Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Давлат монополияси остидаги телевидение (сўнгги 6-қисм)
30.05.2020 23:21,  
1192

Мен мақоламнинг бу қисмида Ўзбекистон телевидениесида кўрсатув тайёрлаб, эфирга узатиш ва турли даражадаги мансабдор шахслардан интервью олиш борасидаги ақл бовар қилмас қийинчиликлар ҳақида ҳикоя қилмоқчи эдим.* Лекин, яқинда (2017 йил, май ойида) президент Шавкат Мирзиёев телевидение ишини давр талабларига мос равишда кўриб чиқиш учун махсус комиссия тузганлиги ҳақидаги хабарлар режамни ўзгартириб юборди. Бугун ЎзМТРК фаолиятини тубдан ислоҳ қилиб, қайта қуриш зарурияти масаласига тўхталмоқчиман.

Юқоридаги комиссия халқ фикрини ўрганиш мақсадида онлайн сўров эълон қилибди. Аввалига, миллий телерадиокомпания ҳақидаги сўров давлат тилида эмас, балки чет тилда эълон қилингани кўпчилик қаторида мени ҳам ташвишга солиб қўйди. Чунки, халқимизда “шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди” деган доно нақл бор. Бу эътиборга лойиқ муаммо, чунки ўтган ярим йил мобайнида ЎзМТРК каналларида рус тилида филмлар намойиши кескин равишда кўпайибди.

Комиссия нималар қилмоқчи? ЎзМТРК ишини давр талаблари асосида бутунлай қайта қуриш зарурлигини президентга етказмоқчими? Ёки, у ёқ – бу ёғини озгина пардозлаб, “ишлар битди” деб, рапорт бермоқчими? Умуман, комиссия таркибида неча киши бор? Аъзолари кимлар? Нега отлари маълум қилинмаяпти? Бевосита журналистикага оид кишиларми ёки қўлига қалам олиб, ёзганларини матбуотда эълон қилганларми? Комиссия аъзолари ҳаракатлари рамка ичига солиниб, чегаралаб қўйилганми ёки бутунлай эркинликка эгами? Бизга ўхшаган телевидение соҳасида озми-кўпми тажрибага эга журналистларнинг фикрига ҳам қулоқ солишадими?

Юқоридаги каби саволларнинг жавоби комиссия иши қандай якунланишида жуда катта аҳамиятга эга. Мана, орадан уч йил ўтиб, 2020 йилдамиз. Лекин, мен комиссия иши қандай хулоса билан якунланганини эшитганим йўқ.

Мен ЎзМТРК ишини бутунлай қайта қуриш ва хусусийлаштириш тарафдориман. Бу ишга жуда кенг қамровли (комплекс) ёндашиш зарур. Чунки:

– биринчидан, буни фан ва техника тараққиёти талаб қиляпти;

– иккинчидан, иқтисодиёти ўрта ва юқори даражада бўлган мамлакатларда интернет жуда ривожланиб кетганлигини эътибордан четда қолдириб бўлмайди;

– учинчидан, интернет тезлиги етарли ва тез бўлган давлатларда кўпчилик томошабинлар, айниқса – ёшлар телекўрсатувларни ёнларида олиб юрган уяли телефонлар, таблетлар ва компьютерда кўриши даражаси жадал суръатлар билан ортиб бормоқда;

– тўртинчидан, телекўрсатувларни интернетда томоша қилиш имконияти кенгайганлиги сабабли кабел ва сунъий йўлдош телевидениелари йил сайин абонентларини йўқотмоқда;

– бешинчидан, давр ва ўзгараётган талабларга мослашаётган телевидениелар ўз кўрсатувларини интернетда ҳар ким ўзи хоҳлаган пайтда кўриш имкониятини бермоқда;

– олтинчидан, телереклама берувчилар аллақачон маблағларининг катта қисмини интернетга сарфлашяпти;

– еттинчидан, қоғозга босиб чиқариладиган газета ва журналлар сони ва тиражи тобора камайиб, интернетга ўтказиляпти, ва ҳ.к.

