Давлат монополияси остидаги телевидение (4-қисм)

Давлат монополияси остидаги телевидение (4-қисм)

ЎзМТРК ҳақидаги мақолаларимнинг ўтган қисмида президент сафарлари ҳақидаги информацион ва махсус кўрсатувлар Президент девонидан келган масъул ходимлар иштироки ва назорати остида тайёрланишини айтиб ўтгандим.* Бошқа қандай сўз билан атамайлик, бу матбуот тилида “цензура” деб аталади. Уни қаранг-ки, ўтган икки ҳафта вақт ичида МТРКда катта ўзгаришлар рўй берди. ТВ ривожланишига ғов бўлиб турган кишилар ўз лавозимларидан олиб ташланди.

Не ажаб-ки, уларнинг ўрнига ана шундай “ғовлар” ривожланишига миқ этмай ҳисса қўшган шахслар келтирилди. (Бу ерда гап 2017 йил апрел – май ойлари ҳақида кетяпти. Ўша йил феврал ойида МТРК раиси Алишер Хўжаев ишдан олинган, лекин ярим йилча ўтиб, яна лавозимига қайтарилганди).

Масалан, Хайрулла Нуриддинов раис ўринбосари лавозимига тайинланди. Ундан ташқари, Халқаро пресс-клуб нодавлат ташкилоти Адлия вазирлигида осонгина рўйхатдан ўтиб, яна бир “ахборотчи” – Шерзод Қудратхўжаев унга раиси бўлибди. Бу икки шахс ҳам ТВда ўрнатилган цензура қандай амалга оширилишини жуда яхши билишади.

2017 йили “БиБиСи” радиосига интервью берган Ш. Қудратхўжаев “Ўзбекистонда цензура йўқ” деб, баралла айтди. Ҳаммадан қизиғи, журналистларни президентнинг “ўнг қўли” бўлишга чақирди! Бу – журналистлар ҳукуматга хизмат қилиши ва ҳукуматни танқид қилмаслиги шарт дегани-ку?! Бундай даъватни, агар Ўзбекистон бирорта ташқи агрессорга қарши уруш олиб бораётган бўлсагина, бир нави оқлаш мумкин, холос. Чунки, уруш пайтида ҳамма бир тан, бир жон бўлиши зарур. (Изоҳ: А. Қудратхўжаев кейинчалик жонли эфирлардаги дадил чиқишлари ва давлат тилини ҳимоя қилиши билан ҳам танилди).

Пресс-клуб раиси журналистларни ҳукумат тарафини олишга даъват қилаётганлиги журналистлар учун “Ўзбекистон матбуотида ҳамма нарса “эски ҳаммом, эски тос”лигича қолаверади, қадамингизни ўлчаб босинг” деган англамга келади.

Кўпчиликка маълумки, Америка Қўшма Штатлари суди томонидан банкларда марҳум президентнинг қизи Гулнора Каримовага тегишли деб топилган салкам бир миллиард доллар пул пора сифатида олинган деб топилиб, музлатиб қўйилган. Бундай катта миқдордаги пулни Ўзбекистон ҳукумати ҳам қайтариб олишга даъвогарлик қилаяпти. Бироқ, Ўзбекистондаги “цензура мавжуд бўлмаган” ЎзМТРК дохил ҳамма матбуот органлари учун бу мавзу “теша тегмаган” мавзулигича қолмоқда.

Жаноб Қудратхўжаев ҳам бу мавзуда ўзига берилган саволга очиқ жавоб беришдан ўзини олиб қочди. Аввалига “мен Каримованинг матбуот котиби эмасман” деб, “отмазка” қилишга уринди. Кейин эса Ўзбекистон манфаати йўлида сарфланиши мумкин бўлган жуда катта маблағ ҳақидаги долзарб масалани “сариқ матбуот шуғулланадиган мавзу” деб атади. 

Худо кўрсатмасин, агар АҚШ суди шунча пулни Ўзбекистон ҳукуматига беришни рад қилиб, Америка бюджетига ўтказиб юборса, буни ҳам “сариқ матбуотга тегишли” деб, халққа билдиришмайдими?

Ш. Қудратхўжаев интервьюсини видео блогимда атрофлича шарҳлаганим учун ортиқча тўхтаб ўтирмайман. (Видеоблогимни мақола сўнггида келтирилган линкдан кўришингиз мумкин).

Энди Хайрулла Нуриддиновга келсак.

Мен Хайруллани телевидениеда “Ҳуқуқ ва бурч” кўрсатувини тайёрлаган пайтларимдан биламан. У дастлаб “Давр” информацион дастурида мухбирлик қилган, кейин “Давр ҳафта ичида” таҳлилий дастурини олиб борган. Кўз кўзга тушганда салом алик қилиб турардик.

Хайрулла марҳум президент диққатини ўзига тортганидан кейин, ҳукумат бошлиғи сафарларига йўлдошлик қилди, сафарлар ҳақидаги лавҳалар унинг номидан эфирга кетди. Ҳолбуки, Хайруллага монтаж пайтида президент девонидан келган кишилар “яқиндан ёрдам бергани”ни у жуда яхши билади. Агар, “Хайрулла президент сафарлари ҳақидаги бирорта репортажини ҳеч қандай аралашувсиз тайёрламаган” десам, ҳеч хато қилмайман. Яъни, у цензура ҳар доим мавжуд бўлганини ва қандай амалга оширилганини жуда яхши билади.

