Ўзбекистонда қуролдан назорат тартибида отилганида қанча йиғим ундирилади?

Ўзбекистонда қуролдан назорат тартибида отилганида қанча йиғим ундирилади?

Фото: yandex.com

2020 йилнинг 10 январь куни Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Ўзбекистон Республикаси Давлат ўқ-гильзотекаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 13-сон қарори қабул қилинди.

ИИВ Эксперт-криминалистика бош маркази хабарига кўра, мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси “Қурол тўғрисида”ги Қонунининг 39-моддаси талаблари, хорижий давлатларнинг илғор иш тажрибалари ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш амалиётини ҳисобга олган ҳолда тайёрланган.

Маълумот учун: Ўқ-гильзотека – бу жиноятларни рўйхатга олишдаги криминалистик ҳисоб тури бўлиб, отилган ўқ ва гильзаларни идентификация қилувчи маълумотларни олиш, қайта ишлаш, тўплаш, таҳлил этиш ва мақсадли фойдаланишда ташкилий-функционал тизим вазифасини ўтайди. Ўқ-гильзотека маълумотлар базаси – ўқотар қуроллар ёрдамида содир этилган жиноятларни фош этишда ашёвий далиллар бўйича исботлов базани мустаҳкамлайди.

Мазкур қарор билан қуйидагилар тасдиқланмоқда:

– Ўзбекистон Республикасининг Давлат ўқ-гильзотекасини юритиш тартиби тўғрисидаги низом;

– Ўзбекистон Республикаси Давлат ўқ-гильзотекаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлар дастури;

– Ўзбекистон Республикасининг Давлат ўқ-гильзотекасини моддий-техник таъминлаш чора-тадбирлар дастури;

Ўзбекистон Республикасининг Давлат ўқ-гильзотекасини юритиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ, Давлат ўқ-гильзотекаси ўғирланган сойли стволли ўқотар қуролни қидириш, бир неча жиноятларни содир этишда битта ёки шу нусхадаги сойли стволли ўқотар қурол ишлатилганлиги ҳолатларини аниқлаш ҳамда жиноятни содир этишда фуқаровий ва хизмат, аниқланган, олинган ёки ихтиёрий топширилган сойли стволли ўқотар қуролдан фойдаланилганлиги ҳолатини аниқлаш мақсадида юритилади.

ИИВ Эксперт-криминалистика бош маркази

Таъкидлаш лозимки, фуқаровий ва хизмат ўқотар қуролларининг назорат тартибида отилган ўқ ва гильзаларининг идентификацион белгилари бўйича маълумотлар базасини юритилиши қурол эгалари томонидан ўқотар қуролни қўллаш билан боғлиқ жиноий ҳаракатларни содир этилишини профилактика қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Қарорга мувофиқ, фуқаровий ва хизмат қуроли эгаларидан қуролнинг ҳар бири назорат тартибида отилганида базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми миқдорида йиғим ундирилиши белгиланган.

Тўпланган маблағлар ички ишлар органлари эксперт-криминалистика бўлинмаларининг моддий-техник базасини ривожлантиришга, шу жумладан криминалистик лабораторияларнинг сарфлаш материаллари, ускуналар, жиҳозларини сотиб олишга, шунингдек ЭКБМ ва ҳудудий ЭКБлари лабораторияларига бириктирилган ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ривожлантириш тадбирларига сарфланади.

Бугунги кунда жиноятчиликка қарши кураш амалиётининг замонавий тенденциялари ахборот омилининг муҳимлигини (устунлиги) ҳамда унинг моддий ва энергетик ресурслардан кам эмаслигини кўрсатмоқда.

Шу муносабат билан, республика суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида жиноятчиликка қарши кураш фаолиятига автоматлаштирилган ахборот-қидирув тизимлари жорий этилмоқда.

Республикада давлат ўқ-гильзотекаси фаолиятини йўлга қўйилиши орқали қуйидаги натижаларга эришилади:

– ўқотар қуроллар ёрдамида содир этилган жиноят жойларидан олинган ўқ ва гильзаларни отган қурол ва унинг эгаси ҳақида ахборотни катта ҳажмдаги маълумотлар базасидан топишда юқори тезлик ва аниқлик;

– сифатли тергов ва одил судловни амалга оширишда ўқотар қуроллар тадқиқотлари жараёнида ходимларнинг ортиқча меҳнати ва иш вақтини тежалиши ҳамда инсон омилини камайиши;

– фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, давлат ва жамият манфаатларини ҳимоя қилишда қонунийликни таъминлаш.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат ўқ-гильзотекасини ташкил этиш тартибини белгилаш тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши қуйидаги муаммоларни ҳал этади:

– республикада юридик ва жисмоний шахсларнинг ўқотар қуролларини назорат қилиш ва жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи сойли ўқотар қуролларни рўйхатга олишдаги ҳуқуқий бўшлиқларини тўлдиради;

– Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлиги хизмати, Прокуратура ва суд органларининг фуқаровий ва хизмат қуролларидан содир этилган жиноятларни тергов қилиш фаолиятининг моддий-техник ва исботлов базасини мустаҳкамлайди;

– республика ҳудудида фуқаровий ва хизмат қуроллари эгалари томонидан ўқотар қурол қўллаш билан боғлиқ жиноятларни прогноз қилиш ва уларни содир этилишини олдини олиш бўйича комплекс профилактик чора-тадбирлар ишлаб чиқиш самарадорлигини оширади;

– минтақа ва хорижий давлатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг ўқотар қуролларни ноқонуний қўллаш бўйича трансмиллий жиноятларга қарши курашиш бўйича ҳамкорликдаги даврий ва узоқ муддатга мўлжалланган ҳамда аниқ йўналтирилган режаларининг тўлиқ ва сифатли амалга оширилишини таъминлайди.

Умуман олганда, қарорнинг қабул қилиниши давлат ва жамият мулки ҳамда фуқароларнинг ҳаётига ўқотар қуролларни қўллаш билан боғлиқ бўлган жиноий тажовузлардан муносиб ҳимоя қилишда республика ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг фаолияти механизмини тартибга солувчи муҳим ҳуқуқий асослардан бири бўлиб хизмат қилади.