган қамалиб чиққан тадбиркор аёл Клара Шодмонова ҳақиқат излаб, тополмаганини ҳикоя қилиб берди.

ЎзМТРКда президент бирорта журналист билан юзма-юз учрашиб, интервью берганини эслай олмайман. Шундай бўлса-да, кўрсатувларим халққа манзур бўлгач, хатларда ёзилган ҳуқуқий муаммолар ҳақида Ислом Каримов билан суҳбатлашгим келиб қолган. Буни бошлиқларга айтсам “ҳай-ҳай, сал секинроқ юринг” деб, шаштимни пасайтиришган.

(давоми бор)

(*2017 йил, май, жузъий қўшимчалар киритилди)

Давлат монополияси остидаги телевидение (1-қисм)

Давлат монополияси остидаги телевидение (2-қисм)

Видео илова:

Тошкент Давлат иқтисодиёт университети талабиларининг ижтимоий сустлиги ҳақида "Давр"да кўрсатилган лавҳамни қуйидаги линкдан томоша қилишингиз мумкин:


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.