2001 йили 1 августдан бошлаб Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида виза муносабатлари ўрнатилгач, мамлакатимизнинг қўшни давлат ҳудуди ичида жойлашган туманларига бориб келиш жуда қийинлашиб кетди. Қўшни давлат чегарачилари ва милиция ходимлари йўлларга пакка қуриб олиб, ўтган-кетган ўзбекистонликлар автомобилларини асоссиз тўхтатиб, пора олиши, бермаганларни эса дўппослаши ҳолатлари мисли кўрилмаган даражага етди.

У пайтлар мен Американинг “Интерньюс” журналистик ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонаси билан ҳамкорлик қилардим. Ташкилот нодавлат телевидение ходимлари малакасини ошириш ва хусусий ТВлар моддий-техникавий базасини мустаҳкамлашга ёрдам берарди. Цензура ва мустақил журналистика муаммолари мавзуларидаги чиқишлари билан халқаро кўламда танилган Карим Баҳриев ҳам “Интерньюс”да ҳуқуқшунос лавозимида ишларди. 

"Internews" вилоятлардаги хусусий телеканаллар учун ҳафталик информацион дастур ҳам тайёрлаб берарди. Аммо, вилоятларда ҳам цензура амал қилаётганлиги сабабли, дастурни атиги бир неча дадил маҳаллий телеканал эфирга узатарди, холос.

Чегараларда юзага келган вазиятни таҳлил қилиш мақсадида ана шу ҳафталик дастурга лавҳа тайёрлаш ниятимни ташкилот бошлиқларига айтгандим, улар менга тегишли ҳамма шароитни муҳайё қилиб беришди. Оператор укамиз билан “Шоҳимардон, қайдасан?” деб йўлга чиқдик. Водилдаги чегара постига етиб келганимизда мени таниган ва видеокамерамизни кўрган ўзбек чегарачи “ака, сизларни ҳозир ўтказиб юбораман, лекин қирғиз томони ўтказмайди, барибир қайтиб келасизлар” деди.

Таваккал қилдик. Чегарачининг айтгани бўлди. Қирғиз томони камерамизни кўриб, “ўтказмаймиз, йўлда стратегик объектлар бор (баҳонасини қаранг!), суратга олиш мумкин эмас” деб, туриб олди. “Ўзбек ҳудуди бўлган Шоҳимардонга кетяпмиз, лавҳа тайёрларимиз керак” деган гапимизни эшитиб, серрайиб тураверишди.

Тарвузимиз қўлтиғимиздан тушиб, ўзимизникилар томонга “чекиндик”. Яна чегарачиларимиз жонимизга оро кириб, туман ҳокими билан гаплашишни маслаҳат беришди. Ҳоким бизни яхши кутиб олди. Мени таниб, мақсадимни сўраганди, “Ҳуқуқ ва бурч” кўрсатувим учун лавҳа тайёрлагани кетяпман”, деб бироз ёлғон аралаштиришга мажбур бўлдим. Туман ҳокими “майли, ёрдам бераман” деб, қирғиз томони ҳокимига телефон орқали боғланди. Ахийри, давлатимиздан ажратиб қўйилган ўзбек тупроқларига қадам қўйишга рухсат олдик!

Агар ҳоким халқаро ташкилотдан келганимни билса эди, “Тошкентга яхши етиб олинглар” деб, хайр-маъзурни ҳам насия қилган бўларди.

Кейинчалик Шоҳимардонда тасвирга туширилган кадр ва интервьюлардан нафақат “Интерньюс”, балки ўз кўрсатувим ва “Давр” ҳафталик таҳлилий дастурлари учун лавҳа тайёрлашда ҳам фойдаландим. “Оролда қолган ўзбеклар” номли салкам бир саҳифалик мақолам “Моҳият” газетасида эълон қилинди. Бир ўқ билан тўртта ўлжани урган эканман!

Хуллас, халқаро алоқалар мавзусида шунча қийналиб тайёрлаган лавҳам нари борса уч-тўртта маҳаллий телеканалда кўрсатиш билан чекланиб қолишига рози эмасдим. Бунинг устига, асосан арзон Хитой моллари олиб келиш учун Ўш бозорига борган ўзбекистонликларни қирғиз милиционерлари қароқчидек тунашаётгани, дўппослашаётгани ҳақида ҳамма биларди. 

Хатто, ўз акам ўқув йили бошланишидан олдин “озгина арзонроқ олай” деб Ўшга бозорлик қилишга борса, милиция ходимлари ҳеч қандай асоссиз ушлаб, хонасига олиб кириб, роса асабига тегишган, “пул бермасанг анави токчадаги диний экстремистик китоблар сендан чиқди деб акт тузиб, қаматиб юборамиз” деб қўрқитишган, бошқа бир юртдошимизни акамнинг кўзи олдиги дўппослашган экан.