Хўш, юқоридаги масалаларда Ўзбекистондаги аҳвол қанақа? Тўғрисини айтсак, бизда юқорида келтирилган ҳолатларнинг кўпчилигини амалда қўллаб бўлмайди. Бунинг энг асосий сабаби – телевидениенинг давлат ҳисобидан молиялаштирилиши. Яъни, ЎзМТРК бозор иқтисодиёти қоидаларига тобеъ эмас, Ўзбекистон ҳалигача Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га аъзо бўлиб кирмаган.

Бунинг устига, 2017 йилдаги ҳолатга кўра, Ўзбекистон умужаҳон муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Вена Конвенциясига (ВК, 1951 йили қабул қилинган) қўшилган эмас, 2005 йили конвенцияни кузатувчи сифатида имзолаганди, холос. Натижада, ЎзМТРК орқали жуда кўп чет эл филмлари қароқчилик йўли билан, кўрсатиш ҳуқуқи муаллифларидан сотиб олинмай, бемалол намойиш қилиняпти.

1998 йили бир олмониялик меҳмон МТРК каналларидан бирида блокбастер “Титаник” бадиий фильми намойиш этилганини кўриб, “сизларнинг телевидениенгиз жуда бой экан, шундай қиммат ва янги фильмни сотиб олиб, кўрсатишга қодир экан” деб хайрон бўлганди. У “бечора” бизда кинолар қароқчилик йўли билан кўрсатилишини қаердан билсин?!

Собиқ шўро республикаларидан фақатгина Ўзбекистон ва Туркманистон Вена Конвенциясига қўшилмаганди. Бунинг оқибатида халқимиз дунёдаги жуда кўп мамлакатларда миллий тилларда намойиш қилинаётган машҳур кўрсатувларни ўзбек бошловчи ва қатнашувчилар билан ўзбекча вариантини кўриш ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Уларнинг ўрнига маҳаллийлаштирилган беўхшов “акс кўрсатувлар” эфирга узатилмоқда.

Жуда кўп давлатларда “Ким миллионер бўлишни истайди?” – “Who wants to be a millioner?”, “Буюк Британия иқтидорини топди” – “Britain has got talent”, “Овоз” – “Voice” каби кўрсатувлар ҳуқуқи сотиб олинган ва миллий тиллардаги варианти намойиш қилинади.

ЎзМТРКда кўрсатувларни қанча одам томоша қилаяпти, қайси кўрсатувлар кўпроқ, қайсилари эса озроқ қизиқишга сабаб бўлаётганининг ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Чунки, телевизион маҳсулот қандай бўлишидан қатъи назар, пулини давлат тўлаб қўйган (аслида – халқ пули!) Биров кўрадими, кўрмайдими – барибир. Ҳукумат мафкурасига хизмат қилса бас. Рейтинглар ўлчанмайди. Бутун бошли давлат телевидениеси каналлари йигирма беш йил мобайнида амалда битта одамнинг кўнглига қараб фаолият олиб боргани инкор қилиб бўлмайдиган фактдир.

Томошабинлар нафақат кўрсатув кўришади, балки маълум бир кўрсатувни ким олиб бораётганига қараб ҳам танлашади. Агар рейтинглар ўлчанса, унда қайси кўрсатув ва бошловчи баландроқ рейтингга эга эканлиги аниқланади. Улар янада кўпроқ ва қимматроқ нархда реклама олишади. Киримлар ҳам шунга қараб бўлади. Шунда ТВлар бошловчиларни чиройига ёки кимнинг “эркаси” эканлигига қараб эмас, балки ақлига ва томошабинлар қанчалик ёқтиришига қараб ишга олишади. Агар кўрсатув рейтингги паст бўлса, у зарар келтиради ва баҳридан ўтилади. Жаҳон хусусий ТВлари тажрибаси бу!

Муаллифлик кўрсатувларига на ТВ эгаси ва, на да бошқа бирор давлат ходимининг аралашиши мумкин эмас. Ана ўшанда Ўзбекистон Конституцияси ва “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонуннинг цензурага йўл қўйилмаслиги ҳақидаги моддалари ижроси таъминланади. Ҳозирча, бу моддалар халқаро ташкилотларга мақтаниш учун хўжакўрсинга турибди, холос. Бу ҳолат менга бошини қумга тиқиб олиб “атрофда ҳеч нарса бўлмаяпти” деган туяқушни эслатади.