Юқоридаги сабаблар билан, “Интерньюс”дагиларга суратга туширилган кадрларни ЎзМТРКда ҳам фойдаланиш ниятим борлиги айтгандим, “бемалол”, деб рухсат беришди. Шундай қилиб, тасвирлардан “Ҳуқуқ ва бурч”да фойдаландим. Мавзу жудаям долзарблиги учун “Давр”га анонс қилиш ўрнига “Давр ҳафта ичида”га лавҳа тайёрлаш фикри пайдо бўлди. Лекин, бу мавзуни ЎзМТРК экранига осонгина олиб чиқиш мумкин эмасди.

Уни қарангки, худди ўша пайтлар Россия оммавий ахборот воситаларида русларнинг Шоҳимардонга ўхшаган муаммоси кенг ёритила бошланди. Маълумки, Калининград вилояти билан Россия ўртасида Литва жойлашганлиги учун Калининград “анклав” бўлиб қолган. Янаям аниқроқ айтсак, Литва учун “анклав”, Россия учун “эксклав” бўлади.

1999 йили Литва Оврўпа Иттифоқига аъзо бўлгач, россияликларнинг Калининградга эркин бориб-келишларида катта муаммолар юзага келди. Мен шу вазиятни Шоҳимардон муаммосини кўтариш билан боғладим. Хайрулла Нуриддиновга бу ҳақда айтгандим, “бўпти, лавҳани тайёрлаб беринг”, деди. Беш дақиқалик материал тайёрлаб бердим. Лекин, эфирга ярми узатилди, холос.

Ҳафталик таҳлилий дастурда халқаро муносабатларга оид муаммони шарҳлаш учун нега Маданият институти проректорини таклиф қилганини Хайрулланинг ўзи билади. Шарҳловчи эса асосан Қозоғистон билан муносабатларга ва Тошкентни Жиззах билан боғловчи ҳамда катта қисми Қозоғистон ичидан ўтадиган магистрал йўл очиқлигига тўхталди. Билсангиз керак, бу йўл 2003 йили тақа-тақ ёпиб қўйилди.

Мен бирор киши фаолиятидаги салбий томонларни кўрсатиш мақсадида шахсий ҳаётидаги воқеаларни байроқ қилиб кўтариб чиқиш тарафдори эмасман. Ўзи кўрсатувларни цензура қилиш билан шуғулланган кишига ЎзМТРКни янги босқичга олиб чиқишига қанчалик ишониш мумкин?

Хуллас, шундай оғир цензура остида ҳаддан ташқари ёвуз бўлган жазо тизимини танқид қиладиган туркум кўрсатувлар яратишга қарор қилдим.  “Ҳуқуқ ва бурч”нинг студияда ёзиб олинадиган сирадаги сонига судья, прокурор, адвокат ва ҳуқуқчини таклиф қилдим. Юридик институт талабалари томошабин бўлишди. Суҳбат чоғида катта экранда намойиш қилиш учун олдиндан болалар тарбия колониясига бориб, арзимаган жиноятлари учун қамалган вояга етмаганлардан интервьюлар олдим.

Кўрсатув ёзиб олинишидан олдин “Ёшлар” телеканали бош муҳаррири Абдуазим Алимов ҳаяжонланиб етиб келди. У кишини кўрсатувим муҳаррири ўлароқ титрларга ёзардим, лекин бирор марта кўрсатув матнини кўздан кечириб берган эмас.

Алимов менга “Бу кўрсатув нима ҳақида бўлади? Кимлар қатнашади? Нега менга бундай мавзуни кўтаришингизни айтмадингиз? Кимдан рухсат олдингиз?” каби саволлар берди. Жуда ташвишланаётгани шундоқ билиниб турарди. Қисқача тушунтириб бергандим, “бўпти, кўрамиз” деб кетиб қолди. Шунга қарамай, кўрсатув эфирга узатилди ва катта шов-шувга сабаб бўлди.

Тошкент Давлат юридик институти кафедра мудири Гулчеҳра Маткаримова кўрсатувларимда ўзининг дадил фикрлари билан фаол қатнашарди. Уни ҳам студияда ёзиб олинадиган баҳсли кўрсатувлардан бирига таклиф қилгандим “турмуш ўртоғим Исфандиёрнинг бу масалада айтадиган фикрлари бор, уни ҳам кўрсатувга чақирсангиз”, деди. “Бўпти, айтинг, келсин” дедим. Соддалик қилганлигим кейин маълум бўлди.

(давоми бор)

*2017 йил, май. Айрим қўшимчалар билан.

Давлат монополияси остидаги телевидение (1-қисм)

Давлат монополияси остидаги телевидение (2-қисм)

Давлат монополияси остидаги телевидение (3-қисм)

Видео иловалар:

1) “Давр ҳафта ичида” ҳафталик дастурида Шоҳирмардон муаммосига бағишланган лавҳа (20-дақиқадан кейин бошланади): 

2) Шерзод Қудратхўжаевнинг БиБиСига берган суҳбатига менинг видео шарҳим: 


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.