ЎзМТРКда яқин йилларгача футбол бўйича жаҳон чемпионати ўйинларини кўрсатиш ҳуқуқи сотиб олинмасди. Лекин, ўйинлар бемалол жонли олиб кўрсатиларди! Бунинг учун, сунъий йўлдошдан шифрланиб келадиган сигналлар қилни қирқ ёрадиган мутахассислар томонидан “синдириларди”. Кейин эса, битта чет эл каналидан тасвир, бошқасидан эса овоз ва шовқин олинарди. Бизнинг шарҳловчиларимиз иссиққина студияда ўтирволиб, ўйинларни шарҳлашган. Орада эса реклама кўрсатилиб, пул ҳам ишланган.

Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш ва Вена Конвенциясини имзолаш валюта бозорининг эркинлашувига олиб келади. Бу дегани – истаган юридик шахс ва телеканаллар, агар кучи етса – чет эллардан истаган маҳсулотини, шу жумладан, телевизион ва санъат маҳсулотларини бемалол сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади, дегани. Бунинг учун, телевидение давлат монополиясидан чиқарилиши ҳамда ЖСТ ва ВК имзоланиши шарт.

“Телевидение ва радио эшиттириш тўғрисида” қонун қабул қилиш вақти аллақачон етиб келган. Қонунда, хусусан, миллий қадриятларга тўғри келмайдиган ёки балоғатга етмаганлар учун мўлжалланмаган кўрсатувларни қайси вақтда ва қандай тарзда эфирга узатиш масаласи белгиланиши зарур.

2017 йил май ойи ҳолатига кўра, ЎзМТРК тасарруфида, адашмасам, ўн иккита телеканал бор эди. Булардан ташқари, вилоятлар ва Қорақалпоғистон телевидениеси ҳам давлат (аслида – халқ) томонидан молиялаштирилади. Мамлакат миқёсида бир кеча-кундузда эфирга узатиладиган жами кўрсатувларда ЎзМТРКнинг салмоғи, менимча 80-90 фоизга яқинни ташкил қилади. Бу ҳолат “Монополияга қарши кураш тўғрисида”ги қонун қўпол равишда бузилаётганини кўрсатади.

Шундай бўлишига қарамай, асосий вазифаси мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш бўлган Бош прокуратура бу масалага ҳеч қачон қонуний баҳо бермаган (ва, бериши ҳам кутилмаяпти).

Телевидение жуда катта маблағ талаб қиладиган соҳа бўлганлиги учун дунёдаги аксарият мамлакатлар битта ёки бир нечта давлат телеканалига эга бўлиш билан чекланишади.

Айрим давлатларда, хусусан Америка Қўшма Штатларида, давлат телевидениеси деган тушунчанинг ўзи йўқ – ҳамма ТВлар хусусийдир. NBC, CBS, ABC, FOX каби асосий телеканаллар мамлакат бўйлаб очиқ эфирга узатилади. Яна, очиқ эфирда томошабинлар ҳомийлиги билан фаолият юритадиган битта “PBS” жамоат телевидениеси ҳам бор. Бу каналларнинг ҳаммасини Канада аҳолининг қарийб 80 фоизи ҳам кўриш имконига эга.

Айтганча, мен яшаётган Канада аҳолиси сони Ўзбекистонникига яқин бўлиб, бу ерда жаъми 36 миллиондан ортиқ киши яшайди. Шу жиҳатдан икки давлатни солиштириш мантиқли бўлади, деб ўйлайман.

“Википедия” веб-сайтига кўра, 2019 йили Канаданинг бир йиллик ялпи миллий даромади 1,74 триллион АҚШ долларига тенг бўлган. Ўзбекистонда эса бу рақам салкам 60,5 миллиард доллар бўлиб, Шимолий Америка давлатидан 28 баравар камдир.

Шунчалик бой бўлишига қарамай, Канадада давлатга қарашли атиги битта “СВС” жамоат телевидениеси (Canadian Broadcasting Company – Канада Телевидение ва Радиоэшиттириш Компанияси) бор, холос. “СВС” мамлакатнинг барча провинция ва йирик шаҳарларида маҳаллий студияларига эга.

CTV, Global TV, CityTV, OMNI TV ва TVO мамлакатнинг энг йирик шаҳри Торонтодаги хусусий телевидениелар қаторига киради. Асосий телевидениелар турли-туман соҳаларга ихтисослашган пуллик пакет каналларига эга. Бундан ташқари, кўплаб минтақавий ва маҳаллий хусусий ТВлар мавжуд.

Шуни алоҳида таъкидлаш зарур-ки, Канада телевидениелари АҚШ билан кучли рақобат остида фаолият кўрсатади ва бу борада жанубдаги қўшнининг қўли, албатта, баланд келмоқда. Шунинг учун, Американинг кўпгина дастурлари Канада каналларида бир вақтнинг ўзида намойиш қилинади. Канадада жамоат телевидениеси мавжудлиги эса халқ маблағи ҳисобига миллий кўрсатув ва филмлар яратиш имконини беради. Бу эса миллийликни сақлаб қолишга хизмат қилиб, “америкалилаштириш” тарғиботига ҳозирча бир нави қаршилик кўрсатиб турибди.

Шу ўринда, ЎзМТРК тўлқинлари барча қўшни давлатларнинг анча-мунча ҳудудларига бемалол етиб боришини таъкидлаш жоиз. Хусусан, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон аҳолисининг тахминан учдан бир қисми Тошкентдан узатилаётган кўрсатувларни очиқ эфир орқали қабул қилиш имконига эга. Бундан ташқари, Афғонистон шимолида яшовчи бир неча миллион ўзбек ҳам ЎзМТРКни кузатиб боришади.

2000-йиллар бошларида Тожикистон президенти мамлакат шимолига бориб, ўқувчилар билан суҳбатлашган. Ўқувчилар мамлакат президенти Ислом Каримов эканини айтишганида қиёмат қойим бўлишига бир баҳя қолган экан. Тезлик билан Ўзбекистонга яқин ҳудудларда тожик телеканаллари учун ретрансляторлар ўрнатилган. Буни менга тожикистонлик журналист Нуриддин Қаршибоев айтиб берганди.

2010 йилги ўзбеклар қирғинидан кейин, Қирғизистон ҳукумати мамлакат жануби аҳолиси Ўзбекистоннинг информацион таъсири остидалигидан қаттиқ ташвишга тушиб, бунга қарши кескин чора-тадбирлар олган. Натижада, Ўшда ўзбек тилида фаолият олиб борган хусусий телевидениелар деярли тўлиқ қирғизчага ўтказилган.

Ўзбекистонда Ўрусия телеканаллари информацион ҳудуди устунликка эга эканлиги ҳукуматни ташвишга солмаяпти. Бу эса ўз она-юрти эмас, балки чет давлатдаги сиёсий, иқтисодий ва маданий аҳволдан яхшироқ хабардор бўлган аҳоли қатламини яратган. Ҳар йили бир неча соатли жонли эфирда аҳоли саволларига жавоб бераётган Ўрусия президенти Владимир Путиннинг обрўси баландлиги, аслида, Ўзбекистон эркинлигига таҳдид солади. Ҳолбуки, демократик давлатлар аҳолиси Путинни агрессор ва диктатурага асосланган давлат бошлиғи ўлароқ танийди.

Ҳар бир миллат тилида турли шевалар мавжуд бўлиб, қатъий қоидага асосланган адабий тил уларни бирлаштиради. Адабий тил камситилган ерда миллат тили таназзулга юз тутиб, маҳаллийчилик шаклланади. Бу, ўз сирасида, миллат ва давлатчилик парчаланиб, йўқолишига қадар олиб келиши мумкин.

Афсуски, МТРКда сўнгги йилларда адабий тил қоидалари писанд қилинмаяпти. Кўрсатувларда қатнашган кишиларни қўятуринг, бошловчиларнинг ўзлари шевада бемалол гапиришяпти. Худди, телевидение отасидан қолган томорқа каби!

Олдинги президентнинг ЎзМТРКни тўлиқ ўзини-ўзи таъминлашга ўтказиш ҳақидаги бир неча қарори амалда бажарилмай, орқага суриб келинмоқда. Давлат тили ва лотин ёзувига ўтиш тўғрисидаги қонунларни 2005 йили тўлиқ амалга татбиқ қилиш ҳақидаги ҳукумат қарорлари тақдири ҳам шунга ўхшайди. Натижада, давлат тили ўз мавқеини йўқотиб, аҳоли орасида ўрислашиш жараёни тобора кучаймоқда.

Интернет тезлигини ошириш масаласи долзарблигича қолмоқда. Интернетда турли тўсиқлар мавжудлиги ва мегабайтлар қимматлиги кўпчиликнинг тасвирли хабар ва дастурлар кўриш имконини озайтиряпти. Дарвоқе, чироқ тез-тез ўчиб туриши телевидениелар оладиган киримга салбий таъсир қилади. Чунки, бу реклама кўрадиган аҳоли сони камайишига олиб келиб, реклама салмоғи ҳам шунга яраша бўлади. Аҳолини узлуксиз электр билан таъминлаш масаласи йўл-йўлакай ҳал қилиниши шарт.

Ҳозир биринчи навбатда ҳал қилиниши зарур бўлган муаммо, бу – давлат монополияси остидаги ЎзМТРКни хусусийлаштириш. Давлат барибир ўн иккитача ТВ каналидан осонгина воз кечиши қийинлигини назарга олиб, учта телеканални давлат тасарруфида қолдириш мақсадга мувофиқ деб ўйлайман. Биринчи канал – ижтимоий-сиёсий, иккинчи канал – спорт, учинча канал эса маданият мавзулари учун қолса етади. Чунки, спорт ва маданият соҳалари ҳомийликка муҳтож.

Қолган телеканалларнинг ҳаммаси хусусийлаштирилиши зарур. Тошкентдаги телемарказ биносининг бир қисми ҳам хусусий телеканалларга сотилиши керак. Бунинг учун очиқ тендер ўтказиш зарур. Бу ишларни олиб бориш билан бир пайтда Вена Конвенциясини тўлиқ имзолаш (агар қўл қўйилмаган бўлса) ва Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик масалаларини ҳам ҳал қилиш зарурати бор. Зеро, бозор эркинлаштирилмас экан, қолган бирорта иш кутилган самарани бермаслигини ўқимаган одам ҳам англайдиган замондамиз.

Айрим хабарларга кўра, бу йил МТРКга қирқ миллион Америка долларига тенг маблағ ажратилар экан. Учта телеканал давлат қарамоғида қолса, камида 25 миллион доллар тасарруф қилинади. Мазкур маблағни юзлаб ишчи ўринлари яратиб, бошқа соҳалардаги муаммоларни ҳал қилишга сарфлаш мумкин. Бу атиги тўрт йилда 100 миллион доллар дегани!

Ўтган 25 йилда МТРКга сарфланган тахминан бир миллиард долларга тенг пул ҳукуматни тарғиб, норасмий цензурани тадбиқ қилиб, танқидни бўғиш учун эмас, балки иқтисодиётга сарфланганида эди, ҳозир ҳеч бўлмаса 1-1,5 миллион киши чет элга мардикорликка кетмасдан, бола-чақаси ёнида мамлакат тараққиётига ҳисса қўшаётган бўлур эди.

Демак, ЎзМТРКни ислоҳ қилиш масаласи нафақат комиссия хулосасига, балки президент бошчилигидаги ҳукумат жамиятни тубдан ислоҳ қилиш масаласига қай даражада тайёр ва истакли эканлигига боғлиқ.

Ҳозир “ТВ – давр талаби” деган поезд “Тошкент” станциясига яқинлашиб келмоқда. Поезд тўхташига рухсат бериладими? Агар берилмайдиган бўлса, биз “ТВ” поездига минолмаймиз. Бунинг аянчли оқибати ўзини кўп кутдирмайди.

Ташвиш ва таклифларим президент комиссияси ва шахсан Шавкат Мирзиёев эътиборига етиб боради, деб умид қиламан.

*2017 йил, май. Қўшимчалар билан эълон қилинмоқда.

Давлат монополияси остидаги телевидение (1-қисм)

Давлат монополияси остидаги телевидение (2-қисм)

Давлат монополияси остидаги телевидение (3-қисм)

Давлат монополияси остидаги телевидение (4-қисм)

Давлат монополияси остидаги телевидение (5-қисм)

Бахтиёр Шоҳназарнинг “Ҳуқуқ ва бурч” кўрсатувларини муаллифнинг youtube.com веб-сайтидаги каналида кўришингиз мумкин.

Видео илова: “Ҳуқуқ ва бурч”да ўқувчилар Олий Мажлис ва судга саёҳат қилишгани ҳамда томошабинлар хатларига жавоб берилган сонлари.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан